Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446

Болалик Рамазонлари

15.06.2017   92618   2 min.
Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

Рамазон
Бошқа мақолалар
Видеолар

"Маҳалла еттилиги"нинг вазифалари нималардан иборат?

26.12.2024   2   1 min.

О'збекистон Маҳаллалар уюшмаси томонидан тайёрланган юқоридаги роликда "Маҳалла еттилиги" таркибининг вазифалари ҳақида ма'лумот берилган.

"Еттилик" қуйидагилардан таркиб топган: маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ ходими ҳамда ижтимоий ходим.

ВИДЕО