Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ الْعَوَّامِ بْنِ حَوْشَبٍ قَالَ: قَالَ لِي مُجَاهِدٌ: لَا يَرْفَعُ وَلَدٌ يَدَ وَالِدِهِ عَنْهُ، يَدَعُهُ يَصْنَعُ بِهِ مَا شَاءَ.
Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади: «Мужоҳид менга: «Бола ўзидан отасининг қўлини қайтармайди. Ота уни нима қилса, тек қўяди», деди».
Шарҳ: Агар ота боласини уриб турган бўлса ҳам, фарзанд унинг қўлини қайтармайди. Балки тек қўяди, нимани хоҳласа, қилсин. Баъзи вақтларда ота-она қандайдир бир ҳолатга тушиб, қўл кўтарганда ҳам фарзанд индамай туриши, ота-онасининг қўлини қайтармаслиги, силтамаслиги, ўқрайиб қарамаслиги керак. Майли, ота-она нима қилса қилсин, фарзанд сабр қилса, савоб олади.
Албатта, отанинг вояга етган боласини уриши нодир ҳолат. Аммо мабодо шу иш содир бўлиб қолса, бола ўзидан отанинг қўлини қайтармаслиги керак бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.