Мазҳабимизни ўрганамиз
Якка тартибда ривоят қилган ҳадисларга фуруъий масалаларда амал қилиш борасида Имом Абу Ҳанифа ва асҳоблари ҳамда улардан кейинги ҳанафий олимлар Рай – фикр билдириш масаласида бошқа фақиҳлар (ислом ҳуқуқи олимлари) ва барча муҳаддислар қўйган шартларга амал қилишган. Бу ровийнинг адолати ва забти, яъни ҳадисни хотирасида мустаҳкам сақлашидир. Ҳанафий фақиҳлар “забт” маъносининг тафсирида бошқаларга қараганда қаттиқроқ бўлишди. Фахрул ислом Имом Баздавий ўзининг “Усул” китобида буни жуда дақиқ баён қилган. У шундай дейди: Забт – мукаммал билишдан мурод ровий ҳадисни жуда яхши эшитган бўлиши ва ундан ирода қилинган маънони яхши фаҳмлаши ҳамда эшитганини мукаммал ҳолда ёдида сақлаши ва эшитган ҳадисни батафсил ҳифзида сақлашида собит туриши, ҳадисни ривоят этгунга қадар ўзига талабчан бўлишида бардавом бўлишидир. Бу ҳолат икки хил бўлади:
биринчиси, ҳадис матни тартиби ва луғавий маъносини тўла билиши;
иккинчиси, бунга қўшимча равишда мазкур ҳадисни фиқҳ ва шариат нуқтаи назаридан яхши билиши ҳам қўшилади. Бу мукаммаллик бўлиб ҳисобланади.
Мутлоқ яхши билиш ўз ичига камолотни олади. Шунинг учун ҳам ровийнинг хилқий ғафлати, яъни билмаслиги ёки билимсизлиги ровий забтида ҳадис таркиби ва маъносини мукаммал билиш мавжуд эмаслигига ҳужжат бўлади. Натижада қайси ҳадис кучлироқ ёки ундан мурод нима эканини билишда фиқҳни яхши билган ровийнинг ривояти фиқҳни яхши билмаган ровийнинг ривоятидан устун бўлади.
Юқоридаги мазмундан маълум бўладики, ҳанафий мазҳаб фуқаҳолари “забт” яъни яхши билиш ва англашни нозик қирраларини яхши билган ва ровийнинг фақиҳ бўлишида “забт” маъносини батафсил баён қилишган. Аммо улар ровийнинг ривоятини қабул қилишда уни олиш шарт эканига эътибор қилишмайди. Балки ровийнинг ҳадиси ишончлироқ бўлишини шарт қилишади. Агар икки ривоят бир-бирига зид бўлса: биринчи, фақиҳ, яъни билимдон ровий ривоят қилган бўлса, иккинчисини эса фақиҳ бўлмаган ровий ривоят қилган бўлса, ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари фақиҳ ривоятини афзал биладилар, зеро бу забтлироқдир, билишда кучли, динни кўпроқ билади ва англайди. Биз бу ҳолатни яъни ровийнинг фақиҳ бўлиши муҳим эканлигини Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Зоий раҳимаҳуллоҳ билан баён қилган мунозарасини ўзининг тилидан ривоят қиламиз.
“Суфиён ибн Уина ривоят қилиб, бундай деди: Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Маккада тикувчилар ҳовлисида Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлди. Имом Абу Зоий Имом Абу Ҳанифага деди: “Нима учун сизлар намозда рукуга борганда ва ундан кўтарилганда қўлларингизни кўтармайсизлар?” Имом Абу Ҳанифа айтди: “Шунинг учунки намозни бошлаш вақтидан ташқари руку ва ундан туришдан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтарганлари ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ эмас”. Имом Авзоий: “Бу қандай? Менга Зуҳрий у Салимдан, у отасидар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ қўлларини кўтарганликларини баён қилинган-ку?” деди. Шунда Абу Ҳанифа айтди: Бизга Ҳаммод у Иброҳимдан, у Алқама ва Авсдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисдан Расулуллоҳ алайҳии васаллам намозни бошлашдан бошқа бирон бир ҳолатда қўлларини кўтармаганликлари ҳақида ривоят қилингани ҳақида баён этилган.
Шунда Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ деди: “Мен сизга Зуҳрийдан, у Салимдан, у отасидан ривоят қилган ҳадисни айтсам, сиз Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилган ҳадисни келтирдингиз-а?” деди. Имом Абу Ҳанифа деди: Ҳаммод Зуҳрийга қараганда фақиҳроқ, Иброҳим Салимга қараганда фақиҳроқ, Алқама ҳам Абдуллоҳ ибн Умардан кам эмас, агарчи Абдуллоҳ саҳоба бўлса ҳам Асваднинг фазилати кўп.
Бошқа бир ривоятда шундай келади. Иброҳим Салимга қараганда фақиҳроқ. Абдуллоҳ ибн Умар саҳобалик фазилати бўлмаганда Алқама Абдуллоҳ ибн Умардан кўра фақиҳроқ дердим. Абдуллоҳ эса ибн Масъуддир. Унинг даражасига эса зикр этилганларнинг биронтаси ҳам етолмайди.
Мазкур мунозара шунга далолат қиладики, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳадис устиворлигида ровийнинг фақиҳ билимдонлигини мулоҳаза этган. Шунинг учун ҳам фақиҳроқ билимдонроқ ровийнинг ривоятини юқори даражага қўйган. Бир сўз билан айтганда, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, ўз асрида ҳадисни бошқаларга қараганда яхшироқ билган ва тушунган. Ҳадис забтига доир шартларига риоя қилганлиги учун ҳам ҳадис ривоятлари кўп эмас.
Илмий мунозарада номлари зикр этилган фақеҳларнинг мухтасар сийратлари:
Имом Зуҳрий Қуръони карим илмлари, араблар насабини яхши билар эди. Унинг хотираси жуда ўткир ва мустаҳкам бўлган. Шунинг учун у хотирани заифлаштиради деб нордон олма емас, доим асалли шарбат ичарди. Унинг устоз ва шогирдлари зиёда кўп бўлган.
У етук фақиҳ, муфассир, муҳаддис, олим сифатида ўзига ўхшаган етук илмли кўплаб Умар, Усмон, Али, Салмон, Абу Дардо, Холид, Хузайфа, Оиша, Саъд, Аммор раҳимаҳуллоҳ каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.
Алқама ҳижрий 62 санада 90 ёшда вафот этган. Вафоти олдидан шундай васият қилган эди: “Вафотим яқинлашса олдимда менга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турадиган кишини ҳозир қилинглар, вафот этсам мени дарҳол қабримга дафн этинглар, зеро, вафотим хабари жоҳилият хабарига ўхшашидан қўрқаман.
Манбалар
Абдулҳамид ТУРСУНОВ,
ЎМИ раиси маслаҳатчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир бой одам кўнгли тусаган, хаёлига келган ҳар қандай нарсани сотиб олаверарди. Бир фақир киши эса ўзи хоҳлаган нарсани сотиб ололмас, фарзандларига таом, либос олиб беролмасди. Фақир фарзандларига овқат олиб бериш учун иш излар эди. Шу аснода бояги бойнинг уйига бориб, унга қўриқчи сифатида ишга кирмоқчи бўлди. Бой ундан «нима иш қилишни истайсан» деб сўради. Бечора фақир «болаларим учун нима иш бўлса қилавераман» деди.
Бой: «Сен уйимни қўриқлайсан, нарсаларни йиғиштирасан ва уйни чиқиндилардан тозалайсан», деди.
Фақир: «Ишни қачондан бошлайман» деб сўради.
Бой: «Ҳозирдан бошлайсан» деди.
Бечора фақир ишни бошлаш учун кийимларини алмаштира бошлади. Кунларнинг бирида камбағал ишчи ишдан хориб, чарчаб уйига йўл олди. Фарзандларига бироз таом, ширинликлар кўтариб олган эди. Эртаси куни ишга борса, бой кеч келгани учун уни ҳақорат қила бошлади. Орадан кунлар ўтди. Бечора фақир бой буюрган барча ишларни қилиб юрарди.
Бир куни бой ҳамма нарсасидан айрилиб, ҳеч вақосиз қолди. Камбағал, фақир ишчисига берадиган пули ҳам қолмади. Бечора ишчи эса пул олмай бойнинг уйида текинга хизмат қилиб юрди.
Кунлар ўтиб бойнинг моддий ҳолати яхшилана бошлади. Ана шунда бой текинга хизмат қилган фақирнинг қадрига етиб, маошини ошириб, машаққатли ишини бироз камайтирди. Унга ўзининг ер майдонидан бир қисмини ажратиб бериб, у ерга фақир ишчиси ва унинг оиласи истиқомат қилиши учун уй қуриш ҳаракатларини бошлаб юборди.
Азизлар, ишингиз орқага кетганда ҳам сизни ташлаб кетмаган инсонни қадрланг. Ишингиз ўнгланганда унинг сизга кўрсатган мурувватини муносиб тақдирланг.
Унутманг, бойлик, молу дунё бировни камситиш, таҳқирлаш учун эмас, балки синов учун берилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!