Aмман (Иордания) университети профессори, Булғор Ислом академияси ўқитувчиси, Шайх Абдураззоқ Саъдий жамиятда оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйидаги омилларни келтиради:
- ёшлар оила тушунчаси, эр ва аёлликнинг бурч ва масъулиятини тўлиқ ҳис этмаслиги;
- айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбияси ва таълимига масъулиятсизлик билан қараши;
- оиланинг моддий-маънавий ҳолати: камчилик, борига қаноат қилмаслик, ўзаро тушуниш, сабр-тоқатнинг етишмаслиги;
- эр ёки хотиннинг хиёнати, аёлга нисбатан зўравонлик;
- интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оила қадриятларига ёт бўлган омилларнинг таъсири;
- жинсий муносабатларда тиббий нуқсонлар ва ҳоказо омиллар сабаб бўлмоқда.
Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида эса қуйидаги тавсияларни келтиради:
- ёшлар оила қуришдан аввал бўлажак турмуш ўртоғининг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқи, маънавий гўзаллигига эътибор қаратиши лозим;
- оилавий муносабатларда ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларда, шошма-шошарлик билан ажралиш учун тараддуд кўриш керак эмас, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун ҳаракат қилиш керак;
- оилада иқтисодий танглик ҳолатида борига қаноатли ва сабрли бўлиш;
- сўзи таъсирчан ҳамда намунали оила вакиллари томонидан оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда тушунтириш ишларини тизимли ташкил этиш;
- диний идора тизимида оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида фиқҳий илмга эга бўлган етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
iiau.uz манбаси асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!
Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.
Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.
Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан