Аллоҳнинг каломидан бир сония ҳам узоқлашишни истамаган ошиқ дўстларимизга, илоҳий раҳмат ёғилсин деймиз. Бугун эрта тонгдан водийнинг энг гўзал замини бўлган Наманган вилояти узра Яратган Парвардигорнинг баракоти ва нурлари ёғилди, десак айни ҳақ гапни айтган бўламиз.
Чунки, гувоҳ бўлаётганимиздек, ёшу қари, эркагу аёл, хуллас, барча Қуръонга муҳаббатли Наманган аҳли эрта сахардан вилоятдаги қорилар мусобақаси ўтадиган жоме масжиларга юзланишди.
Шу кунга қадар ҳудудларда ўтаётган мусобақаларни тилимизга келган энг гўзал сўзлар билан таърифлашга уриндик. Лекин Наманганда бўлаётган мусобақа шукуҳини ва мўмин-мусулмонлар кайфиятини ифодалашга ҳайратланганимиздан умуман сўз топа олмадик. Шунинг учун буни онлайн тасвирлар, фотолавҳалар ва имкон бўлса ўзингиз бевосита иштирок этиб ҳис қилишингизни тавсия этамиз.
Ривоят қилинишича, Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Демак, инсон ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони каримни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига сомеъ бўлади. Мана шундагина ўзи умид қилган ва бунга ваъда қилинган ажрларга эришади, иншоаллоҳ.
Шундай экан азизлар, фурсатни бой берманг, сўз ва қалам билан ифода қилиб бўлмайдиган онларни ўтказиб юборман, имкон бўлса бориб, бўлмаса бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, завқ олинг. Барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати