Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Совчилик ота-оналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган қавмлар ёки динимиз ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаган, «мусулмонман», деб юрган баъзи кимсалар: «Мусулмончиликда умр йўлдошини танлашда ёшларнинг ўзларининг хоҳиши эътиборга олинмаса ҳам, бўлаверади», деган тушунчада бўлишлари ҳам мумкин. Аммо шариатда ундай эмас. Исломда ҳар бир шахс ўз эрки, ҳуррияти ва истак-хоҳиши билан оила қуриши кераклиги алоҳида таъкидланади.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифлари келган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا تُنْكَحُ الْأَيِّمُ حَتَّى تُسْتَأْمَرَ وَلَا تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ إِذْنُهَا؟ قَالَ: أَنْ تَسْكُتَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: الثَّيِّبُ أَحَقُّ بِنَفْسِهَا مِنْ وَلِيِّهَا، وَالْبِكْرُ تُسْتَأْمَرُ وَإِذْنُهَا سُكُوتُهَا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, совчи келганида, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб, нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида ҳам бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Бир одамни ўзининг изнисиз, хабарисиз, розилигисиз эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукути розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганликлари туфайли уялиб, отаси ёки бошқа яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гапла-шишга уялиб, индамайдилар. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг бу никоҳга розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва-саллам:
«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», – деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تُسْتَأْمَرُ الْيَتِيمَةُ فِي نَفْسِهَا، فَإِنْ سَكَتَتْ فَهُوَ إِذْنُهَا، وَإِنْ أَبَتْ فَلَا جَوَازَ عَلَيْهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар бош тортса, уни мажбурлаш йўқ», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятдан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар Аллоҳ таоло томонидан қизларга берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса, доимо Ислом душманлари томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлиб келган. «Мусулмонман» деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.
"Бахтиёр оила" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَهَّزَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاطِمَةَ فِي خَمِيلٍ وَقِرْبَةٍ وَوِسَادَةٍ حَشْوُهَا إِذْخِرٌ .رَوَاهُ النَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар» (Насаий ривоят қилган). Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Оламларнинг саййиди бўлмиш зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда бўлганини қаранг.
Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.
Қиз бола туғилганидан бошлаб, емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?
Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?
Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?
Сеп туфайли келиб чиқаётган уруш-жанжалларга нима деймиз?
Нима ҳам дер эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар, деймиз.
Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар, деймиз.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар, деймиз.
Сеп масаласида тез-тез оилавий келишмовчиликлар чиқиб туришини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.
– Маҳр деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ.
Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шунда эрнинг «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.
– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. У нарсаларда эрнинг ҳаққи йўқ.
– Агар эр маҳрдан ташқари, жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса-ю, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.
– Агар ота урф-одатга биноан, қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этганидан кейин бошқа меросхўрлар ҳам уни ололмайдилар.
– Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб, ота «Омонатга берган эдим», деса, қиз эса «Сепга берилган эди», деса, отанинг ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.
– Агар она отадан сўрамай, уйдаги нарсалардан қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.
– Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берган бўлса, кейинчалик «Ўша нарсани қайтариб беринглар», дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва – пора ҳисобланади.
Ҳамма муқаддималар қилиб бўлинганидан кейин эр-хотин бўлиб яшашдан олдин никоҳни эълон қилиш керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди