Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Ҳурматли раис жаноблари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Глобал сиёсат кун тартибидаги энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган бугунги муҳим саммитимизни ташкил этганлари учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Аъло Ҳазратларига ҳамда Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Ҳазрати Олийларига алоҳида миннатдорлик билдираман.
Минг афсуски, 2023 йили Ар-Риёд шаҳридаги тарихий йиғилишдан кейин ўтган вақт мобайнида ушбу адолатсиз ва қонли уруш кўлами янада кенгайди.
Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда.
Ҳамкасбларим ўз нутқларида айтиб ўтганларидек, минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда.
Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас.
Энг ёмони, ҳаммамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, ушбу фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилмоқда. Бу эса урушнинг кенг ёйилиб кетиш эҳтимолини кескин оширмоқда, халқаро хавфсизликка жиддий рахна солмоқда.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Бу борада бугунги саммитимизда умумий сиёсий ирода ва бирдамликни намоён этиб, глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқиб, ҳаётга тезроқ жорий этилишига ишонамиз.
Гап, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг мазкур кўп йиллик низони ҳал этишдаги ўрни ва таъсирини тубдан ошириш ҳақида бормоқда.
Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва энг асосийси – тинчлик музокараларини бошлаш масалалари бу универсал халқаро тузилманинг доимий эътибор марказида туриши мақсадга мувофиқдир.
Иккинчидан, 15 ноябрь куни жафокаш Фаластин халқи ўз миллий байрами – Фаластин Давлати эълон қилинган кунни нишонлайди.
Аминманки, бу қадимий ва бой тарихга эга халқ 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақлидир. Бу борада биз Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолиятини ҳар томонлама маъқуллаймиз.
Учинчидан, Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида давлатларимиз томонидан ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ёрдам кўламини кенгайтиришимиз лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг катта тажрибага эга бўлган Махсус агентлиги ва бошқа институтлари фаолиятига зарурий кўмакни ошириш тарафдоримиз.
Шу ўринда биз урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёрлигимизни билдирамиз.
Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз.
Тўртинчидан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига катта эътибор қаратишимиз лозим.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бугунги фавқулодда учрашувимиз Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда катта қадам бўлади, деб умид қиламан.
Аллоҳ таолодан жаҳонда тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик неъматини зиёда этишини ва умматимиз аҳиллигини янада мустаҳкам қилишини сўраб қоламан.
Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири