Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Март, 2026   |   7 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:56
Қуёш
06:15
Пешин
12:33
Аср
16:52
Шом
18:46
Хуфтон
19:59
Bismillah
27 Март, 2026, 7 Шаввол, 1447

«Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» якуний Республика босқичи маърузаси

21.04.2018   6313   9 min.
«Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» якуний Республика босқичи маърузаси

 بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي اَنْزَلَ الْقُرْآنَ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى أَشْرَفِ الاَنْبِيَاءِ وَالْمُرْسَلِيْنَ

وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ

أمَّا بَعْدُ

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Ҳурматли меҳмонлар, муҳтарам ҳайъат аъзолари, қори-қорияларимиз, мусобақани тўғридан-тўғри кузатиб бораётган қалби Қуръонга ошно азиз юртдошлар! 

Бугун, барчамиз учун ниҳоятда қутлуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Юртимиз узра яхшиликлар, илоҳий раҳматлар ёғилиб турган дамларда Сиз азизлар билан Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Республика босқичининг очилиш маросимида жамланиб турибмиз. Ушбу мусобақанинг якуний босқичи «Расулуллоҳ ойи» дея таъриф берилган Шаъбон ойида бўлиб ўтишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Чунки, бу ой Қуръон нозил бўлган ойга тайёргарлик кўриш, Каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, такрорлаш ойи ҳисобланади. Бу эса, албатта, мусобақа файзига файз қўшади, иншоаллоҳ.

Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган Қуръони карим мусобақаси мўмин-мусулмонларимиз кўпдан бери интиқиб кутган қувончу шодликларни олиб келди. Қалбда мамнунлик, кўзда ёш ила қилинган дуолар, ҳузурбахш тиловатлар сабаб юртимизга файзу баракалар ёғилди.

Қувонарлиси, ушбу мусобақанинг илк йилидаёқ иштирокчилар сони беш ярим минг нафардан ошди. Аслида, олиму уламо, қорию қурроларга бешик бўлган, дин ва дунё илмлари билан Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар заминида, уларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, келгуси йилда бу рақам бир неча бараварга ошади, иншоаллоҳ.

Халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати нақадар юксак эканини мусобақанинг туман-шаҳар, вилоят босқичларида гувоҳи бўлдик. Қишнинг совуқ кунларида ҳам Қуръонга муҳаббатли  халқимиз тўп-тўп бўлиб мусобақани томоша қилишга келишди. Чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида туриб бўлса-да, мусобақани кузатишди. Бу Аллоҳнинг каломига бўлган муҳаббатнинг нақадар кучли эканига далолатдир.

Мусобақа ўтказилаётган жойларга бориб, кузата олиш имкониятига эга бўлмаган юртдошларимиз учун ҳам шароитлар ташкил этилди. Улар телевидение ва интернет сайтлари орқали уйларидан туриб илоҳий, файзли онлардан баҳраманд бўлишди.

Ўз навбатида, ҳудудлардаги вилоят ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар мусобақа ишларига яқиндан кўмак бериб, иштирокчиларни табриклаб, томошабинлар учун барча шарт-шароитларни ҳозир қилиб  беришди. Бу – вилоят раҳбарларининг аҳоли маънавиятига, маърифатига эксак эътибор қаратаётган-ларидан далолатдир. Айни пайтда ҳам Республикамиз бўйлаб, бир неча ҳудудларда ушбу мусобақани тўғридан-тўғри кўриш имкони ҳозирлангани минг-минглаб мўмин-мусулмонларимизни чексиз хурсанд қилмоқда. 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мўмин-мусулмон киши учун Ҳақ таолонинг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди. Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани ёки эшитгани сари руҳи енгиллашиб, тўғри йўлда собитқадам бўлиб бораверади.

Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчи ва эшитувларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ  لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

 «Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).

Зеро, Қуръон ўқилганда, мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилади. Ана шунда улуғ ажру савобларга эришади. Бу ҳақида Аъроф сурасининг 204-оятида бундай дейилади:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар:

خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ

“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир” (Имом Бухорий).

Яна бир ҳадиси шарифда:

مَنِ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ تَعَالَى كُتِبَتْ لَهُ حَسَنَةٌ مُضَاعَفَةٌ  

وَمَنْ تَلاَهَا كَانَتْ لَهُ نُوراً يَوْمَ الْقِيَامَةِ

“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса кўп савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун ёритувчи нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий).

Қуръони карим калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун, ҳикмат борлиги, ҳар қандай инсон Қуръони каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таборака ва таолонинг сўзи эканига яна бир бор амин бўлади. 

Қадрли меҳмонлар, мусобақамизни тўғридан-тўғри кузатиб бораётган азиз Қуръон мухлислари!

Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифлари чоғида Қуръон мусобақасини дастлаб туман, шаҳар ва вилоят босқичини сўнгра Республика босқичини ўтказиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Шунга мувофиқ, бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилди. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлдик. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат кўп. Давлатимиз раҳбари таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”.

Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида шу йил         13 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда Қуръони карим тиловати мусобақасининг якуний Республика босқичига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги мажлисида Бош вазир жаноблари томонидан жуда ҳам муҳим вазифалар ва топшириқлар белгилаб берилди. Ҳозирда барча мутасадди ташкилотлар Қуръон мусобақасини энг юқори савияда ўтказиш учун жуда кўп хизматлар қилишмоқда.

Айниқса, Диний идорамизнинг доимий ҳамкори бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилоти мусобақани ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиққани бизни қувонтирди. Биз ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилдик. Ёшлар иттифоқи ташкилоти ғолибларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш каби энг улуғ савобли ишларни ўз зиммасига олди, бунинг учун албатта ташаккур айтамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ташкилотлар раҳбарларига, мутахассисларига, ишчи-ходимларига, барча-барчага ва ўзининг сармояси билан ҳисса қўшган саховатпеша кишиларга катта миннатдорлик билдирамиз. Уларнинг эл-юрт саодати, динимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларида улкан зафарлар ато этишини Яратган Ҳақ таолодан сўраймиз. Аллоҳ таборака ва таоло олиб бораётган ишларида Ўзи мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин.

Қуръон тиловати пайтида ва ундан кейин дуолар қабул бўлишидан умид қилиниши борасида ҳадис келган. Бугун қалби қувончга тўлган мўмин-мусулмон юртдошларимиз мана шундай файзу баракотли кунларда қўлларини баралла дуога кўтариб, унинг шукронаси учун Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, барча мутасаддилар ҳақларига дуолар қилишмоқда. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун дуолар қилмоқдалар.

Албатта, ушбу хайрли ва фазилатли мусобақа, дуолар сабабидан жонажон Ўзбекистонимизга яхшиликлар, баракалар ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон, ҳаётимиз янада фаровон бўлади, иншоаллоҳ.

Республика босқичига етиб келгунга қадар, минг-минглаб йигит-қизларимиз орасидан туман-шаҳар ва вилоят босқчиларида ғолибликни қўлга киритиб, якуний босқичда иштирок этаётган қорию қорияларимизга муваффақиятлар, зафарлар тилаб қоламиз. Аллоҳ юзларини ёруғ, иштирокларини осон қилсин!

 Ўзбекистонда оммавий тарзда ўтказилаётган биринчи Қуръони карим тиловати мусобақасининг Республика босқичини очиқ деб эълон қиламан.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда

27.03.2026   1332   3 min.
Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда

Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро илмий конференция ўтказилади. 2026 йил 9–11 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур анжуман мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу халқаро анжуманни ўтказиш чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ-46-сон қарорига мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди. 

 


Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтказилган йиғилишда Марказ илмий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда мутахассислар ва ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.


Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур халқаро анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу оддий илмий тадбир эмас, балки темурийлар даври цивилизациясини замонавий илмий ёндашувлар асосида қайта англаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этишга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида баҳолади.

 


Мазкур халқаро анжуман бир қатор ҳамкор ташкилотлар, илмий даргоҳлар иштирокида ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, Фанлар академияси мазкур халқаро конференцияни ташкил этишда барча илмий ва ташкилий ресурслар билан қўллаб-қувватлашга тайёр.


Конференция доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Жумладан:
• “Амир Темур ва темурийлар даври қўлёзмалари” кўргазмаси 
• “Темурийлар нумизматик мероси” кўргазмаси 
• Европа музейлари билан ҳамкорликда тайёрланган махсус экспозициялар 


Шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида:
• Амир Темур даврига оид кинолойиҳалар 
• Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳаётига бағишланган фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган. 


Анжуманда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

 


Конференция доирасида хориждан олиб келинадиган темурийлар даврига оид нодир артефактларни вақтинчалик намойиш этиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳам алоҳида ташкилий чоралар белгиланди.


Йиғилиш якунида таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий конференция Амир Темур ва темурийлар даври меросини, замонавий илмий ёндашув асосида қайта таҳлил қилиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш йўлида муҳим илмий ва маданий воқеа бўлади. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда
Ўзбекистон янгиликлари