Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир бадавий Мадина кўчаларига келиб, шаҳардаги энг сахий инсон ким эканини сўради. Одамлар: "Ҳусайн ибн Алий", дейишди. Бадавий Ҳусайн розияллоҳу анҳуни масжидда намоз ўқиётганида топди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг намоз ўқиб бўлишини кутиб, икки томонга салом бериши билан дардини тушунтириб: "Сизга ишонган одам пушаймон бўлмайди, дейишди", деди. Ҳусайн розияллоҳу анху дарҳол ўрнидан туриб, уйига қараб кетди, бадавий ҳам унинг орқасидан эргашди.
У уйига етиб келиб, хизматкори Канбардан: "Ҳижоз мулкидан бирор нарса қолганми?" деб сўради. Канбар: "Ҳа, тўрт минг динор қолган", деди. Ҳусайн розияллоху анху: "Ўша пулни олиб кел, бу молга биздан ҳам муносиброқ одам келди", деди. Орадан кўп вақт ўтмай, Ҳусайн розияллоҳу анҳу қўлида тўрт минг динор билан қайтиб келди ва уни бадавийга бериб, агар оз бўлса, уни кечиришини сўради. Бўлган воқеадан ҳайрон бўлган бадавий динорларни қўлига олдию, йиғлаб:
"Бир кун келиб, шундай мард одамнинг ер бағрига кетиши надомат бўлмайдими?" деди. Кейин қуйидаги шеърни ўқиди:
Ўлурми шижоат, ўлурми мардлик?!
Ер остида қолурми ёки сахийлик?!
Ерга кўмилурми ё одамийлик?!
Мардлик одамларнинг йўлин ёритур!
Мардлик тунни айлар худди кундуздек.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني وأبو عبيدة السري بن يحيى بن السري قال: نا يعلى بن عبيد نا الأعمش عن عمارة عن عبد الرحمن بن يزيد قال: قال عبد الله: كنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم شبابا ليس لنا شيء قال :”يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر وأحصن للفرج ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإن الصوم له وجاء.“
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга эдик. Ҳеч нарсамиз йўқ йигитлик чоғимиз эди. У зот алайҳиссалом: “Эй ёшлар! Сизлардан ким оила қуришга қодир бўлса, уйлансин. Зеро, бу кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, мана шу унинг учун бичилишдир”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси