Қуръони карим бизга чумоли билан Сулаймон алайҳиссалом ўртасида бўлган қисса ҳақида “Намл” (“Чумоли”) дея номланмиш сурада қуйидагича ҳикоя қилади:
“Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар. Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди.
Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.
Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди”. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар) (Намл сураси, 17-19 оятлар).
Ушбу оятлар бу мавжудотнинг қадрини кўтаради, шаъни улуғлигини ифода этади. Бу қиссадан бир қанча қонунлар тузиб чиқилган бўлиб, уни “Чумолининг ўн қоидаси” деб номлаш ҳам мумкин.
Бир гурух франциялик “олимлар” Қуръонни танқид қилишга уриндилар ва لَا يَحْطِمَنَّكُمْ калимасида тўхталиб, “Қуръон ушбу лафзни ишлатиш билан таъбирда хатога йўқ қўйган. Чунки حطم(“ҳаттома”) феъли “синдирмоқ” деган маънони англатади. Шиша синдирилади, аммо чумоли синдирилмайди-ку, балки эзилади, ўлдирилади-ку” дейишди.
Бу гапга австралиялик бир олим эътироз билдирди. У бир неча йиллар давомида чумолилар тузилишини ўргана бошлади ва тадқиқот хулосасини эълон қилди. Хулосада ушбу гаплар бор эди: “Албатта, Қуръоннинг мазкур лафзи юз фоиз тўғри! Чунки чумоли танасининг 70 фоизи шиша моддадан ташкил топган экан”.
Кейин у ушбу хулосани бутун дунёга эълон қилди.
Демак, чумоли эзилмайди, балки синдирилади! Қуръон буни ўн тўрт асрдан бери айтиб келади. Аммо бу ҳақиқат бутун оламга бир неча йиллар олдин маълум бўлди.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати