Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Апрел, 2025   |   12 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:52
Пешин
12:29
Аср
17:03
Шом
19:01
Хуфтон
20:18
Bismillah
10 Апрел, 2025, 12 Шаввол, 1446
Мақолалар

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда Конституция ва қонунларнинг ўрни

06.12.2024   6717   7 min.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда Конституция ва қонунларнинг ўрни

Конституция инсоният тафаккури ва маърифий тараққиёти ҳамда ҳуқуқий маданияти ҳосиласидир. Ҳар қандай Конституция жамият маданий ҳаёти ва тараққиётининг даражасини акс эттиради. Ҳар бир давлат ўз тараққиёти жараёнида умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари устунлигини тан олган ҳолда миллий қонунчилигини унга яқинлаштиришга ҳаракат қилади, урф-одат, анъана ва қадриятларини қонунчиликка сингдиради. 


Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат Конституцияси бир-биридан фарқ қилиб, дунё конституционализми мазмунан бойиб бормоқда. Конституция ҳар бир мамлакатнинг ташриф қоғозидир.


Жонажон юртимиз мустақиллигининг 33 йиллик тараққиёт йўлига назар ташласак, давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, дахлсизлиги ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган юзлаб нормаларнинг қабул қилиниб амалга киритилганлигига гувоҳ бўламиз.


Конституциянинг муқаддимасидаёқ Ўзбекистоннинг ягона халқи инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигини эълон қилиб, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини намоён этиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг уч минг йилдан ортиқ тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларнинг илмий, маданий, маънавий меросига таяниб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фаровонлигини, гуллаб яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда Конституция қабул қилганини эътироф этган. 


Конституцияни ўрганиш, уни тушуниш, унинг нормаларига амал қилиш шахснинг сиёсий-ҳуқуқий уйғоқ эканлиги, эртанги кунига бефарқ эмаслиги далилидир. Мамлакатда турли усул ва воситалар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириб боришга интилиш ва ҳаракатлар эса ҳақиқий маънода ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш гаровидир.


Ўзбекистон Республикаси Коституцияси қабул қилинганидан буён ҳар йили 8-декабрь юртимизда юқори кайфиятда байрам қилиб нишонланади. Жиноят содир этиб жазо муддатини ўтаётган фуқароларга нисбатан байрам муносабати билан давлат раҳбари фармони асосида афв эълон қилинади ёки амнистия акти қабул қилинади. Бу ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ўз айбига иқрор бўлиб тузалиш йўлига ўтган шахсларга нисбатан кечиримлилик сиёсатининг намунасидир. 


Байрам арафасидаги яна бир гўзал анъаналаримиздан бири Президентимизнинг юртимиз фаоллари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, элчилар олдида маъруза билан чиқишидир. Ушбу маъруза қайсидир маънода, халқимизнинг йилдан-йилга ўсиб бораётган сиёсий онги, тафаккури, иқтисодий-ижтимоий аҳволи, юз бераётган ўзгаришлар, кўзланган мақсадларнинг сарҳисоби бўлса, яна бир томондан, келгуси йилда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, унинг муаммоларига ечим топиш йўлларига қаратилади.


Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди.


Биринчидан, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарбдир.


Иккинчидан, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.


Учинчидан, оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак.


Тўртинчидан, қабул қилинаётган қонунлар олиб бораётган ислоҳотларимиз билан уйғун бўлган тақдирдагина ишлайди. 


Бешинчидан, биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади.


Ҳақиқатан, мукаммал қонунларни яратиш масаланинг бир томони бўлса, унинг ижросини таъминлаш иккинчи муҳим томонидир. Лекин ҳуқуқий онг ва маданият бир кунда шаклланиб қолмайди. Бунинг учун мустаҳкам ирода, шахсий намуна, сабот керак бўлади.  Дунёдаги бирор давлат тараққиёти ўз-ўзидан бўлмаган. Оммавий ахборот воситаларига рамзий жиҳатдан тўртинчи ҳокимият мақоми берилиши ҳам бежиз эмас. Улар жамиятда санитар вазифасини бажариши, мавжуд иллатларни журналистик одоби ва этикасидан чиқмасдан туриб фош этиши, соғлом муҳит ва рақобат шаклланишига муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.


2019-йил 9-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президент фармони билан қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси”да ҳам “Юксак ҳуқуқий маданият – малакат тараққиёти кафолати” ғояси устувор эканлиги эътироф этилиб жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгиланган.


Умумтаълим мактаблари учун “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституция асослари” каби дарсликларни яратиш, олий таълим муассасалари талаба ва тингловчилари учун эса “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” каби махсус ўқув курсларини ташкил этиш назарда тутилган.


Ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришнинг энг самарали йўлларидан бири бу шахс ўзи ўзлигини англаб олишидан бошланиши, у оилада тарбия топиб камол топиши, яхши инсон бўлишида ота-она, оилавий муҳитнинг ўрни беқиёслиги, маҳалла ноёб шарқона қадимий институт бўлиб, оилаларда соғлом ижтимоий муҳит қарор топишида муҳим рол ўйнаши, таълим муассасалари эса ёшларни рақобатбардош қилиб келажакка тайёрлаши, етарли билим кўникмага эга бўлган ёшлар ташкилотларда фаолият олиб бориб, жамият корига яраши масалалари узвийлик асосида тизимли ташкил этилиши назарда тутилган.


Демак, ҳуқуқларни билиш уни талаб қилишдан ташқари бурч ва мажбуриятларни ҳам билиш, унга амал қилиш, шахсий намуна кўрсатиш бугун ҳар доимгиданда долзарб ва муҳимдир. Зеро, фақат ҳуқуқларини билган уни талаб қилган инсон эмас, балки ўзи, оиласи, меҳнат жамоаси, жамият ва давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларини ҳам англаган унга оғишмай амал қилган инсонгина ҳақиқий маънодаги юқори ҳуқуқий онг ва маданият соҳибидир.


Фируз Рашидов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ васила қилганмилар?

10.04.2025   550   9 min.
Расулуллоҳ ﷺ васила қилганмилар?

Шариъати исломияда муқаррарки, инсон бажарадиган ҳар қандай амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мақбул бўлиши учун иккита шарт топилиши лозим:

Биринчиси, амал Аллоҳ учун холис бўлмоғи зарур, у билан риё ва сумъа, шунингдек, бирон дунёвий манфаат кўзланган бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Каҳф, 110).

Иккинчиси, амал тўғри бўлиши яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиши лозим. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф бўлса мақбул бўлмайди.

Ҳамма даврларда ҳам айрим одамлар тушуниб олиши қийин бўлган масалалардан бири – тавассул (восита қилиш) масаласидир. Шу боис кўпчилик тавассулнинг таъқиқланган ва бидъат бўлган ҳамда Ислом асосларига ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларига зид бўлган турларига аралашиб қолиб, уларнинг амаллари қабул бўлишидаги шартларнинг иккинчисидан маҳрум бўлади.

Васила – дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади. Бу иш Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади.

Васила сўзи луғатда У билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса маъносини англатади.

Истилоҳда эса, “Дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш “васила” деб аталади”.

Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари, Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек, яхши амалларни восита қилиб Аллоҳ таолога дуо қилиш – васила дейилади.

Василанинг моҳияти ўзи нима? Моҳияти шундаки, банда Роббисидан сўраётган нарсасига Роббисига суюкли, унинг ҳузурида қадрли бўлган бирор нарса ёки солиҳ кишилардан бирини восита қилиш орқали эришмоғидир.

Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки солиҳ инсонларни дуоларига васила қилганларни кофирга чиқариб, уларга мушрик номини тамға қилмоқдалар.

Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб бундай дейди: Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз (Моида сураси, 35-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида ушбу оят ҳақида васила Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деганлар.

Ҳофиз Имомуддин ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ оятдаги: “Унга васила ахтарингиз”, деган сўзининг тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Васила у билан мақсадни ҳосил қилишга эришиладиган нарсадир”.

Муршидул олам Шайх Хожа Ғулом Ҳабиб маърузаларининг бирида ушбу оят ҳақида қуйидагиларни айтган эди: “Осмондан ёмғирни ким туширади? Ёмғирни осмондан Аллоҳ туширади, лекин булут васила бўлади. Гўдакларга ким ризқ беради? Гўдакларга Аллоҳ ризқ беради, лекин ота-она васила бўлади. Қабрларга нурларни ким ташлайди? Қабрларга нурларни Аллоҳ ташлайди, лекин шайх васила бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига: Унга васила ахтарингиз, деган.

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кўзи ожиз киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин, деди. “Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир”, дедилар. Дуо қилинг, – деди.

Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни восита қилиб юзландим. Аллоҳим! У Зотнинг мен ҳақимдаги шафоатини қабул қил! Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни восита қилиб сўрашни ўргатдилар. Шунга биноан инсонлар дуоларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб истакларини сўрашлари мана шу ҳадисга мувофиқ бўлади.

Афсуски, бугунги кунда айнан Расулуллоҳ алайҳиссаломни равзаларида туриб у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилишни ҳам бидаът ва куфр дейдиганлар ҳам бор.

Мана василанинг далилларини нақлий ва ақлий жиҳатдан ўрганиб олдик. Энди унинг турлари, жоиз ва ножоиз ўринларини билиб оламиз.

Аҳли суннанинг тўрт мазҳаб уламолари томонидан васила қилишнинг жоиз экани, унинг турлари ҳамда мумкин бўлмаган тавассул масаласини кенг ёритиб берганлар. Унга кўра василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:

Замон. Арофат куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир вақтлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Ё Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман, дейиш мумкин.


Макон. Каъба, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг равзалари, Масжидул Ақсо ва ҳоказо каби васила қилинадиган маълум бир маконлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман, дейиш мумкин.


Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушган кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръони каримда баён қилинган: Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (ундан) ёмонлик (мусибатни) йўқ қиладиган ҳамда сизларни Ернинг ўринбосарлари қиладиган зот (яхши)ми?! Аллоҳ билан бирга (яна биров) илоҳ борми?! (Насиҳатдан) камдан-кам эслатма олурсиз (Намл сураси 62-оят).

Оятнинг ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган… жумласида Аллоҳ таоло музтар бўлган инсоннинг дуосини қабул қилишини эслатмоқда. Зеро, суянадиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.


Амаллар. Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан, намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин:

Василанинг юқоридаги тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.

Маълум шахсларни васила қилиш. Яъни маълум шахсларни васила қилиш мумкин. Аммо бундай васила қилиш мумкин эмас деганлар ҳам бўлган. Василанинг шу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:

Муътазила ва хавориж фирқалари ҳар қандай шахсни васила қилишни инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан, Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган: Ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хабар берганлар: Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам сўрасанг, Аллоҳдан ёрдам сўрагин (Имом Термизий ривоят қилган).

Аҳли суннанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиздир, васила қилиш учун у зотнинг тирик бўлиши шарт эмас, деганлар. Шунингдек, юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча радиялар қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шаръан жоиз бўлган восила – “Ё Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг Сени ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман шаклида бўлади. Валлоҳу аълам.

Зоиржон ЖУРАБОEВ,
Тошкент ислом институти талабаси.