Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

Қуръон илмлари: “МУҲКАМ” ВА “МУТАШОБИҲ” УЛАМОЛАР ИСТИЛОҲИДА;

13.11.2020   9418   17 min.
Қуръон илмлари: “МУҲКАМ” ВА “МУТАШОБИҲ” УЛАМОЛАР ИСТИЛОҲИДА;

ҚУРЪОНИ КАРИМДА МУҲКАМ ВА МУТАШОБИҲ

Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса – муҳкам ва муташобиҳнинг луғатдаги маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим бўлади.

«Муҳкам» сўзи бир нарсани яхшилаб қилиш ва унинг бузилишини ман қилиш маъносини билдирувчи «аҳкама» сўзидан ясалган бўлиб, «яхшилаб қилинган, маҳкам қилинган», «бузилмас» деган маънони англатади. Мисол учун, «аҳкама ал-амра» деган жумла «ишни яхшилаб қилди ва уни бузилишдан сақлади» деган маънони ифода қилади. Араблар отнинг юганидаги унинг оғзига солиб қўйиладиган темирдан бўлган «сувлиқ»ни ҳам «ҳакаматун» дейишади. Чунки у отни яхшилаб бошқаришга ва у ёқ-бу ёққа бурилиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Қуръони Каримнинг сифатларидан бири «Ҳаким» эканининг сабаби – унда ҳаққа ҳидоят қилувчи ва ботил ҳамда фасоддан ман қилувчи ҳикмат борлигидир. Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг назми ва услуби олий даражададир, балоғати мўъжизадир, мақсадлари олийдир, маънолари тўғри ва содиқдир. Бунинг устига, унда қарама-қаршилик йўқ, тафовут йўқ. Даража ва ожиз қолдирувчиликда унга ҳеч бир калом бас кела олмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

الٓرۚ كِتَٰبٌ أُحۡكِمَتۡ ءَايَٰتُهُۥ ثُمَّ فُصِّلَتۡ مِن لَّدُنۡ حَكِيمٍ خَبِيرٍ١

«Алиф лаам ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир» (1-оят).

Яъни «муҳкам» сўзининг «тузилиши пухта», «далолат қилиши дақиқ», «ҳар бир сўзи чуқур маъноли», «ҳамма тарафи бир-бирига муносиб», «ҳеч камчилиги йўқ» деган маънолари бор.

«...сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир».

Батафсил баён қилиш керак бўлган ҳар бир жиҳати, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир.

«Қуръони Каримнииг муҳкам ояти» деганда равшан маъно билан келган ва эшитувчиси маъносини таъвил ва баёнсиз англаб оладиган деган маъно тушунилади.

«Муташобиҳ» сўзи «бир-бирига ўхшаш» деган маънони билдирувчи «ташабуҳ» сўзидан ясалган бўлиб, луғатдаги маъноси бизнинг тилимизда «ўхшаш» ва «аралаш» сўзлари атрофидаги маъноларда айланади. Арабларда икки нарса бир-бирига ўхшашлиги туфайли аралашиб кетганда ва уларни бир-биридан ажратиб олиш қийинлашиб қолганда ушбу сўз ишлатилади.

Ушбу луғавий маълумотлардан кейин мулоҳаза қиладиган бўлсак, «муҳкам» сўзида равшанлик ва маънони мустақил равишда баён қилиш борлигини кўрамиз. «Муташобиҳ» сўзида эса маънони ифода этишда ягона мустақиллик йўқлигини ва равшанлик етишмасдан, бир нарса иккинчисига ўхшаб қолишини англаймиз.

«Ташабуҳ» калимасидан ясалган сўзлар Қуръони Каримнинг баъзи оятларидагина келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَأُتُواْ بِهِۦ مُتَشَٰبِهٗاۖ

«(У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир» (25-оят). Яъни жаннатийларга бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

تَشَٰبَهَتۡ قُلُوبُهُمۡۗ

«...қалблари ўхшаш бўлди...» (118-оят) Яъни ҳақни кўрмасликда ва залолатда кофирларнинг қалблари бир-бирига ўхшашдир.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

ٱللَّهُ نَزَّلَ أَحۡسَنَ ٱلۡحَدِيثِ كِتَٰبٗا مُّتَشَٰبِهٗا

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш... китоб этиб туширди» (23-оят).

