بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ للهِ الَّذِي بَعَثَ نَبِيَّهُ فِي خَيْرِ القُرُونِ وَاخْتَارَ لَهُ مِنَ الأَصْحَابِ أَكْمَلَ النَّاسِ عُقُولًا وَأَقْوَمَهُمْ دِينًا وَأَغْزَرَهُمْ عِلْمًا وَأَشْجَعَهُمْ قُلُوبًا وَصَلَّى اللهُ عَلَي سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينْ
Пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсон
Муҳтарам жамоат! Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Ислом умматининг энг машҳур зотларидан саналадилар. “Абу Бакр” у зотнинг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллоҳ бўлган. Оталарининг исмлари Усмон (кунялари Абу Қуҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу буюк зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар.
Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг лақаблари – “Сиддиқ” бўлиб, ушбу лақабни олишларига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларини тасдиқлашга ҳар доим шай турганлари, бундан ташқари Исро ва Меърож ҳодисасини ҳеч қандай тараддудсиз, дарҳол тасдиқлаганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқлик – ростгўйликни муҳим асос деб билганлар. Имон масаласида у кишида бирор марта иккиланиш ёки сусткашлик сезилмаган. Шу ва шунга ўхшаш жуда кўп фазилатлар у кишининг “Сиддиқ” деган лақабни олишларига сабаб бўлган.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَا دَعَوْتُ أَحَدًا إلَى الْإِسْلَامِ إلَّا كَانَتْ فِيهِ عِنْدَهُ كَبْوَةٌ، وَنَظَرٌ وَتَرَدُّدٌ، إلَّا مَا كَانَ مِنْ أَبِي بَكْرِ بْنِ أَبِي قُحَافَةَ، مَا عَكَمَ عَنْهُ حِينَ ذَكَرْتُهُ لَهُ، وَمَا تَرَدَّدَ فِيهِ
(رواه الإمام البيهقي في دلائل النبوة)
яъни: “Кимни Исломга даъват қилган бўлсам, унда иккиланиш, тараддуд ва ўйлаб туриш ҳоллари бўлди. Аммо Абу Бакр ибн Абу Қуҳофага Исломга киришини таклиф қилганимда, тараддудланмади, ўйлаб ҳам ўтирмади” – деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, биз ҳам бу зотга ўхшаб ростгўй ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган гапларга сўссиз амал қиладиган бўлишимиз даркор.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Исломга кирган кунлари уйларида қирқ минг дирҳам маблағлари бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганларида эса беш минг дирҳамдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У зот бор-будларини қулларни озод қилиш ва қийналган мўмин-мусулмонларга ёрдам бериш учун сарфлаган эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг саховатларини алоҳида васф қилиб: “Бизга яхшилик қилган ҳар бир қўлнинг мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган шундай яхшиликлари борки, унинг мукофотини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат бермаган”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, биз ҳам бу зотга ўхшаб, имконимиз борича динимиз ривожи ва юртимиз ободлиги йўлида молу-давлатимизни сарфласак, жамиятимиздаги етимлар, моддий жиҳатдан қийналган бева-бечораларга хайру саховат қилсак, айни муддао бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
أَرْحَمُ أُمَّتِي بِأُمَّتِي أَبُو بَكْرٍ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Умматим ичида умматим учун энг меҳрибони – Абу Бакрдир”, – дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан бошлаб, то Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича, ҳар доим У Зот билан бирга бўлдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиш асносида У Зотнинг ғордаги ҳамроҳлари бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бирга йўлга чиққанларида, уларнинг изларига тушган мушриклардан сақланиш учун Макка чеккасидаги Савр тоғининг бир ғорига кириб яширинадилар. Душман изқуварлари ғор оғзигача излаб келадилар. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан ғор оғзи ўргимчак тўрлари билан ўралиб қолади. Буни кўриб, улар орқага қайтиб кетадилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ғор оғзига келиб қолган душманлар Расулуллоҳга озор етказишади, деб қаттиқ ҳаяжонланадилар. Шунда Расули Акрам алайҳиссалом тасалли берадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِلَّا تَنْصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللَّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُوا ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لَا تَحْزَنْ إِنَّ اللَّهَ مَعَنَا فَأَنْزَلَ اللَّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُوا السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللَّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
яъни: “Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» – деган эди. Шунда Аллоҳ унга таскин (хотиржамлик) нозил этди ва сизлар кўрмаган лашкарлар билан уни қувватлади ҳамда кофир бўлганлар сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзи эса, у юксакдир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир” (Тавба сураси, 40-оят).
