Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир бадавий Мадина кўчаларига келиб, шаҳардаги энг сахий инсон ким эканини сўради. Одамлар: "Ҳусайн ибн Алий", дейишди. Бадавий Ҳусайн розияллоҳу анҳуни масжидда намоз ўқиётганида топди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг намоз ўқиб бўлишини кутиб, икки томонга салом бериши билан дардини тушунтириб: "Сизга ишонган одам пушаймон бўлмайди, дейишди", деди. Ҳусайн розияллоҳу анху дарҳол ўрнидан туриб, уйига қараб кетди, бадавий ҳам унинг орқасидан эргашди.
У уйига етиб келиб, хизматкори Канбардан: "Ҳижоз мулкидан бирор нарса қолганми?" деб сўради. Канбар: "Ҳа, тўрт минг динор қолган", деди. Ҳусайн розияллоху анху: "Ўша пулни олиб кел, бу молга биздан ҳам муносиброқ одам келди", деди. Орадан кўп вақт ўтмай, Ҳусайн розияллоҳу анҳу қўлида тўрт минг динор билан қайтиб келди ва уни бадавийга бериб, агар оз бўлса, уни кечиришини сўради. Бўлган воқеадан ҳайрон бўлган бадавий динорларни қўлига олдию, йиғлаб:
"Бир кун келиб, шундай мард одамнинг ер бағрига кетиши надомат бўлмайдими?" деди. Кейин қуйидаги шеърни ўқиди:
Ўлурми шижоат, ўлурми мардлик?!
Ер остида қолурми ёки сахийлик?!
Ерга кўмилурми ё одамийлик?!
Мардлик одамларнинг йўлин ёритур!
Мардлик тунни айлар худди кундуздек.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Бир бола авто ҳалокат сабаб кўзи ожиз бўлиб қолди. У шифохонадан уйига қайтаркан, тўсатдан останада йиқилиб тушди. Шу пайт она ўғлига насиҳат қилди:
– Болам, шифокорлар ҳеч нима қила олмасликларини айтишди. Шундай экан, яшаш учун курашишимиз керак.
Ўғил:
– Ҳа, онажон, биламан, – дея кўзига ёш олди у.
Она:
– Ўғлим, йиғлашни бас қил. Ёлғиз қолсанг, сенга ҳеч ким меҳрибонлик қилмайди. Шунинг учун кўз ёшингни арт.
Ўғил:
– Хўп, онажон!
Она:
– Мен сенга фақат бир марта хато қилсанг, ёрдам бераман. Қолганига ўзинг ҳаракат қилишинг керак. Қани тур ўрнингдан. Ёдингда тут. Сени қўзинг ожиз бўлиши мумкин, аммо нодон эмассан. Бу хонада нималар борлиги эсингдами?
Ўғил:
– Ҳа.
Она:
– Ундай бўлса, ақлингни ишлат. Бутун борлиққа диққатли бўл ва қўлларингни ишга сол. Она ўғлини қўлларидан тутиб уй томонга юзини қаратди.
Сўнгра:
– Қўлларингни чўз ва у сенинг кўзларинг эканини тасаввур қилгин, – деди. Ўғил хонани пайпаслаб, яна йиқилиб тушди ва “Вой, онажон, қаердасиз, менга ёрдам беринг”, дея бақирди.
Она бир четда ўғлини кўзларида ёш билан кузатарди. Ўғил анча вақт ўзига келмай, кўз ёш тўкди. Она ҳам бир четда уни кузатганича фиғон чекди. Шунда ўғил ён-атрофдаги овозларга эътибор қарата бошлади. Ташқаридан келаётган машиналар, қайнаб турган чойнак ва йиғлаб турган онасининг овозини эшитиб, ўрнидан туриб, онаси томон кела бошлади. Она ўғлини қаттиқ бағрига босди.
Ўғил:
– Онажон, нега йиғлаяпсиз?
Она:
– Бахтиёрлигимдан, чунки сен мустақил бўла бошладинг. – дея жавоб берди.
Азизим, бизнинг-чи? Кўзимиз кўряпти, оёғимиз юряпти, қўлларимиз ишлаб турибди. Алҳамдулиллаҳ, беҳисоб неъматлар ичидамиз. Бироқ қанчадан-қанча одамлар бу дунёни кўришга, овозларни эшитишга, бир бор бўлса-да ўз оёғи билан юришга орзуманд. Шундай экан, АЛЛОҲ томонидан бизга берилган неъматларга шукр қилинг. Уларни қадрига етинг.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