Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Декабр, 2024   |   20 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:45
Пешин
12:26
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Декабр, 2024, 20 Жумадул сони, 1446

Фаҳшдан қутула олмаяпман

3.10.2024   4935   2 min.
Фаҳшдан қутула олмаяпман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шайхлардан бири айтади: “Кунларнинг бирида ёш йигит намоздан кейин мендан: “Иймоним сустлашиб кетяпти, қандай қилиб кучли қилсам бўлади?” деб сўради.

Мен унга: “Яхшиликлар қилишда бардавом бўл. Асло гуноҳлар сени хайрли амаллар қилишдан тўсиб қўймасин. Чунки солиҳ амаллар иймонни бақувват қилса, гуноҳлар эса иймонни суслаштиради. Агар сенинг ёмон одатларинг бўлса, уларни яхши амалларга ўзгартир”, деб жавоб бердим.

Афсуски, бугунги кунда фаҳш кенг тарқалиб, унинг ботқоғига ботаётганлар кўпайиб бормоқда. Бу иллат – давримизнинг вабоси саналади. У нафақат инсоннинг онгига, балки бутун жисмига салбий таъсир этади.

Фаҳшдан сақланишнинг энг осон ва самарали йўли бу – кўзни тийиш: “Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

Кимки фаҳш акс этган расм ёки видеога кўзи тутиши билан кўзини тийса, Аллоҳ уни кўриб турганини унутмаса, фаҳшдан қутулиб қолади. Аммо фаҳшга қарашдан назарни тиймаслик эса шаҳватни қўзғотади, энди уни жиловлаш ва тўхтатиб қолиш мушкул бўлади.

Кўзни тийиш бандани нафақат фаҳшдан узоқ қилади, балки қалбига хотиржамликни баҳш этади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда: “Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади, дейилган.

Агар Аллоҳ қайтарган, ҳаром қилган нарсаларга қарар экансиз, сиз Аллоҳнинг берган неъматини зое қилаётган, ундан нотўғри фойдаланаётган бўласиз. Қиёмат куни бунинг учун албатта жавоб берасиз.

Шунингдек, фаҳшдан тийилиш учун Аллоҳга ёлвориб илтижо қилинг. Намозни ўз вақтида, хушуъ-хузуъ ила адо этинг. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг намози уни фаҳш ишлар ва мункардан қайтармас экан, у намози ила Аллоҳдан фақатгина узоқлашиб боради”, деганлар (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ғазаби ва азобига сабаб бўладиган амаллардан узоқ қилсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишнинг зарарлари

20.12.2024   24736   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати