Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.
Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳтарам Дональд Трамп Жаноби Олийлари!
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Авваламбор, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Жаноби Олийларига Тинчлик Кенгашининг инаугурация мажлисини чақиргани учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор этаман.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги саммит бу Президент Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижасидир.
Ўзбекистон Тинчлик кенгашини тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлади ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши борасида ўзининг амалий иштирокини қатъий баён этди.
Ишончим комил, Кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради.
Шу билан бирга, Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим.
Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Таъкидлаб айтаманки, Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр.
Ҳурматли дўстлар!
Ушбу саммит Дональд Трамп номидаги Тинчлик институтида ўтказилаётганида рамзий маъно мужассам.
Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир.
Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур.
Эътиборингиз учун раҳмат.