Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2025   |   10 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:49
Қуёш
05:21
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:05
Bismillah
04 Август, 2025, 10 Сафар, 1447

Олти кунлик рўза бор

13.04.2024   394   3 min.
Олти кунлик рўза бор

Йўлда давом этамиз, ибодатларнинг бири тугаб, кейингиси келмоқда. Навбатда бизни Шавволнинг 6 куни кутиб турибди. Ҳар бир нарсани ўз ўрни бўлгани учун, айни вақтда барчамизга фойдали ҳисобланган бир йилга тенг ибодат ҳақида маълумот беришни маъқул топдик.183-CАВОЛ: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат. ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَأَتْبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدّهْرِ” (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾

(سورة الأنعام / الآية 160)

яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)…” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.

http://savollar.muslim.uz 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳни севинг!

04.08.2025   97   2 min.
Аллоҳни севинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.

Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атроф­дагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.

Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қў­йишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.

Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.

Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Мутоффифун сураси, 14-оят.

 

Мақолалар