Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ал-Ясаъ алайҳиссалом – Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча марта зикр қилиб мақтаган пайғамбарлардан биридир. Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилган:
“Яна Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир” (Сод сураси, 48-оят).
“Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаларини оламлар узра афзал қилдик” (Анъом сураси, 86-оят).
Тарихчилар Табарий ва Ибн Асокирнинг маълумотларига кўра, Ал-Ясаъ алайҳиссалом – Бани Исроил пайғамбарларидан бўлиб, тўлиқ исми Аспот ибн Ади ибн Шутлам ибн Афраим ибн Юсуф алайҳиссаломдир.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом Илёс алайҳиссалом вафотидан сўнг унинг даъватини давом эттирди. Унинг замонида золим кимсалар пайғамбарларни ўлдиришган, мўминларга азият етказишган.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг азоби билан огоҳлантирган, аммо итоат қилишмаган. Кейин Аллоҳ уларга қаттиқ азоб юборган.
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича, Ал-Ясаъ алайҳиссалом Шом (Сурия)даги Банияс шаҳрида яшаган.
Ривоят қилинишича, Ал-Ясаъ алайҳиссалом қарилик чоғида: “Ўзимга бир кишини ўринбосар қилиб тайинлаб, уни шу орқали синайман”, дея қарор қилди. Ўринбосарликка даъвогардан қуйидагилар талаб этилди:
1. кундузи рўза тутиш.
2. тунда ибодат қилиш.
3. ғазабланмаслик.
Оддий, камтар бир одам: “Мен шу шартларга риоя қила оламан”, деди. Биринчи куни қабул қилинмади. Иккинчи куни ҳам ўша киши бу вазифага шайлигини айтгач, Ал-Ясаъ алайҳиссалом уни ўзига ўринбосар этиб тайинлади. Бу зотнинг кейинчалик Зул-Кифл алайҳиссалом бўлгани айтилади.
Иблис шайтонларга деди: “Фалончи билан шуғулланинг!” Улар бу ишда ожиз қолишди. Шунда Иблис: “Мени ва уни қўйинг!” деди ва Зул-Кифлга кекса, камбағал қария суратида келди. У Зул-Кифл пешин вақти (қайлула) уйқуси учун ётган пайтда келди. Зул-Кифл кундуз ва кечаси ухламас эди, фақат шу қайлула уйқусида бўларди. Иблис эшикни тақиллатди. Зул-Кифл: “Бу ким?” деди. У: “Зулмга учраган кекса қарияман”, деди. Зул-Кифл ўрнидан туриб, эшикни очди. Шундан сўнг қария ўз қавми билан жанжали, унга қилинган зулм ва адолатсизликлар ҳақида узоқ гапира бошлади. У гапини шунчалик чўздики, Зул-Кифлнинг қайлула вақти ўтиб, одамлар билан мажлис вақти ҳам етиб келди. Зул-Кифл қарияга: “Мажлисга борсам, сенинг ҳаққингни оламан”, деди. Қария чиқиб кетди, Зул-Кифл эса уйқусиз мажлисга борди. Аммо қария мажлисга келмади.
Мажлис тарқади, қария ҳали ҳам келмади. Эртаси кун яна мажлис бўлди, лекин унда ҳам қария келмади. Зул-Кифл қайлула учун уйга қайтгач, қария яна эшикни тақиллатди. Зул-Кифл: “Бу ким?” деди. “Зулмга учраган кекса қария”, деди у. Зул-Кифл эшикни очиб: “Мен сенга мажлисга кел, демадимми?” деди. Қария: “Улар жуда маккор қавм, сен мажлисда бўлсанг, ҳаққимни берамиз, дейдилар, сен кетсанг, инкор қилишади”, деди. Зул-Кифл: “Ҳозир бор, мажлисга кел”, деди. Яна қайлула вақти ўтди, Зул-Кифл мажлисга борди, қарияни кутди, лекин у келмади.
Уйқусизлик унга оғир кела бошлади. У уйга қайтиб, уйқу учун ётгач, аҳлига: “Бу эшикка ҳеч кимни яқинлаштирманг, уйқум оғирлашди”, деди. Қария яна келди, лекин уни ичкарига киритмадилар. Қария: “Кеча келгандим, Зул-Кифлга муаммомни айтгандим”, деди. Улар: “Йўқ, бизга ҳеч кимни яқинлаштирмаслик буюрилди”, дейишди. Шунда қария девордан ошиб, уйга кириб, ичкаридан эшикни тақиллатди. Зул-Кифл уйғониб, аҳлига: “Сизларга ҳеч кимни киритмасликни айтмадимми?” деди.
Улар: “Ҳеч кимни киритмадик, қаердан кирди, кўринг”, дейишди. Зул-Кифл эшикка борди, лекин эшик қулфланган эди. Уйда қарияни кўриб, уни таниди ва: “Аллоҳнинг душманимисан?” деди. Қария: “Ҳа, сен мени ҳар ишда чарчатдинг, сени ғазаблантириш учун буларнинг ҳаммасини қилдим”, деди. Аллоҳ Зул-Кифлни “Зул-Кифл” деб атади, чунки у ўз зиммасига олган вазифани тўлиқ бажарди.
Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.