Оила қуриш чоғида умр йўлдошини танлаш борасида ота-оналар ва болалар, валий – ишбошилар ва муваллолар – уларнинг қўл остидагилар орасида содир бўладиган келишмовчиликларни ҳал этишнинг энг осон ва тўғри йўли, бошқа барча муаммолардаги каби, шариатни ҳакам қилишдир. Шариатимиз эса, бу масалада икки тарафнинг келишиб иш тутишини амр қилган.
Шариат ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи ишбошиларга раҳбарлик ҳаққини бериш билан бирга, қўл остиларидаги ёш йигит-қизларнинг истаги, хоҳишини ҳисобга олишни, хусусан, қизларга нисбатан ўта меҳрибон бўлишни топширган. Улар ўзларининг ҳавойи нафсларига берилиб эмас, шариат таълимотлари асосида иш тутишлари лозим.
Шариат ёш йигит-қизларга умр йўлдошини танлаш ҳуқуқини бериш билан бирга, бу нозик ишда – уларга меҳрибон бўлганлари, ҳаётий тажрибала-ри мавжуд бўлганлиги учун ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи ишбошилар билан маслаҳатлашиб иш тутишни топширган. Бас, ёшлар ҳам ўз ҳавойи нафсларига берилмасдан, шариат таълимотлари асосида иш тутишлари лозим.
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, мусулмон халқлар бу масалада қадимдан оқилона йўл тутиб келганлар. Бу нозик масалада бошқаларга ўрнак бўлганлар. Ота-оналар болаларини гўзал тарзда тарбиялаб вояга етказганлар. Болалар ота-оналарига итоатда, уларга яхшилик қилишда, уларнинг розиликларини топишда ҳеч нарсани аямаганлар. Болалар вояга етиб, уларнинг никоҳланиб, оила қуришлари вақти келганда, икки тараф маслаҳат билан шариатимиз таълимотлари асосида иш тутганлар.
Афсуски, диний таълимотлардан узоқлашиш ва бошқалардан таъсирланиш оқибатида кейинги пайтларда бу масалада бир оз келишмовчиликлар пайдо бўлиб, кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бу борада турли муаммолар пайдо бўлиб, ота-оналарни ҳам, болаларни ҳам ўйлантириб, изтиробга солиб қўймоқда.
Бошқа муаммолар қатори, бу муаммони ҳам тўғри ҳал қилиш осон. Бунинг учун динимиз таълимотларини қунт билан ўрганиб, уларга ихлос билан амал қилишимиз керак бўлади. Аввал имкони бўлмаган бўлса, ҳозир бор.
Болаларни ёшликдан шу каби ишларга тайёрлаб бориш зарур. Улар ота-оналари ва катталар билан бўладиган муносабатларини эҳтиром ва эъзоз асосида, одоб-ахлоқ билан олиб боришга одатланишлари керак. Айниқса, оила қуриш ва умр йўлдошини танлаш каби нозик ҳамда умр савдоси бўлган ишларда ўзларининг билим ва тажрибалари камлигини ёшлар асло унутмасликлари лозим.
Ота-оналар ҳам болалари катта бўлиб қолганлигини, уларнинг ҳам кўнгил хоҳишлари, ўзларига яраша орзу-истаклари борлигини ҳисобга олишлари керак.
Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, икки тараф ҳам инсоф билан, шариат таълимотларини ораларида ҳакам қилган ҳолда иш тутсалар, жуда ҳам яхши бўлади.
Мазкур шаръий таълимотларга амал қилган ҳолда совчилик, кўришиш, унаштириш, келишиш каби ишлар амалга оширилиб бўлгандан кейин никоҳланиш фурсати етади.
"Бахтиёр оила" китобидан
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).