Cавол: Қабристонга борганда тик туриб Қуръон ўқиш ва дуо қилиш керакми. Ўтириб қироат қилса, макруҳ бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фиқҳий манбаларимизда қабрларни зиёрат қилганда туриб дуо қилиш суннатлиги, лекин ўтириб дуо қилиш ҳам жоизлиги айтилган. Қуръон тиловатида эса ўтириш афзал экани баён қилинган.
Жумладан, “Раддул муҳтор” китобининг “Қабрларни зиёрат қилиш” бобида бундай келади: Раддул муҳтор китобида айтилади: “Фатҳул Қадир” китобида: “Қабрларни тик туриб зиёрат қилиш ва қабр ёнида тик туриб дуо қилиш суннатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бақиъ қабристонини зиёрат қилганда шундай қилганлар”, дейилган.
“Кейин тик туриб узоқ дуо қилади, агар ўтирса, маййит тириклигида қандай масофада ўтирган бўлса, ўшанча масофада ўтиради”.
Яна бундай дейилади: “Қабр ёнида қориларни ўтирғизиб, Қуръон қироат қилдириш макруҳ эмас. “Нурул изоҳ” китобининг иборасида: “Мухтор қавлга кўра қироат одобларига мувофиқ хотиржамлик ва тадаббур билан, ибрат олган ҳолда тиловат қилиш учун қабр ёнида ўтириш макруҳ эмас”, дейилган (“Раддул муҳтор” китоби, “Қабрларни зиёрат қилиш” боби).
Бу борада “Нурул изоҳ” китобида бундай дейилади: “Мухтор қавлга кўра қироат қилиш мақсадида қабр ёнида ўтириш макруҳ эмас. Қабр тепасида қироатдан бошқа сабаб учун ўтириш макруҳдир”.
Шунингдек, “Фатовои Ҳиндийя” китобида бундай дейилади: “Маййит дафн этилгач, бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда қабр олдида ўтириб, тиловат қилиш ва маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”, – дейилган.
Демак, қабристон зиёрати тик туриб қилингани афзал, лекин зиёрат пайтида ўтириш ҳам жоиз, макруҳ эмас.
Диққат қилсак, фақиҳларимизнинг сўзларидан қабристонга борганда Қуръонни ўтириб ўқиш афзаллиги маълум бўлади. Чунки ўтириб қироат қилинганда хотиржамлик, тафаккур, хушуъ ва ибратланиш каби Қуръон тиловатида талаб қилинган одоблар юзага чиқади.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқоридаги ҳукмларда афзаллик масаласи ҳақида гап кетади, макруҳлик ёки ҳаромлик масаласи эмас. Шундай экан бу масалаларда талашиб-тортишиш ва ўзаро низога бориш жоиз эмас. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни қўлдан чиқаришмас эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг саодатига қаранг!
Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётиб сўради:
- Ё Расулаллоҳ! Шундай амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Жуда ҳам катта ишни сўрадинг. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан; намозни қоим қиласан; закотни берасан; рамазон рўзасини тутасан, Байтуллоҳни ҳаж қиласан! Сўнг яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга яхшиликлар эшигини кўрсатайми? Рўза қалқондир, садақа сув оловни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг кеча қоронғусида ўқиган намози... - деб ушбу оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берганимиз нарсалардан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16- оят).
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга барча ишларнинг боши, устуни ва энг юқори чўққиси нималигини айтайми? Ишларнинг боши Ислом. Унинг устуни намоз. Юқори чўққиси эса, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Буларнинг барчасининг асосини айтайми?
- Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб:
- Мана буни тий! - дедилар.
Муоз розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?
Набий алайҳиссалом дедилар:
- Онанг сени йўқотсин, Муоз!
Инсонларни ёмон тиллари дўзахга юзтубан қулатмаса, бошқа нима қулатади?!
Тилнинг суяги йўқ, аммо ҳар қандай суякни синдириши мумкин. Қанча-қанча кишилар кимнингдир ҳазил тариқасида айтган қўпол гапи учун кечаси билан ухлай олмасдан, тўлғаниб чиқади. Мажлис тарқалиб кетиши мумкин, аммо айтилган гап пичоқ сингари унинг қалбида санчилган ҳолатда қолади!
Қанча-қанча қизларга келган совчилар қўшнилар айтган биргина ёмон таърифни эшитиб, жим қайтиб кетади. Аслида, у қизлар ҳасадгўй қўшниларнинг бўҳтонидан покиза эди!
Чақимчиларнинг, «бўлса, кўролмайдиган, бўлмаса, беролмайдиган» кишиларнинг дастидан қанча-қанча инсонлар ишидан, бола-чақасининг ризқидан ажралади!
Ёлғон гувоҳлик берувчи биргина сўз билан қанча-қанча мерослар тортиб олинади, одамлар ҳаққидан маҳрум қилинади. Ҳақлар ноҳақ ўзлаштирилади!
Ҳасад, кин-адоват туфайли айтилиб олов ёқилган биргина чақимчилик билан қанча-қанча дўстлар ажралиб кетишади. Дўстлик душманликка айланади. Муҳаббатга тўла қалблар оқибатда адоватга тўлади!
Гапимизга, қаламимизга ва ижтимоий тармоқлардаги ёзувларимизга, кишиларга раддиялар беришимизга назар солайлик. Аввало ўз саҳифамизни тўлдираётганимизни унутмайлик.
Ахир инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса, нима киритади?!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди