Қолмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолғуси яхши ному иши.
Шайх Саъдий
Шу кунларда Марказ таркибидаги “Ислом цивилизацияси тарихи” музейини шакллантириш жараёни жадал суратларда олиб борилмоқда. Кўплаб олимлар, соҳа мутахассислари, дизайнерлар ва муҳандислар эзгу лойиҳани халқимизга муносиб равишда топшириш устида бош қотиришмоқда.
Ўтган ҳафтанинг охирги кунлари илмий баҳс-мунозараларга сермаҳсуллиги билан Ислом цивилизацияси ходимларининг иш кунини ҳам маънавий ҳам маърифий бойитди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон илм-фанининг забардаст устунлари бўлмиш олим ва профессорлар бошчилигида “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё” бўлимининг таркибий қисмлари атрофлича кўриб чиқилди. Бўлимда ўрин олиши кутилаётган нодир экспонатлар намуналари ўрганилди, мазмунан мос келмайдиган артефактлар ўрнига муқобил вариантлар таклиф қилинди.
Шунингдек, стендларга ёзиладиган 50 га яқин турли хил мавзуни қамраб олган матнларнинг мазмуни кўриб чиқилди. Бўлимнинг таркибий қисми ва контентлари тақдимоти Марказнинг илмий ходими, санъатшунос Алишер Эгамов томонидан намойиш этилди ва кўплаб саволларга ойдинлик киритилди.
Ибтидоий ва Антик давр бўйича етакчи олимлар Рустам Сулаймонов ва Шокиржон Пидаев томонидан бўлимни бойитиш юзасидан қимматли кўрсатмалар берилди.
Қадимги давр ёзув маданияти бўйича республикамизнинг саноқли олимларидан бири Мирсодиқ Исҳоқов Ўзбекистон ҳудудидан топилган “Суғд ҳужжатлари”нинг ноёб намуналарини экспозициядан ўрин олишига яқиндан ёрдам кўрсатишини билдирди. Музейшунослик соҳасида улкан мактабга эга бўлган профессор Жаннат Исмаилова бўлимга қўшимча ноёб артефактларни жалб қилиш, бўлимнинг очиқ ҳудудларини мобиллашган витриналар билан жиҳозлаш ва мавзуга доир макетлар орқали бойитиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё бўлими” экспозициясида 100 дан ортиқ экспонатлар ўрин олиши кутилмоқда. Улардан “Бодхисатва ҳайкали”, “Кушон тангалари”, “Эфталийлар даврига оид идиш намунаси”, “Оссуарийлар”, “Афросиёб ва “Қўйқирилган қалъа” шаҳарлари макети ва бошқа артефактлар бўлимнинг “шоҳ асарлари” қаторига киради.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
2-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ. Ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда.
Маълумки, “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади.
Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий ривояти).
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Субулус салом” номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси