Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтгани ва ушбу тадбирда Шайх ҳазратларининг фарзандлари иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу тадбирда юртимизда чоп этилган Қуръони каримнинг ҳар бири 31 минг сўмдан сотилиши тавсия этилган эди. Сотув жараёни 28 март куни бошланиши маълум қилинган эди.
Бугун "Ҳилол нашр" матбаа-нашриёти дўконларида чоп этилган Қуръони каримнинг сотилиши бошланди. Вакилларимиз сотиш жараёнидан фотолавҳаларни Сиз азиз мухлисларимизга тақдим этамиз. Юзлаб Қуръон мухлисларининг навбатда турганини кўриб, Мусҳафга нисбатан ватандошларимизнинг муҳаббати қанчалик юқори эканини кузатиш мумкин.
Бундай ҳолларда одоб сақлаган ҳолда, мусулмон кишининг ўз биродарига озор етказмаслиги, навбатда турганда аёллар ва нуроний кишиларга кўмак кўрсатиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.