Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Декабр, 2024   |   11 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:40
Пешин
12:22
Аср
15:13
Шом
16:57
Хуфтон
18:17
Bismillah
12 Декабр, 2024, 11 Жумадул сони, 1446

Аҳмад Шаҳид: “Ўзбекистондаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди”

6.10.2017   5484   1 min.
Аҳмад Шаҳид: “Ўзбекистондаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди”

2017 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.

Муфтий ҳазратлари делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, юртимизда фаолият юритаётган 2042 та масжид, 9 та ўрта-махсус ислом билим юрти, 2 та олий ўқув юрти ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Шунингдек, учрашувда бугун юртимизда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари учун янада яхши шарт-шароитлар муҳайё этилгани, ҳар йили 13 мингдан зиёд юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра сафарларига бориб келаётгани, жорий йилда ҳаж сафарига борувчилар сони оширилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Суҳбат давомида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда билдирган таклифлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Самимий руҳда кечган учрашув якунида БМТнинг махсус вакили Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги турли дин вакиллари ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмаслигини эътироф этди.

Жаноб Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғалари тақдим этилди. Ўз навбатида, Аҳмад Шаҳид муфтий ҳазратларига қабул учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ахборот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир дақиқа вақтингизни ажратинг

12.12.2024   47   4 min.
Бир дақиқа вақтингизни ажратинг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир дақиқа ичида «Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» калимасини 18 марта айтиш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир, дедилар (Имом Муслим ривояти)
 

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни 100 марта айтиш мумкин.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда буни айтган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса-да, кечириб юборилиши айтилади.
 

Бир дақиқада «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ»ни 40 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?" дедилар. Мен: "Ҳа, айтинг, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам" дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳни айт, у жаннат хазиналаридандир", дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
 

Бир дақиқада «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни 50 мартагача айтиш мумкин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зикрларнинг афзали Лаа илаҳа иллаллоҳдир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи»ни 15 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.

Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия розияллоҳу анҳо ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?” деб сўрадилар. Онамиз розияллоҳу анҳо: “Ҳа”, дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: "Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи", дедилар (Имом Муслим ривояти).
 

Бир дақиқада 50 маротабага яқин салавот айтиш мумкин.

Кўп салавот айтиш орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил бўлиш мумкин. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айт­ган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айт­син, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деганлар.
 

Бир дақиқа ичида «Астағфируллоҳ»ни 100 мартадан ортиқ айтса бўлади.


Умримизнинг ҳар бир дақиқаси қадрли. Дақиқаларнигина эмас, сонияларни ҳам ўз фойдамизга ҳал этишнинг жуда осон йўли чин ихлосдадир

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар