100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА
ёхуд
ОДАМЛАР БИЛАН
МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ
100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) МАЪЛУМОТЛАРИ:
³ Энг қадимий глобал ташкилот (1945 йилдан кейин ташкил этилган бошқа ташкилотлар билан солиштирганда ҳали ҳам фаолият юритади),
аъзо давлатлар сони бўйича энг йирик халқаро ташкилот,
дунёдаги барча давлатларни қамраб олган дунёнинг энг универсал ташкилоти,
глобал эътироф нуқтаи назаридан энг нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тиллари 6 та – инглиз, араб, испан, хитой, рус, француз.
³ “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” – БМТ Бош Ассамблеясининг учинчи сессиясида 1948 йил 10 декабрда 217 А (III)-сонли Қарори билан қабул қилинган ("Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Пакт") – БМТга аъзо барча давлатлар учун тавсия этилган ҳужжатдир.
Ушбу тарихий ҳужжат 500 дан ортиқ тил ва лаҳжаларга таржима қилинган ва Дунёдаги энг кўп таржима қилинган ҳужжат сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган.
³ Кўп тиллиликни тарғиб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан “Халқаро тиллар йили” (2008 й.) ва “Халқаро маҳаллий тиллар йили” (2019 й.) ўтказилди.
³ 04 январь — Брайл ёзуви бўйича Бутунжаҳон куни (А/RES/73/161);
24 январь — Таълим бўйича Халқаро кун (А/RES/73/25);
21 февраль — Она тили бўйича Халқаро кун (А/RES/56/262);
20 март — БМТда француз тили куни;
20 апрель — БМТда хитой тили куни;
23 апрель — БМТда инглиз тили куни;
23 апрель — БМТда испан тили куни;
05 май — Бутунжаҳон португал тили куни (UNESCO);
06 июнь — БМТда рус тили куни;
07 июль — Суахили тили бўйича Бутунжаҳон куни (А/RES/78/312);
08 cентябр — Саводхонлик бўйича Халқаро кун (UNESCO 14 C/Resolution 1.441);
09 cентябр — Таълимни ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича Халқаро кун (А/RES/74/275);
23 cентябр — Ишора тиллари бўйича Халқаро кун (А/RES/72/161);
30 сентябр — Таржима бўйича Халқаро кун (A/RES/71/288);
18 декабр — БМТда араб тили куни.
ЗАМОНАВИЙ ФАН ТАДҚИҚОТЛАРИ ва АЖОЙИБ МАЪЛУМОТЛАР:
v Дунё – маданиятлар ва тилларнинг ажойиб бирлашмасидир. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятлари ва гўзаллигига эга.
v Дунё халқлари хилма-хил тилларда гаплашишади. Бироқ фан аниқликни яхши кўради. Шу туфайли вақти-вақти билан тилшунослар тиллар сонини ҳисобга оладилар ва ўз маълумотларини эълон қилишади.
v Рақамлар одатда бир бирига доимо мос тушавермайди. Чунки у ёки бу тилни ҳамма жойда ҳам бирдек тан олавермайдилар. Натижада ўша тилни рўйхатга киритмай қўйиш ҳоллари учраб туради.
v 2024 йил маълумотлари бўйича, дунёда 7.668 миллиард одам 7.164 тилдан фойдаланади.
v Ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган холос.
v Дунё аҳолисининг ярми атиги 23 тилда гаплашади.
v Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эгадир.
v Жаҳондаги 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор.
v Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган деб ҳисобланади. Ўша 40 та тилнинг орасида ўзбек тили ҳам бор.
v Ҳозирги вақтда «дунё» бўлган 8 та тил мавжуд – инглиз, хитой, испан, рус, араб, француз, португал ва немис тиллари.
v Айнан улар энг кўп ташувчиларга эга бўлиб, уларнинг сони 4,3 миллиард кишига тенг. Бу Ернинг умумий аҳолисининг тахминан 60 % ни ташкил қилади.
v Дунёдаги энг машҳур тиллар. 2024 йилда кўп сон (100 млн.дан зиёд) ли она тилида сўзлашадиган 40 га яқин тил мавжуд: инглиз, хитой, ҳинд, испан, араб, француз, бенгал, рус, португал, суахили, индонезия, урду, япон, немис, панжоб, форс.
v Дунёда энг кўп гапириладиган тил инглиз тили – 1,4 миллиард она тилида сўзлашувчилар мавжуд.
v Хитой тили дунёдаги энг мураккаб тил сифатида “Гиннес рекордлари” китобига киритилган.
v Дунёдаги энг бой (катта луғат бойлиги, энг катта ифода имкониятлари, адабий мерос, маданий аҳамиятга эга ёки тарқалиши бўйича энг ривожланган) тиллар – инглиз, араб, хитой, рус, француз, испан, португал.
(2 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов.
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД