Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Декабр, 2024   |   17 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:18
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:19
Bismillah
18 Декабр, 2024, 17 Жумадул сони, 1446

Бугунги кундаги 2 касаллик

5.12.2024   15418   2 min.
Бугунги кундаги 2 касаллик

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ суҳбатларининг бирида “жамиятдаги кўпчилик ўзбошимча фатво бериш ёки тиббиёт билан шуғулланиш каби икки касалликка дучор бўлган” деб огоҳлантирган эдилар.

Дарҳақиқат, диний таълимдан мутлақо бехабар инсонларнинг дин ва тиб илмини билмайдиганларнинг тиб билан машғул бўлишлари жиддий муаммодир. Бундай ҳолатлар динимизда қаттиқ қайтарилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки тиб(илми)ни билмай туриб табиблик қилса, у зоминдир (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зарар кўриш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа, Имом Табароний ривояти).

Ушбу ҳадисларда беморларни муолажа қилувчи киши зиммасига улкан масъулият юкланагани, етарли билим ва малакага эга бўлсагина муолажага киришиши зарурлиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, диний масалаларни чуқур англамаган, соха мутахассиси бўлмаганларнинг диний мавзулар ҳақида сўзлаши янада хатарлидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади”, дедилар.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга фақат амир ёки маъмур, ёки риёкор томонидангина гапирилади”, деганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу каби хатардан қайтариб бундай деган эдилар: “Диний таълимдан мутлақо бехабар баъзи бир қаламкашлар тоифаси бўлиб, улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида исломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса бошқа ғаразлари бор. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилигини топиш учун ўша кимсаларга ёқадиган тарзда сафсата сотишга уринадилар. Оятларнинг маънолари таржимасини олиб, уни ўзларининг бузуқ фикрларига мосламоқчи бўлаверадилар.

Ҳадиси шариф билан бўладиган муомалалари ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бу хил журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир.

Демак, ҳар бир соҳа ходими ўз мутахассислиги билан шуғулланишга одатлансин. Ўз навбатида инсонлар ҳам дуч келган одамдан эмас, балки ўз касбининг эгасига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзингизда бор неъматларга қаранг, йўқларига эмас!

18.12.2024   211   3 min.
Ўзингизда бор неъматларга қаранг, йўқларига эмас!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида фойдаланиши мумкин бўлган неъматлар ҳам, унга берилмаган бошқа неъматлар ҳам бор. Инсон фақат ўзида йўқ неъматларга қарайверса, маҳзун бўлиб, ўзини кўп нарсадан маҳрум деб ҳисоблайди. Агар ўзида бор неъматларга қарайдиган бўлса, албатта розилик, саодат туяди, ҳаётга ҳиммат ва ғайрат билан қарайди, берган неъматлари учун Аллоҳга шукр қилади.

Солиҳ зотлар қийинчилик ва синов пайтида ўзларида бор неъматларга эътибор қилганлар. Бу нарса йўқчилик пайтида сабр қилишларига туртки бўларди. Бунга Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу яққол мисол бўла оладилар. У зот – Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари, улуғ тобеъинлардан эдилар. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳу эди. У зот Мадинанинг илм ва фатво сўраладиган машҳур етти нафар фақиҳидан бири эдилар. Умар ибн Абдулазиз улар билан халифалик ишларида маслаҳатлашар эди. Бир куни Урва ибн Зубайрнинг ҳаётида бир вақтнинг ўзида иккита катта мусибат жамланиб қолди: оёқлари қорасон бўлиб, табиблар оёқни кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, дейишди. Урва ибн Зубайр: «Унда кесиб ташланглар», дедилар. Табиблар: «Оғриқ қаттиқ бўлади, ҳушдан кетказадиган банж (наркоз) ичишингиз керак», дейишди. У киши: «Маст қиладига нарса ичмайман», дедилар. Табиблар: «Ундай бўлса, оёқни кесишнинг иложи йўқ», дейишди. Урва ибн Зубайр: «Иложи бор. Асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда кесаверинглар», дедилар. У зот намозга турдилар. Бироздан сўнг баданлари титрай бошлади. Табиблар қорасон тушган оёқни кесиб, қонни тўхтатиш учун қайнаб турган ёққа солишди. Шундагина Урва ибн Зубайр намозни тугатиб, ҳушларидан кетиб қолдилар...

Ўзларига келганларида у зотга яна бир шумхабар айтишди: «Бир ўғлингизни туя тепкилаб, ўлдириб қўйибди».

Нима деб ўйлайсиз, бу хабарни эшитган Урва ибн Зубайр қай аҳволга тушган, нималар деб юборган бўлишлари мумкин? Одам шундай пайтда ҳам ўзида бор неъматга ҳам, йўқотган неъматлари учун ҳам шукр айтиб, сабр қила олармикин?

Келинг, ривоятнинг давомини ўқийлик.

Бу хабарни эшитиб, Урва Аллоҳга шундай муножот қилдилар: "Аллоҳим, Ўзингга ҳамдлар бўлсин. Мусибат ҳам бердинг, офият ҳам бергансан! Олган бўлсанг, бериб ҳам қўйгансан! Тўрт ўғил бериб, биттасини олдинг, шукрки, учтаси қолди. Икки оёқ бериб, биттасини олдинг, шукрки, биттаси қолди. Олганларинг учун ҳам, берганларинг учун ҳам Ўзингга ҳамду санолар бўлсин!".

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.