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда, ҳукмда ва бошқа хусусиятларда бир-бирига ўхшашдир.

 

«МУҲКАМ» ВА «МУТАШОБИҲ» УЛАМОЛАР ИСТИЛОҲИДА

Юқорида «муҳкам» ва «муташобиҳ» сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, яна Қуръони Каримнинг кўп оятлари муҳкам бўлиб, улар аслни ташкил этиши ва баъзи оятлари муташобиҳ экани ҳам Қуръони Каримнинг ўзида таъкидлаб айтиб ўтилгандир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида айтади:

هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۡهُ ءَايَٰتٞ مُّحۡكَمَٰتٌ هُنَّ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ وَأُخَرُ مُتَشَٰبِهَٰتٞۖ

«У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир ва бошқалари муташобиҳлар...» (7-оят)

Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда.

Қуръони Каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг ас-лини ташкил этади. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қилади.

Уламолар муҳкам ва муташобиҳнинг илмий ва аниқ маъноларини чегаралашда ҳамда уларнинг ҳар бири ўз ичига олган нарсаларни белгилашда кенг ва кўп ихтилоф қилганлар. Шу билан бирга, уларнинг бу икки нарсанинг таърифида айтган гаплари кўп бўлишига қарамай, мазкур таърифларни икки асосий йўналишга тақсимлаш мумкин.

Биринчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «Муташобиҳ илми – Аллоҳ Ўзига хос қилиб олган ва инсонлардан ҳеч кимга билдирмаган нарса» дейилади. Бунга қиёмат ҳақидаги илм ҳамда сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари илмига ўхшаш нарсалар мисол қилинади. Албатта, бу қисмдаги таърифлар муташобиҳнинг нозик маъносини ўз ичига олгандир.

Ушбу йўналишдаги таърифларга мисоллар:

  1. Имом Қуртубий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу
    анҳу, Шаъбий ва Суфён Саврийга нисбат берган таърифда
    қуйидагилар айтилади:

«Қуръоннинг муҳкам оятлари – таъвили маъруф бўлган, маъноси ва тафсири фаҳмланганларидир. Муташобиҳ эса уни билишга йўл бўлмаган, илмини Аллоҳ Узи хослаб олган ва халқига билдирмаган қиёмат қоим бўлиши вақти ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».

Имом Қуртубий бу таърифни мақтаган ва: «Бу муташобиҳнинг таърифида айтилганларнинг энг гўзалидир», деган.

  1. Аҳли суннага нисбат берилган таърифда айтилади:
    «Муҳкам – ундан кўзланган мурод очиқ-ойдин ёки таъвил ила билинган нарсадир. Муташобиҳ – илмини Аллоҳ таоло Узига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши, Дажжолнинг чиқиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».
  2. Саййид Маҳмуд Олусий ҳанафийларга нисбат берган
    таърифда қуйидагилар айтилади:

«Муҳкам – далолати равшан бўлган ва насхни қабул килмайдиган нарсадир. Муташобиҳ – ақл билан ҳам, нақл билан ҳам маъносини идрок этиб бўлмайдиган нарса бўлиб, илмини Аллоҳ таоло Узига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».

Ушбу таърифлардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, таъриф эгаларининг фикрича, «муҳкам» инсон ўзининг идроки ва таъвил қилиш қудрати ила фаҳмлаш ҳамда таъвил қилишга қодир бўлган нарсадир. «Муташобиҳ» эса илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган нарсадир.

Иккинчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «муташобиҳ» кенг маънода олинган бўлиб, идрок қилиш қийин бўлган, маъносида енгиллик бўлмаган, тушуниш учун таъвил лозим бўлган, яъни маънони бошқа тарафга буриш керак бўлган ҳамда уни баён қилишда бошқа воситаларга эҳтиёж тушадиган оятларнинг барчаси муташобиҳ дейилган.

Бу қисмга оид таърифларнинг мисоли қуйидагилар:

  1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва кўпчилик
    усулийларнинг таърифи:

«Муҳкам фақат битта таъвилни кўтарган нарсадир. Муташобиҳ эса бир неча таъвилни кўтарадиган нарсадир».

  1. Имом Фахриддин Розийнинг таърифи:

«Муҳкам – далолати кучли бўлган насс ва зоҳирдан иборатдир. Чунки бу иккиси далолатнинг кучли бўлишида иштирок этадилар. Бунда насс бошқа нарсани ман қилади, зоҳир эса бошқа нарсани ман қилмайди.

Муташобиҳ эса далолати кучли бўлмаган нарса бўлиб, мужмал, муъаввал ва мушкиллардир. Уларнинг ҳар бири далолати кучли бўлмаган далиллардир».

Ушбу таърифда келган баъзи истилоҳларни кенгроқ шарҳ қилишга эҳтиёж бор.

«Насс» сўзи луғатда бир нарсанинг охирига ва ғоясига етганини билдиради. Уламолар истилоҳида эса ўз маъносига далолат қилган ҳамда ундан ифода олинган ва бошқа маънонинг эҳтимоли бўлмаган нарса нассдир. Унинг далолати равшан ва маъноси чегараланган бўлади.

Нассга Ихлос сурасидаги Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ биттадир» деган сўзи мисол бўла олади. Яна бошқа бир мисол:

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

فَمَن لَّمۡ يَجِدۡ فَصِيَامُ ثَلَٰثَةِ أَيَّامٖ فِي ٱلۡحَجِّ وَسَبۡعَةٍ إِذَا رَجَعۡتُمۡۗ

«Ким топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда рўза тутиш (вожиб)» (196-оят).

Ҳамма нарса очиқ-ойдин, тушуниш осон, таъвилга, уринишга ҳожат йўқ. Ислом уммати ушбу оятлар муҳкам эканига ижмоъ қилган.

«Зоҳир» сўзи бир маънога далолат қилиб, бошқа маънонинг кучсиз эҳтимоли бор лафздир.

Мисол учун, «солат» сўзи луғат илми уламолари ҳузурида «дуо» маъносини ифода этади ва шу билан бирга, «намоз»нинг кучсиз маъноси ҳам бор. Шариат уламолари ҳузурида эса бу сўз «намоз»га далолат қилади ва шу билан бирга, унда «дуо»нинг кучсиз маъноси эҳтимоли бор.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَلَا تَقۡرَبُوهُنَّ حَتَّىٰ يَطۡهُرۡنَۖ

«Пок   бўлмагунларича   уларга   яқинлашманглар» (222-оят).

Ушбу жумладаги «пок бўлиш»дан мурод ҳайздан кейин ғусл қилишдир. Ҳайзи тўхтаган аёл ғусл қилганидан кейин пок бўлади. Аммо шу сўзнинг иккинчи, кучсиз маъноси ҳам бор. У ҳам бўлса, ҳайзнинг тўхташи. Аёл кишининг хайзи тўхташини ҳам «пок бўлди» дейилади. Аммо ушбу иккинчи маъно кучсиздир.

Демак, насснинг маънога қиладиган далолати бошқа маънони ман қилувчидир. Зоҳирнинг далолати кучли, аммо бошқа маънони ман қилувчи эмас. Ўша эҳтимоли бор бошқа маъно кучсиздир. Шунинг учун ҳам насс ва зоҳир иккиси муҳкам дейилади, чунки уларнинг иккисининг далолати равшан ва маънолари чегаралангандир.

«Мужмал» – далолати маъносига равшан бўлмаган нарсадир. Зоҳирий мазҳабидан бошқалар Қуръони Каримда мужмал бор, дейдилар.

Мужмалнинг бир неча сабаблари бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. Лафздаги муштараклик.

Бунда лафз икки ёки ундан ортиқ маънони англатадиган бўлади. Мисол учун, Бақара сурасидаги қуйидаги оятни олайлик:

وَٱلۡمُطَلَّقَٰتُ يَتَرَبَّصۡنَ بِأَنفُسِهِنَّ ثَلَٰثَةَ قُرُوٓءٖۚ

«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар» (228-оят).

Ушбу оятдаги қуръу сўзи бир-бирига зид иккита маънони англатади. «Қуръу» бир маънога кўра ҳайзни англатса, иккинчи маънога кўра унинг тескарисини – ҳайздан покланиш маъносини англатади. Шу боис таржимада ҳам «қуръу» сўзи айнан олинади, таржима қилинмайди. Чунки бу сўз арабларда икки бир-бирига зид маънода ишлатиладиган сўз бўлганидан уни араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Тафсирчиларимиз ҳам, фиқҳий мазҳаблар бошлиқлари, яъни имомларимиз ҳам бу масалада иккига бўлинганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуръуни ҳайз деб тушунтирганлар. Шунга биноан, «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар» жумласидаги «уч қуръу кутарлар» бирикмасининг маъноси «уч ҳайз кутадилар» демакдир. Бундан келиб чиқадики, эри билан бирга яшаган ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилса, у аёл ўзича идда санаб, кетма-кет уч ой ҳар ойнинг ҳайзини тўлиқ кўргунча ўтиради. Шу муддат ичида иддадаги аёл нима қилиши керак бўлса, шуни қилади.

Шофеъий мазҳабида эса «қуръу»ни поклик деб тушунганлар. Шунга кўра уларда талоқ қилинган аёл уч поклик ўтгунча кутади.

Иккинчи мисол Бақара сурасидаги қуйидаги оят:

وَإِن طَلَّقۡتُمُوهُنَّ مِن قَبۡلِ أَن تَمَسُّوهُنَّ وَقَدۡ فَرَضۡتُمۡ لَهُنَّ فَرِيضَةٗ فَنِصۡفُ مَا فَرَضۡتُمۡ إِلَّآ أَن يَعۡفُونَ أَوۡ يَعۡفُوَاْ ٱلَّذِي بِيَدِهِۦ عُقۡدَةُ ٱلنِّكَاحِۚ

«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилсалар ёки ғгакоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, (бермайсиз)» (237-оят).

Ушбу оятдаги «никоҳ тугуни қўлида бўлган киши» деган жумла мужмал маънодир. У талоқ қилувчи эрнинг ўзи бўлиши ҳам ёки талоқ қилинаётган аёлнинг валийси бўлиши ҳам мумкин. Эрнинг афв қилиши маҳрнинг ҳаммасини беришдан иборат. Валийнинг афв қилиши эса маҳрнинг ярмини ҳам олмасликка қарор қилишидир.

  1. Ҳазф.

Бунда жумладан бир сўз тушиб қолган бўлиб, унинг ўрнига икки нарсани қўйиш эҳтимоли бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَيَسۡتَفۡتُونَكَ فِي ٱلنِّسَآءِۖ قُلِ ٱللَّهُ يُفۡتِيكُمۡ فِيهِنَّ وَمَا يُتۡلَىٰ عَلَيۡكُمۡ فِي ٱلۡكِتَٰبِ فِي يَتَٰمَى ٱلنِّسَآءِ ٱلَّٰتِي لَا تُؤۡتُونَهُنَّ مَا كُتِبَ لَهُنَّ وَتَرۡغَبُونَ أَن تَنكِحُوهُنَّ

«Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. «Аллоҳ сизга улар ҳақида ҳамда сиз улар учун фарз қилинган нарсани бермайдиган ва никоҳларига рағбат қиладиган етим аёллар... ҳақида фатво берадир», деб айт» (127-оят).

Ушбу оятдаги «وَتَرۡغَبُونَ أَن تَنكِحُوهُنَّ» битта ҳарф ҳазф қилинган – тушиб қолган. Ўша тушиб қолган ҳарф икки ҳарфдан бири бўлиши эҳтимоли бор. Ё «عَنۡ» ҳарфи, ёхуд «فِي» ҳарфи. Араб тили қоидаси иккисини ҳам кўтаради. Ушбу икки ҳарфнинг ҳар бирини «تَرۡغَبُونَ» («тарғобуна») феълидан кейинги ҳарф тушиб қолган жойга қўйилса, маъно аввалгисидан тескари маънога айланади. («тарғобуна ъанҳу») жумласида «унга рағбат қилмайсиз» маъноси бўлса, («тарғобуна фиҳи»)да «унга рағбат қиласиз» деган маъно англанади.

Араб тилида «рағбат» сўзи ўзи билан бирга келадиган боғловчиларнинг ҳолатига қараб, ўзаро қарама-қарши икки хил маънони беради. Агар «рағбат» сўзи «фи» боғловчиси билан келса, «қизиқиш» маъносини билдиради, «ъан» боғловчиси билан келганда эса «совиш», «хоҳламаслик» маъноларини англатади. Ушбу оятда мазкур икки боғловчидан ҳеч бири келмаган. Чунки умумий маънода мазкур икки хил маъно ҳам бор. Яъни ҳолатга қараб, етим қизни ўз қарамоғига олган одам, агар у чиройли бўлса, никоҳлаб олишга қизиқиши ҳам мумкин, агар у хунук бўлса, унинг никоҳига қизиқмаслиги ҳам мумкин. Демак, оят икки хил маънони ҳам кўтарадиган бўлиб келган. Бу Қуръоннинг мўъжизаларидан ҳисобланади.

Муъаввал – луғатда «аввала» феълидан олинган мафъул бўлиб, «борар жойга борган» ёки «қайтар жойга қайтган» деган маънони англатади.

Уламоларнинг истилоҳида ўзи далолат қиладиган маъноларнинг кучсизига қайтарилган лафз «муъаввал»дир.

Уларни таъвил қилиш кучли далил билангина бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

وَهُوَ مَعَكُمۡ أَيۡنَ مَا كُنتُمۡۚ

«У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билае бирга» (4-оят).

Ушбу жумладан одатда ҳиссий биргалик англанади. Аллоҳ таолога нисбатан эса жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Демак, ўта ишончли ақлий далил Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳиссий, кейин пайдо бўладиган ва ма-конга боғлайдиган сифатлар билан сифатлаш асло мумкин эмаслигига далолат қилди. Бас, шундай экан, мазкур матннинг маъносини бошқа тарафга буриш – таъвил қилиш тайин бўлди. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи яратган махлуқотлари билан бирга бўлиши илми билан, уларнинг ҳолатлари ва тасарруфотларини қамраб олиши билан, уларга етадиган қудрати билан, риояси билан бўлади, дея таъвил қилинади.

Мушкил – луғатда «ўзидан бошқанинг шаклига кирувчи» деган маънони англатади. Бошқанинг тусига кириб, ҳақиқий маъносини англаш мушкул бўлиб қолгани учун ҳам бу турдаги оятлар шу ном билан аталган. Муташобиҳ оятларни мушкил оятлар деса ҳам бўлади.

Роғиб Асфиҳоний ўз тафсирида муташобиҳни қуйидагича таърифлайди: «Қуръондаги муташобиҳ лафз ёки маъно жиҳатидан ўзидан бошқага ўхшагани учун тафсири мушкул бўлган нарсадир».

Баъзи одамларда Қуръони Каримдаги тушуниш қийин бўлган оятларии мушкил деб аташ бор.

Хуллас, ушбу уч нарса – мужмал, муъаввал ва мушкилларнинг бир неча маънога далолат қилиш эҳтимоли борлиги мулоҳаза қилинади. Улар ўша маънолардан бирига бурилганда эса мазкур бурилган маъно кучли бўла олмайди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Муташобиҳнинг қисмлари

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қасам нима, назр нима?

14.04.2026   6116   7 min.
Қасам нима, назр нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:

 

إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).

 

وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ

“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).

 

وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).

 

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

 

“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).

Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).

Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

 

وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ

“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).

Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.


Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.

Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).

Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.

Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.

Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.

Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:

Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.

Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.

Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.


Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси

Мақолалар