Мана шу ояти каримада зикр этилган икки киши – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эканларига барча муфассирлар иттифоқ қилишган. Шу сабабли ким Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг саҳоба эканликларини инкор қилса, кофир бўлади, дейилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакрга:
أَنْتَ صَاحِبِي فِي الغَارِ، وَصَاحِبِي عَلَى الْحَوْضِ
яъни: “Сиз ғорда менга ҳамроҳ бўлганингиздек, Ҳавзда ҳам, ҳамроҳим бўласиз”, – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Абу Бакр разияллоҳу анҳу хайрли ишларда доимо саҳобаларнинг энг пешқадами бўлганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Сарвари олам яна: “Ким бугун жанозага қатнашди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. У Зот: “Ким бугун бирор мискинни таомлантирди?” – деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Пайғамбаримиз: “Ким бугун бирор касални бориб кўрди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу ишлар қайси бир кишида жамланган бўлса, у албатта жаннатга киради”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, биз ҳам бу зотдан ўрнак олиб, имкон қадар мазкур савобли ишларни ҳар куни амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг қаттиқ муҳаббат қилувчи ва энг вафодор саҳобалардан эдилар. Бунга қуйидаги воқеъа ҳам очиқ далолат қилади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: “Мадинага ҳижрат қилаётган пайтимиз эди. Жуда ҳам ташна эдим. Сут келтириб, уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эканман: “Ичинг ё Расулуллоҳ!” – дедим. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни ичдилар ва менинг чанқоғим босилди”. Ушбу воқеада Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада яхши кўрганлари, У Зотга нисбатан нечоғли фидокорликлари намоён бўлади. Киши қай бир инсонни чин дилдан яхши кўрса, унинг эҳтиёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Унга фойда етказишга, ундан зарарни даф қилишга ҳарис бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келдилар ва қўлимдан етаклаб бориб, менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатдилар”, – дедилар. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам Сиз билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим”, –деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَمَّا إِنَّكَ يَا أَبَا بَكْرٍ أوَّلُ مَنْ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي
яъни: “Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сиз бўласиз”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бир одам учун бундан ортиқ фазилат бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлмаса керак.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу доимо ҳалолликка эътибор берганлар, шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлганлар. Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейдилар: “Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида, қул у кишига: “Сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз?”, – деди.
– Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – дедилар Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
– Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб, уларга афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди, – деди қул.
– Мени ҳалок қилай дебсан-ку, – дедилар ҳазрати Абу Бакр ва қўлларини оғзиларига тиқиб, қусишга харакат қила бошладилар. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрдилар. Сув келтирилгач, ундан ичиб қусишга уриндилар. Охири еган нарсасини чиқариб ташладилар. Шунда у кишига “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” – дейишди.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўззах вожибдир!” деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – дедилар.
Муҳтарам азизлар! Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг пархезларини кўринг-гу, бугунги бизнинг аҳволимизга қаранг! Ҳозирги кунда қайси биримиз ўзимиз истеъмол қилаётган луқмамиз ҳалолдан топилганига бу қадар эътибор бераяпмиз?!
Энг ачинарлиси, ўзини мусулмон санаган айрим кимсалар Аллоҳ ҳаром қилган эшшак гўштини яширинча сотиб, қанчадан-қанча инсонларни луқмасини булғамоқда. Ушбу қилган ишлари учун улар Аллоҳнинг ҳузурида аламли азобга қолишларини ўйлашмаяпти. Агар бундай ҳолга эътиборсиз бўлсак, қилаётган ибодатларимизу, хайрли ишларимизнинг бирортаси ҳам мақбул бўлмайди, Аллоҳ сақласин.
