“Қуръони карим ва тажвид”
Бухорои шарифдаги 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасаси таркибида “Қуръони карим ва тажвид” курси очилгани юртимиздаги кўплаб мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Курсга нафақат бухоролик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан Қуръон шайдолари келиб таълим олмоқда. Улар орасида ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам борки, уларнинг ихлоси, муҳаббати ва ғайрати таҳсинга сазовор.
Хусусан, мазкур таълим муассасасидаги “Қуръон ва тажвид” курсида таҳсил олаётган навоийлик Ҳазрат бобо Султонов (84 ёшда) гуруҳда энг аълочилардан. У Навоийдан қарийб 100 километр масофани босиб келади. Ҳар дарсда фаол қатнашади. Бирор дарсни қолдирмайди, балки дарс бошланишидан камида бир соат олдин келиб кутиб ўтиради. Дарсдан ташқари вақтларда ҳам қўшимча дарс олишга ҳаракат қилади.
Яна бир ана шундай фаол тингловчилардан бири андижонлик Абдулазиз бобо Деҳқонов (66 ёшда) айнан Мир Араб олий мадрасасида очилган “Қуръон ва тажвид” курсида ўқиш учун Андижондан Бухорога келиб, ижарада яшаб, курсни муваффақиятли тамомлагач, сертификат олди. Илм олишга ҳарис бўлган отахон шу билан тўхтаб қолмай, мустақил равишда Қуръони каримни тажвид қоидасига тўлиқ риоя қилган ҳолда бошидан охиригача ўқишга киришди ҳамда Каломуллоҳнинг охирги беш порасини Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўқиб тугатиб, хатм қилишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, Хоразм вилоятидан келган 73 ёшли Ражаб бобо Рўзматов ҳам Каламуллоҳга бўлган муҳаббати, кучли иштиёқи билан ёшларга намуна бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир”, деганлар. Шундай экан, мўмин киши туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши лозим. Зеро, илм икки дунё саодатига эришиш калитидир.


Баҳриддин ХУШБОҚОВ
2-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ. Ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда.
Маълумки, “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади.
Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий ривояти).
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Субулус салом” номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси