Ҳикоя қилинишича, бир олим шайх шогирди билан боғ ичра сайр қилиб юришганди. Сайр асносида эски пойафзалга дуч келишибди. Икковлари бу пойабзал шу боғда ишлаётган бир камбағал фақирга тегишли эканини ва у шу пайтда ишини якунлаб пойафзалини олишга келишини тушунишди.
Шунда шогирд устозга дебди:
Устоз, ҳазил қилиб бу ишчини пойафзалини яшириб қўймаймизми, уни олишга келганида йўқолиб қолганини кўрганда нима иш қилишини томоша қиламиз.
Улуғ устоз унга шундай жавоб берди:
Бошқаларни ғамга тушуриш ила кўнглимизни кўтармаслик лозимдир. Болам, сен бойроқсан. Сен ўзинга ҳам шу камбағалга ҳам бахт-саодатни жалб қилишинг имконига эгасан-ку. Унинг пойафзали ичига нақд пул солиб қўй-да, биз яширинамиз. Буни унга қандай таъсир қилишини кўрамиз.
Бу таклифдан шогирд хурсанд бўлиб, ичига пул солиб қўйибди. Икковлари ишчининг бунга муносабатини кўришлани учун дарахт ортига яширинишди.
Бироздан кейин ишини тугатиб жулдур кийимда ишчи пойафзалини олиш учун келди. Оёғини суққан ҳам эдики, ичида нимадир борлигини билди. Уни чиқариб олиб қарасаки, нақд пуллар. Иккинчи пойини олиб қараса, унда ҳам нақд пул топди.
У бироз пулларга тикилиб турди. Туш кўрмаётганини англаш учун пулга қайта-қайта назар солар эди. Кейин бирор кимсани топармикинман деган ўй билан ҳар томонга аланглаб қаради.
Пулларни чўнтакка солиб тиззасига йиқилди-да, йиғлаган ҳолида осмонга назар солиб баланд овоз ила Роббига муножот қила кетди;
Эй Роббим! Сенга шукрларим бўлсин. Эй, хотинимнинг бетоблигини ва фарзандларим нон топа олмаётганидан оч қолганини билган Зот! Мени ҳам фарзандларимни ҳам ҳалокатдан қутқардинг.
У узоқ вақт осмонга тикилганича мана шу Раббоний туҳфага шукр ўлароқ йиғлади.
Шогирд бундан қаттиқ таъсирланиб икки кўзи ёшга тўлди.
Шунда улуғ устоз деди:
Ана энди сен айтган унинг пойафзалини яшириб қўйиш таклифингдан кўра ўзингни кўпроқ бахтиёр сезмаяпсан-ми?!
Шогирд жавоб берди:
Тирик эканман, ҳеч ҳам унутмайдиган дарс олдим. Ана энди, ҳаётимда мен фаҳмламаётган баъзи сўзларнинг маъносини англаб етдим; сен ато берганингда олганингдан кўра кўпроқ бахтли бўласан.
Шунда устози деди:
- Билки, ато беришнинг турлари бор;
- Жазолашга қодир бўла туриб, кечиб юборишинг, атодир.
- Биродаринга ғоибона дуо қилишинг, атодир.
- Унинг учун узр талаб қилиб, ёмон гумондан четта бўлишинг, атодир.
- Биродаринг ғоиблигида унинг обрўсини ҳимоя қилишинг, атодир.
- Шуни билингки, азиз ўқувчи, нубувват йўли ато бериш устига қурилгандир. Зўравонларнинг йўли эса тортиб олиш устига қурилгандир.
- Ҳаётингизга назар солинг, сиз ато бериш билан яшаяпсизми ё тортиб олиш билан-ми?
- Бошқаларнинг ҳаёти сиз туфайли енгиллашяпти-ми ё қийинлашяпти-ми?
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ
Манба: vakillik.uz
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.