Муҳтарам жамоат! Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан сўнг барча саҳобаларнинг иттифоқи билан мусулмонларнинг йўлбошчиси бўлдилар. У зот ўзларининг икки йил уч ой-у бир ҳафта давом этган халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Турли фитналар бўлиб, кўпчилик диндан қайтганда, қатъиятлилик билан уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Қуръони каримни алоҳида китоб шаклига келтирдилар ва кўплаб диёрларга Ислом дининг кенг ёйилишига хизмат қилдилар. У зот ҳижратнинг ўн учинчи йили жумадул аввал ойида олтмиш уч ёшларида вафот этганлар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг насиҳатларидан:
– Аллоҳга энг итоатли киши – Роббига маъсият қилишни ёмон кўрадиган кишидир;
– Фазилатни – тақвода, бойликни– имонда, шарафни тавозеъда топдик;
Аллоҳ таоло ушбу буюк саҳобадан Ўзи рози бўлсин! У зот ҳаёт йўлларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилишимизга барчамизни муваффақ айласин! Қиёмат кунида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хавзлари олдида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга бўлишни ҳаммамизга насиб этсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Пайғамбаримизнинг сўнги васиятлари (Видолашув ҳаждаги хутбалари)” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Дунё илм-фан ривожида Ислом маърифати ва маданиятининг ўрни беқиёсдир. Кўплаб алломалар ва уламоларнинг маънавий-илмий асарлари ўз давридан ҳозирги вақтгача аҳамиятини йўқотмасдан илм-фан тараққиётига муҳим манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Умумжаҳон эъзозлаган олимлар ва уламолар Боғдод, Дамашқ, Самарканд, Бухоро, Гранада ва Триполи каби шаҳарларда яшаб ижод қилганлар. Улар: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий каби уламолар динимиз ривожига ҳисса қўшган. Аббосийлар давридан бошлаб Триполи шаҳри мана бир неча асрдирки илм-фан маркази бўлиб қолмоқда. Фотимийлар даврида эса Триполи шаҳри пойтахт бўлди. Ҳалифа Ибн Аммор Триполини илм марказига айлантирди ва ўз даврининг энг йирик кутубхоналаридан бири очилди. Манбаларга кўра унда юз минг жилд китоб мавжуд эди. Унинг даврида олимлар, уламолар ва ёзувчилар улуғланган. Уларга ғамхўрлик қилинган ва алоҳида ҳалифа эътирофида бўлишган.
Ҳозирги кунда ҳам Триполида нуфузли халқаро ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар ва илмий тадқиқот марказлари фаолият юритиб келмоқда. Шаҳар уламолар, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар билан гавжум. Пойтахтнинг ўзида 100 дан кўп нуфузли университетлар мавжуд. Триполи университети эса ўзида ҳам диний ва дунёвий илмларни жамлагани билан бошқа университетлардан ажралиб туради. Ушбу даргоҳ “200 нуфузли Ислом университетлари” рўйхатига киритилган. Триполи университети 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 70 000 дан ортиқ талабалар бу даргоҳда таълим олиб келишмоқда. У турли йўналишдаги 20 та коллежни бирлаштиради. Исломшунослик, Илоҳият, Фиқҳ, Ҳуқуқшунослик, Тиббиёт, Хорижий тиллар ва Иқтисодиёт каби факультетлардан ташкил топган. Триполи университети динимиз қадриятлари доирасида ривожланишни ва илмий тадқиқотларни қўлловчи таълим муассасасидир. Университетнинг мақсади талабаларга Ислом дини ва ахкомлари асосида илмий ва ахлоқий таълим бериш ва турли дунёвий билимларни ўргатишдир. Триполи университетининг ўзига ҳос жихати шундаки ҳар бир талаба молиявий саводхонлик ва тадбиркорликни ўрганиши шарт. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи талабалар университет томонидан рағбатлантирилади.
Исломшунослик йўналиши талабалари ўқув дастури давомида Қурони каримни тўлиқ ёд олиши, шариат асосларини ўрганиши, Ислом тарихи, Ҳадис илми, Мерос тақсимоти, оғзаки ва ёзма нутқ санъати каби фанларни ўзлаштириши талаб қилинади. Исломнинг соф фитратини намойиш этиш, илм олиш ва уни улашиш ушбу йўналиш факультетининг мақсадидир. Адашган оқимлар ва экстремистик қарашдаги гуруҳларни Қурон ва ҳадис орқали эзгу йўлга чорлаш уларнинг вазифасидир.
Триполи университетида 3450 та илмий нашр фаолият кўрсатади. Уларда талабаларнинг илмий ишлари, амалиёт ва тадқиқотлар натижалари келтирилган. Мисол тариқасида, “Ислом таълимини ўрганишда Қуръони Каримнинг таъсири”, Aҳмад Aбдул Салам Aбу Мозириқнинг “Иршод ал-Ҳирон” китоби ҳақида, Шайх Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад бин Aли ал-Хорубийнинг “Риёд ал-Aзҳар” ва “Сирлар хазинаси”нинг лингвистик талқини каби илмий изланишлар ва мақолалар нашрлар орқали кенг оммага бериб борилади.
Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛОҲ