Шу йилнинг 19-20 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги уламолар Миср Араб Республикаси Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ташаббуси билан ўтказиладиган халқаро анжуманда иштирок этади.
Миср Вақф вазири профессор Усома Саййид Азҳарий масъуллигида Ислом ишлари бўйича Олий Кенгаш томонидан ташкил этилган анжуманда илм-фан ва касб-ҳунарнинг динимиздаги аҳамияти, жамият тараққиётидаги ўрни ва сунъий интеллект давридаги истиқболи кенг муҳокама қилинади.
Шунингдек, ислом оламида турли соҳалар, хусусан, иқтисодиёт, тиббиёт, астрономия ва алгоритм, ислом меъморчилиги, кимё, муҳандислик ва бошқа йўналишлардаги амалий ютуқларларнинг дунё тараққиётидаги ўрни таҳлил қилинади. Қолаверса, бугунги кашфиёт ва янгиликлар туфайли юзага келаётган замонавий диний масалаларга биргаликда умумий ечим топиш кун тартибида бўлади.
Халқаро конференцияда турли давлатлардан келган вазирлар, муфтийлар, олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.
Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати