Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Миш-мишларга эътибор берманг... Фалончи сиз ҳақингизда мана бундай деяпти, фистончи мени ҳақимда ана ундай туҳмат тарқатаётган экан, дўстим мендан ўзини тортиб қолди ва ҳоказолар ҳақида ўйлашни бас қилинг. Фалончилар ва фалон нарсалар ҳақида фикрингизни беҳуда банд қилишдан сақланинг.
Бундай нарсалар сизга фақат муаммолар, кўнгилсизликлар ва ҳатто турли касалликлар келтиради ҳолос.
Сизга кимлар ноҳақлик қилгани, кимлардан ёмонлик кўрганингиз, қандай қилиб сиз уларга жавоб қайтармай юрганингиз каби ўтмиш воқеа-ҳодисаларни унутинг. Зеро, ўтмишдаги бундай ишларни эслаш қалбингизда қайтадан ғазаб ўтини ёқади, нафратингизни оширади, ўшанда қанчалик ожиз бўлганингизни ҳис қилдиради. Ўзингиздаги камчилик-нуқсонларга диққат-эътиборни қаратаверманг.
Анчагина маблағга муҳтожман, қаердан олсам экан? Қанийди мана бу дардга чалинмаганимда эди, кошки кенг уйим бўлганида эди… Ишонинг, агар сиз ўша орзу қилган нарсаларга эришсангиз, улар ҳам сизга оз кўринади ва унданда кўпроғини орзу қиласиз. Чунки қаноатсизлик инсонни ҳеч нарсадан қониқмаслигининг асосий сабаби.
Ҳеч қачон ўз ҳаётингизни бошқаларники билан солиштирманг. Сизда бор нарса балки, ўша сиз ҳавас қилган инсонда бўлмаслиги мумкин. Аллоҳ таоло одил Зот, ҳар кимга ризқини адолат ила тақсимлаб қўйган. Фалончи мендан ортиқроқ, менинг ҳам фарзандларим фистончининг фарзандларидек бўлганида эди, фалончи бахтли, мен бахтсизман... Бас, тўхтанг, ҳамма нарсани ўзингизни қосир ақлингиз, тор фикрингиз билан қиёслайверманг.
Сизга ҳар қанча ёмонлик қилган бўлсада, у одамдан ўч олиш ҳақида ўйламанг. Чунки ўч олиш нияти сизни ҳаётингизни издан чиқаради, қалбингизда адоват пайдо қилади. Бордию ўч ололмай қолсангиз, умрингиз давомида армонда ўтасиз.
Ҳаёт сиз ўйлаганданда буюкроқ, уни сизга машаққат туғдирадиган, асабингизни бузадиган ишлар билан ўтказиб юборишингиз ярамайди. Ҳаёт инсонга берилган катта имконият, буюк фурсат.
Атрофингизга ибрат назари билан боқинг, сиздан кўра бахтсизроқ, сизданда оғирроқ мусибатларга мубтало бўлганлар бор. Очликдан ўлаётган, сувсизликдан қийналаётган, доимий уруш алангалари ичида юрак ютиб яшаётган халқлар бор.
Бирорта руҳий хасталиклар касалхонасига бориб кўринг, ўзингизни ҳолингизга мингдан-минг шукр, ҳамду санолар айтиб юборасиз. Уларнинг мусибати олдида сизники ҳеч нарса эмаслигига тан берасиз, амин бўласиз.
Хонадонингизда қувирдан оқиб турган муздек зилол сувдан қониб ичингда, ҳаётдан ҳузурланиб, умр неъматидан унумли фойдаланинг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
2024 йил 26 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида амалий тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари, Янгийўл тумани имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойилар “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш, масжидни бошқариш, фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, пешин намозларида долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилиниб, Ишчи гуруҳ тузилди.
Кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Янгийўл шаҳрининг 2 та масжиди ҳамда 22 та маҳалласига бириктирилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари оилаларга кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Тарғибот тадбири давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Хусусан, Янгийўл туманидаги “Хонтўра ҳожи” жоме масжиди ҳудудида 100 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, “Эзгулик боғи” номли мўжаз боғ яратилди.
Зайниддин домла Эшонқулов кўчат экишда қатнашган имом-хатиблар ва маҳаллий аҳолисига юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида мазкур боғ айтилган сўзнинг амалий ифодаси бўлганини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб, барчани бундай эзгу ишларга ҳисса қўшишга чақирди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Янгийўл тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2024 йилнинг 12 декабрь куни Чиноз туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати