Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Август, 2025   |   8 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:19
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:43
Хуфтон
21:09
Bismillah
02 Август, 2025, 8 Сафар, 1447

Бу кунларда “йўл”га чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди

13.06.2018   4936   3 min.
Бу кунларда “йўл”га чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди

Бугун, 13 июнь. Рамазоннинг 28 куни. Ҳамма саҳарлик қилиб, шодиёна руҳда тонг оттирди. Аммо Раббимиз бугун тонгда Ўзбекистон халқига, илм аҳлларига бошига оғир жудолик солганини кўпчилик ишга бораётиб йўлда эшитди. Машҳур воиз, нуктадон навоийшунос, етук муҳаррир, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 60 ёшида вафот этди...

Ҳозиргина кўзда ёш билан устознинг жанозасидан қайтдик. Минор масжиди фаолият бошлаганидан бери бунчалик кўп одамни кўрмаган бўлса керак. Ҳар жума шу ерга Анвар қорининг маърузасини тинглагани келиб, у кишининг маърузасидан тўлқинланиб кўзига ёш олган одамлар бугун унинг ўзининг тобутининг тепасида туриб кўз ёши қилдик.

Яҳудийлик, насронийлик ва Ислом динини қиёслаб ўрганган ҳинд олими – оти шу онда эсимга келмай қолди. “Мусулмонлар ўлим Аллоҳнинг ҳузурига бориш дейди. Унда улардан бири вафот этса нега йиғлайди?” деб ҳайрон бўлади. Бунинг жавоби оддий: мусулмонлар Анвар қоридек ажойиб воизидан, олимидан айрилгани боис ўзларининг ҳолига йиғлайди.

Бинобарин, биз бугунги айрилиқни мусибат деб эмас, жудолик деб атаганимизнинг сабаби ҳам шундадир.

Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни висол кечаси деб таърифлаган. Бутун ҳаётини дини Исломга бағишлаган, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Ислом маърифатини тарқатган, не-не адашган юртдошларимизни тўғри йўлга солиб қўйган, ана шу ишлари йўлида бир неча йил бурун қуролли ҳужумга ҳам учраган Анвар қори аканинг вафоти ана ўша ҳужум асоратидан бўлгани боис у кишининг мақоми ҳам шаҳид бўлди. Боз устига  устоз рамазони шарифда жон таслим қилдики, бунинг ҳам ўзига хос фазилати бордир. Ана шундай гўзал хислатлар билан Парвардигоримизнинг ҳузурига йўл олган қори акамизга ўлим, ҳақиқатан, висол оқшоми бўлади, деган умиддамиз.

Жаноза намозини ўқишдан олдин қисқагина маъруза қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, жумладан, бундай дедилар: “Рамазон ойининг гуноҳлар кечириладиган даҳасида, Лайлатул Қадр кечалари ўтказилгандан кейин Аллоҳнинг ҳузурига бориш жамики мўмин-мусулмонларнинг орзусидир. Бундай кунлар кимларга насиб этади, кимларга насиб этмайди. Анвар қори акамиз узоқ вақт қаттиқ хасталикдан азият чекиб ётдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандасига шундай дард бериб, ўша дардни унинг жамики гуноҳларига кафорат қилади. Раббимиз муҳтарам қори акамизни ана шу дард билан поклаб, Ўзининг ҳузурига гуноҳлари тўкилган ҳолда чорлади”.

Анвар қори Турсуновнинг ихлосмандлари қалбидан жой олган амри маъруфлари унинг ҳаққига абадий дуолар ёғилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ! Меҳрибон Парвардигоримиз устозни Ўз раҳматига олсин!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Бошқа мақолалар

Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?

01.08.2025   4798   1 min.
Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?

حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل:  اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.

 

Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.

Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.

У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.

 

Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.

Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.

 

Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси