Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари билан халқимизнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида "Қурбон ҳайити" (Эид ал-Адҳа) муносабати билан Афғонистон аҳолисига 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳридаги "Астрас" компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши қурувчиларнинг фидойи саъй-ҳаракатлари натижасида якуний босқичда амалга оширилмоқда. Бир вақтнинг ўзида “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси асосида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, илм-фан, замонавий технологиялар мутахассислари, музейшунослар, тадқиқотчилар, дизайнерлар каби қатор соҳа вакиллари бирлашиб, контентларни тайёрлаш устида ҳам қизғин иш олиб боришмоқда. Бугун Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.
Кун тартибидан 20 дан ортиқ масала ўрин олган йиғилишда Марказ контентини бойитиш борасидаги ишлар, лойиҳалар ижроси, таҳлиллар доирасида фикр ва мулоҳазалар тингланди. Шунингдек, сўнгги босқичларда амалга оширилаётган экспозиция лойиҳаларини жадаллик билан якунига етказиш, камчиликларни бартараф этиш асосий масала сифатида кўрилди.
Марказ раҳбарияти ва илмий кенгаш аъзолари томонидан бугун Исломдан аввалги давр цивилизациялари тарихи, маданияти ва ҳаёт тарзини қамраб олган “Вақт девори” лойиҳаси доирасида яратилаётган олтита йирик барельеф композицияси, уларнинг умумий визуал концепцияси амалий муҳокамасида қайд этилган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари билдирган ишончни оқлаш ва топшириқлар ижросини ўз вақтида беками-кўст бажариш учун экспозициялардаги бу каби лойиҳаларни якунига етказиш мақсадида Кенгаш йиғилишида “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди. Бу давр мобайнида барча лойиҳаларнинг якуний босқичда амалга оширилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
— Президентимизнинг буюк ғоя ва ташаббуси атрофида бир мақсад йўлида олимлар, халқаро мутахассислар, дизайнерлар, рассомлар, муҳандислар бирлашган. Марказ контентини бойитиш доирасида зиммамизга қўйилган вазифаларни бажариш учун барчамиз бирдек юксак масъулият билан ишлашимиз талаб этилади. Шу муносабат билан "30 кунлик сафарбарлик" эълон қилишни таклиф этаман, — деди Ф.Абдухолиқов.
Кенгаш аъзолари ва йиғилиш қатнашчилари бир овоздан бу таклифни қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, навбатдаги муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати