Кеча, 6 декабрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Оққўрғон туманида оила вакиллари, маҳалла фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда ўқувчи-талабалар билан “Фаровон оила – саодат қасри” мавзуидаги мулоқотда иштирок этди.
Тадбирда Хайруллоҳ домла Турматов ота-она ва аёлларни ардоқлашнинг аҳамияти, оилада эркак кишининг вазифалари, оила саодатида меҳр-мурувват ва оқибатнинг ўрни, сўзлашиш ва кийиниш бобида ҳаёнинг долзарблиги, жиноятчиликнинг олдини олиш, интернет, хусусан, телефондан нотўғри фойдаланиш оилавий ажрим ва қатор ахлоқсизликларга замин яратаётгани борасида маъруза қилди.
Қатнашчиларнинг чанқоқ ва илиқ нигоҳлари, айтилган сўзлар таъсиридан юзларни нам айлаган кўз ёшлари ҳамда билдирилган муносабатлардан аҳоли ўртасида бу каби тадбирларни ташкил этиш нечоғлик аҳамиятли экани эътироф этилди. Шунингдек, муқаддас ислом динимизда яхшилик ва эзгулик сари чорлаш, нотўғри йўллардан огоҳ этишнинг фарз экани ҳам бежиз эмаслиги аниқ ва равшан тушунтирилди.
Тадбир сўнгида вилоят бош имом-хатиби томонидан кенг жамоатчик фойдаланиши учун илмий ва тарбиявий-ахлоқий мазмундаги турфа адабиятлар совға қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Оилада фарзанд тарбияси” китоби ҳам шулар жумласидандир.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