Иброҳим Нахаийнинг кўзлари ғилай эди. Унинг шогирди Сулаймон ибн Меҳроннинг ҳам кўзи жуда хира кўрар эди. Бир куни улар биргаликда сафарга отланишибди. Масжид томон интилиб, Кўфа йўлларидан бирида кетишар экан, Имом Нахаий: “Эй Сулаймон, сен бошқа йўлдан, мен бошқа йўлдан кетсак нима дейсан? Негаки мен нодон одамлар олдидан ўтиб қолсак, “Ия, кўр-кўрни етаклаб олибди-ку!” деб ғийбат қилишларидан ва шу сабаб гуноҳкор бўлиб қолишларидан қўрқаман”, дебди. Сулаймон: “Устоз, нима қилибди, ахир биз савоб оламиз, улар гуноҳкор бўладилар-ку?!” дебди.
Шунда Иброҳим Нахаий: “Субҳаналлоҳ, сени қара-ю, ахир биз ҳам, улар ҳам (гуноҳдан) соғ қолганимиз биз савоб олиб, улар гуноҳкор бўлиб қолганидан яхши-ку!” дебди.
Бу қалблар қандай қалблар-а?! Қандай пок қалблар-а?! Фақат менга яхши бўлсин, фақат мен саломат қолай демайди, мен ҳам, бошқалар ҳам гуноҳдан саломат қолсин, дейди.
Бу қалблар иймон билан безалган қалблардир! Осмонларга парвоз этиб, эгасини олий жаннатларга элтадиган қалблардир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз биродарингизга ўзингизга раво кўрган нарсани раво кўрмагунингизча мўмин бўлмайсиз”, деган ҳадисларига тўлақонли мос тушган қалблардир булар!
Али розияллоҳу анҳу ўғиллари Ҳасан розияллоҳу анҳуга бундай насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим, ўзинг ва бошқалар ўртасида ўзингни мезон қилгин: ўзингга раво кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўргин, ўзинг учун ёмон кўрган нарсаларни бошқалар учун ҳам ёмон кўргин. Сенга зулм қилинишини хоҳламаганингдек, сен ҳам бошқаларга зулм қилмагин. Сенга яхшилик қилинишини ёқтирганингдек, сен ҳам эҳсон қил. Ўзингда бўлишини хоҳламаганинг иллатларни бошқаларда бўлишини ҳам хоҳлама. Одамлар ҳаққида ўзингдан рози бўладиганларинг билан улардан рози бўл. Билмайдиган нарсанг ҳақида гапирма, гарчи биладиганларинг оз бўлса ҳам. Сенга қарата айтилишини хоҳламаган гапларингни бошқаларга ҳам айтма. Билки, ужуб тўғриликнинг аксидир ва қалблар офатидир. Ўзинг зўр бериб саъй-ҳаракт қил, бошқаларга суяниб қолма! Тўғри йўлга ҳидоят этилсанг, Роббингдан энг қўрқадиган ҳолатда бўл”.
Ҳасан Басрийга: “Бир киши сизни ғийбат қиляпти”, дейишганда у киши: “Саъй-ҳаракатсиз, ҳеч қандай чарчоқсиз, риёдан ҳам, ужубдан ҳам холи ҳолда эришган савобимни қарши оламан!” деганлар.
Энди ўйлайлик, ғийбат қилиш орқали қанча-қанча савобларимиз ҳар тарафга учиб кетишига розимизми?!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни қўлдан чиқаришмас эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг саодатига қаранг!
Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётиб сўради:
- Ё Расулаллоҳ! Шундай амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Жуда ҳам катта ишни сўрадинг. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан; намозни қоим қиласан; закотни берасан; рамазон рўзасини тутасан, Байтуллоҳни ҳаж қиласан! Сўнг яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга яхшиликлар эшигини кўрсатайми? Рўза қалқондир, садақа сув оловни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг кеча қоронғусида ўқиган намози... - деб ушбу оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берганимиз нарсалардан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16- оят).
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга барча ишларнинг боши, устуни ва энг юқори чўққиси нималигини айтайми? Ишларнинг боши Ислом. Унинг устуни намоз. Юқори чўққиси эса, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Буларнинг барчасининг асосини айтайми?
- Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб:
- Мана буни тий! - дедилар.
Муоз розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?
Набий алайҳиссалом дедилар:
- Онанг сени йўқотсин, Муоз!
Инсонларни ёмон тиллари дўзахга юзтубан қулатмаса, бошқа нима қулатади?!
Тилнинг суяги йўқ, аммо ҳар қандай суякни синдириши мумкин. Қанча-қанча кишилар кимнингдир ҳазил тариқасида айтган қўпол гапи учун кечаси билан ухлай олмасдан, тўлғаниб чиқади. Мажлис тарқалиб кетиши мумкин, аммо айтилган гап пичоқ сингари унинг қалбида санчилган ҳолатда қолади!
Қанча-қанча қизларга келган совчилар қўшнилар айтган биргина ёмон таърифни эшитиб, жим қайтиб кетади. Аслида, у қизлар ҳасадгўй қўшниларнинг бўҳтонидан покиза эди!
Чақимчиларнинг, «бўлса, кўролмайдиган, бўлмаса, беролмайдиган» кишиларнинг дастидан қанча-қанча инсонлар ишидан, бола-чақасининг ризқидан ажралади!
Ёлғон гувоҳлик берувчи биргина сўз билан қанча-қанча мерослар тортиб олинади, одамлар ҳаққидан маҳрум қилинади. Ҳақлар ноҳақ ўзлаштирилади!
Ҳасад, кин-адоват туфайли айтилиб олов ёқилган биргина чақимчилик билан қанча-қанча дўстлар ажралиб кетишади. Дўстлик душманликка айланади. Муҳаббатга тўла қалблар оқибатда адоватга тўлади!
Гапимизга, қаламимизга ва ижтимоий тармоқлардаги ёзувларимизга, кишиларга раддиялар беришимизга назар солайлик. Аввало ўз саҳифамизни тўлдираётганимизни унутмайлик.
Ахир инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса, нима киритади?!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди