Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"Ўликлар ўлганлари учун йиғламайдилар, балки улар қўлдан бой берган нарсалари учун ҳасрату надомат чекиб йиғлайдилар. Аллоҳга қасамки, фойдаланиб қолмаган диёрлари қўлдан кетди, ҳозирлик кўрмаган диёрга келдилар.
Бу дунё "ижарага олинган уй"дир.
Сиз уни ҳар қанча ўз мулкингиз деб ўйламанг, сиз хато қиляпсиз.
Дунёда топган неки нарсангиз бор, бир кун уни ташлаб кетасиз.
Охират "сизнинг мулкингиз"дир. Ҳозир уни обод қилиш имконияти сизда бор. Бас, уни чиройли қилиб безатинг. Ер остида Аллоҳнинг ўзигагина маълум бўлган муддатда ётасиз. У ерда ҳеч қандай фойдали амал қилиш имконияти бўлмайди. Ҳатто биттагина тасбиҳ айтишга ҳам қодир бўлмайсиз.
Бас, шундай экан, ўлишдан олдин тирикликни ғанимат билинг.
Орамизда шундай оддий инсонлар борки, улар биз билан бирга ер юзида яшайдилар. Уларнинг на молу дунёси ва на мансабу мартабаси бор. Аммо, уларнинг охиратдаги мулклари жуда кенг. У ерда улар учун қасрлар қурилмоқда, боғлар яратилмоқда.
Сиз ҳам солиҳ амаллар қилишни кўпайтиринг, шоят Аллоҳ таоло дунё ва охиратингизни саодатли қилса".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати