frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Фиқҳий ихтилофларнинг келиб чиқиш сабаблари

14.12.2024   11363   1 min.
Фиқҳий ихтилофларнинг келиб чиқиш сабаблари
Муҳаммад Аввоманинг “Асарул ҳадис” асари орқали фиқҳий ихтилофлар сабабларини ўрганиш ислом фиқҳининг ривожланиш жараёнини тушуниш ва ҳадис илмининг аҳамиятини англаш учун муҳимдир. Бу китобда фиқҳий ихтилофларнинг келиб чиқиш сабабларини бир неча асосий омиллар орқали таҳлил қилинган:
  1. Ҳадисларнинг турли хил етиб келиши. Ҳадисларнинг тўлиқ ёки қисқача шаклда етиб келиши олимлар орасида турлича тушунишларга сабаб бўлган. Баъзан бир ҳадиснинг турли ривоятлари орасида тафовутлар мавжуд бўлиб, бу ҳукм чиқаришда фарқ пайдо қилган.
  2. Ҳадисларнинг саҳиҳлиги ва қабул қилиниши. Ҳар бир фиқҳ мазҳаби асосчиси ҳадиснинг саҳиҳлиги, иснод занжири, ва матннинг мазмунига нисбатан турлича ёндашган. Бу эса ихтилофларга олиб келган. Масалан, бир мазҳаб олимлари қабул қилган ҳадисни бошқаси заиф деб баҳолаган бўлиши мумкин.
  3. Ҳудудий ва маданий таъсирлар. Ҳадислар турли географик ҳудудларга тарқалган ва у ердаги шароит ва урф-одатларга мослашган. Шу сабабли, фиқҳий масалаларда маҳаллий таъсирлар ҳам ихтилофларни келтириб чиқарган.
  4. Қуръон ва ҳадисни талқин қилиш услублари. Баъзи олимлар Қуръон оятларини умумий қоидалар сифатида қабул қилган бўлса, бошқалари ҳадисларни асосий манба сифатида кўриб, тафсилотларни улардан чиқаришган. Ушбу методологик тафовутлар фикрлар хилма-хиллигига сабаб бўлган.
  5. Луғавий тафовутлар. Араб тилининг кенг қамровли бўлиши ва ҳадис матнларининг баъзан кўп маъноли иборалардан иборат бўлиши тафсирда турли талқинларга сабаб бўлган.
  6. Олимларнинг шахсий тажрибалари ва дунёқарашлари. Ҳар бир олим ўзининг билим ва тажрибасига асосланиб, ҳадисдан чиқарилган ҳукмга ўз қарашларини қўшган. Бу эса бир масалада турли фатволар чиқишига олиб келган.

Абдуллоҳ Комилов,
Тошкент ислом институти талабаси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Ал-Азҳарда малака оширди

04.08.2026   3032   1 min.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Ал-Азҳарда малака оширди

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро имом ва воизлар тайёрлаш академиясида малака оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Делегация аъзолари икки ҳафталик ўқув дастури давомида мисрлик исломшунос олимлар билан араб тилини ўрганиш, таълим тизимида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, исломшунослик йўналишидаги янги ёндашувлар ва кўникмалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашди.

Малака ошириш курслари доирасида Ал-Азҳарда фаолият юритувчи таниқли имомлар томонидан маърузалар ташкил этилди. Хусусан, профессор Аҳмад ат-Таййиб турли мамлакатлардан келган уламолар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

Дастур давомида араб тилини ўқитишнинг замонавий стратегиялари, илғор педагогик ёндашувлар ва тил кўникмаларини амалиётга самарали татбиқ этиш масалаларига бағишланган маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда семинарлар ҳам ўтказилди.

Ўқув дастури сўнггида Ал-Азҳар халқаро академияси президенти, профессор Ҳасан ас-Сағир ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакили тингловчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва фаоллигини юқори баҳолаб, ушбу курс халқаро миқёсда илмий ва даъват салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда курс давомида тайёрланган энг яхши амалий лойиҳалар муаллифлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари