Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида устун бўлиб турувчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ёғочлардан бирининг ёнида туриб хутба қилардилар. Баъзан узоқ муддат тик туриб қолардилар. Шунинг учун устида ўтириладиган бирор нарса ясаб бермоқчи бўлиб, бир ансорий аёл: “Ё Расулуллоҳ! Менинг дурадгор қулим бор Сизга минбар ясаб берайликми?” деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, агар (шуни) хоҳласанг” дедилар. Минбар ясаб бердилар.
Келаси жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқмоқчи бўлдилар, шунда хурмо дарахти худди ёш бола каби баланд овозда йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги ёғочни силаб юпатдилар. Шундан кейин тинчланди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачон шу ҳадисни айтиб берсалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганларига бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” деб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йили ясалган.
Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар.
Кейинчалик Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки поғонага қўйганлар.
Умар розияллоҳу анҳу ҳам хутбада ўтирганларида биринчи поғонага ўтириб, оёқларини ерга қўйиб турганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шу ҳолат давом этган.
Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу минбарга поғоналар қўшдирган ва уларнинг сони тўққизтага етган.
Ҳижрий 654 йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетди.
Ҳижрий 658 йилда Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган.
Ҳижрий 998 йилда Султон Мурод III Усмоний томонидан юборилган минбар Масжиди Набавийга қўйилган охирги минбар саналади. Минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор.
Минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбаримнинг орасида жаннат боғларидан бири бор. Минбарим эса ҳовузимнинг устидадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган муборак Равзада такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.
У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.
Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.
Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.
Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.
Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан