Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Динни тўғри англаш деганда, Қуръон ва Суннатни саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид имомларнинг тутган йўли орқали тушуниш назарда тутилади. Бу эса фиқҳ, ақийда ва ахлоқ мазҳаблари воситасида амалга ошади. Бу уммат хатодан муҳофаза қилинган, бу ҳақда Қуръон ва Суннатда саҳиҳ хабарлар ворид бўлган. Демак, бу йўл муҳофаза қилинган экан. Умматимиз эса Ислом тарихи давомида айнан шу йўлдан юриб келди. Агар биз бу йўлни муҳофаза қилинган, демасак, Қуръонни ёлғонга чиқарган бўлиб қоламиз.
Аҳли суннанинг афзаллиги шундаки, у фақат мустаҳкам илмларга эргашади ва шу йўлдан кетади. Биз Ислом тарихидан билган барча буюк давлатлар – умавийлар, аббосийлар, усмонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар ва бошқалар мазҳаб йўлидан юришган. Агар уларни ҳақ демасак, демак, ботил деган бўлиб қоламиз. Энди айтинг-чи, сиз бу умматнинг залолатдаги уммат дейилишига рози бўласизми?
Таҳаллул ва ташаддуд мактаблари мазҳабларни умумий маънода тан олишмайди, умматни ҳақ йўлда деб ҳисоблашмайди ҳам. Аслида эса минг йилдан ошдики, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санад ҳам йўқ. Мазҳаблар орқали, мазҳаб уламолари воситасида у зотга етиб борадиган йўллари ҳам мавжуд эмас. Улар ўзлари фахрланадиган умматга тегишли ҳам эмас.
Биз эса бу уммат билан фахрланамиз, бошқа ҳеч бир умматнинг бундай шарафли тарихи йўқ деб биламиз. Улар эса тарихга шубҳа билан қарашади, дин пешволари ҳақида нолойиқ гаплар айтишади, ақийда борасида айблар тўқишади. Биз эса барча уламолар ҳақида фақат яхши гумонда бўламиз.
Бу буюк зотларда тарбиявий-тасаввуфий мактаблар бўлган; ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий фиқҳий мазҳаблари бўлган; мотуридия ва ашъария ақийдавий мазҳаблари бўлган. Мана шу тўғри йўлдир. Мана шу йўлдан юриб, мусулмонлар ер юзига ҳукмрон бўлишди, раҳбар бўлишди, устоз бўлишди. Ислом ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлди.
Юқорида айтганларимнинг барчасидан шундай хулоса қиламанки, Аллоҳнинг душманлари таҳаллул ва ташаддуд мактабларини бу умматни бугунги аҳволга келтириш учун ўйлаб чиқаришди. Натижада дин ғариб бир кўринишга келиб қолди, бир мактаб сабабли ҳамма нарса «ҳалол» бўлиб қолди, бошқаси сабаб ҳатто ғулувга кетиб, қон тўкишгача борилди. Шунинг учун одамлар диндан узоқлашиб, дунё билан овора бўлиб кетишди. Уммат барчамиз кўриб турган ҳолатга маҳкум бўлди...
Биз ушбу маълумотлардан нимани ўрганамиз? Айтилган барча муқаддималардан келиб чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан, саҳобалар замонидан, дин пешволарининг юрган йўлларидан ушбу фиқҳий манҳажнинг ҳақ эканига далиллар келтирамиз, бу мавзу доирасида келган шубҳаларга имкон қадар жавоб берамиз. Шу орқали динни тушунишдаги ягона йўл, ҳақ ва тўғри йўл фиқҳий мазҳаблар эканини исботлаймиз.
Фиқҳий мазҳабларни ўрганмай туриб, фақиҳ бўлишнинг мутлақо имкони йўқ. Бу ягона ҳақ йўлдир. Бу Аҳли суннанинг йўлидир. Ҳанафий бўласизми, шофеъий ёки моликийми, бунда муаммо йўқ. Асосийси – мазҳаб ҳақ йўлдир.
Биз бу маълумотларда йўлимизни заиф қилиб кўрсатиш учун келтирилаётган шубҳа ва муаммоларни рад қиламиз. Беш-олтита мавзу шунга бағишланган. Охирида эса ҳанафий мазҳабига амал қилиб яшашга оид муҳим масалаларга ҳам тўхталиб ўтамиз.
Азизлар, мана, мазҳаб ҳақида умумий тушунча олдик, мазҳабнинг ҳақ йўл экани, ундан бошқа йўл залолат экани борасида муқаддима қилдик. Фиқҳ фанини фиқҳий мазҳаблардан айро ҳолда ўрганиб бўлмайди. Мазҳаблардан ажратиб олиб, эллик йил ўргансанг ҳам, фиқҳни ўрганган бўлмайсан. Мазҳаб мусулмонлар учун яхшилик йўлидир, мусулмонлар дуч келаётган барча чалкашликларнинг, муаммоларнинг ечимидир. Биз мана шу манҳажни маҳкам тутиш ҳақида қатъий эътиқодни шакллантиришимиз, интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали мусулмонлар орасида тарқатилаётган барча шубҳа-гумонларни рад қилишимиз керак. Шундан кейин ҳанафий мазҳабининг нозик жиҳатларини қандай тушуниш ҳақида баъзи масалаларнинг қоидаларига тўхталамиз.
Демак, аввало мазҳаб ҳақидаги фикрни шакллантириб, сўнг уни ўрганишга киришиш керак.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
О'збекистон Маҳаллалар уюшмаси томонидан тайёрланган юқоридаги роликда "Маҳалла еттилиги" таркибининг вазифалари ҳақида ма'лумот берилган.
"Еттилик" қуйидагилардан таркиб топган: маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ ходими ҳамда ижтимоий ходим.