“Ал-Азҳар” университети ректори Салама Жума Довуд ушбу университет талабалари ўртасида Қуръони карим мусобақаларини ўтказиш вақти ва шартларини эълон қилди.
IQNA агентлиги “Сада ал-Балад” сайти маълумотига таяниб хабар қилишича, “Ал-Азҳар” университетида халқаро Қуръон мусобақаларини бошлаш тадбири ректор Салама Жума Довуд раҳбарлигида ўтказилди. Йиғилишда университетнинг таълим ва талабалар ишлари бўйича муовини Саййид Бакри ва мусобақа қўмитаси аъзолари иштирок этди.
“Ал-Азҳар” университети ректори мусобақада қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш университетнинг Қоҳира ва бошқа ҳудудлардаги факультетларидаги талабалар ишлари бўлими орқали амалга оширилишини маълум қилди. Рўйхатдан ўтиш 6 феврал, пайшанба кунигача давом этади. Синовлар 15 феврал, шанба куни оғзаки шаклда бошланиб, 20 февралгача давом этади.
Ректор университет талабаларини Қуръон мусобақаси, эркин китоб ўқиш мусобақаси, чиройли тиловат қилиш мусобақаси, нашид ва бошқа спорт мусобақалари каби университетнинг талабалар ишлари бош бошқармаси томонидан ташкил этилган барча мусобақаларда иштирок этишга чорлади.
Салама Жума Довуд ушбу мусобақалар “Ал-Азҳар”нинг Қоҳира ва Мисрнинг турли ҳудудларидаги факультетларида таҳсил олаётган йигит ва қиз талабалар учун мўлжаллангани ва ғолиблар учун қимматбаҳо совғалар тайёрланганини таъкидлади.
Шунингдек, у мусобақалар якунида биринчи ўрин учун 100 минг миср фунти, иккинчи ўрин учун 75 минг миср фунти, учинчи ўрин учун эса 50 минг миср фунти миқдоридаги мукофот тайинланганини қўшимча қилди. Тўртинчи ўрин учун 25 минг миср фунти, бешинчи ўрин учун 15 минг миср фунти ажратилган бўлиб, университет яна 5 нафар талабага 5 минг фунтлик рағбатлантирувчи совғалар топширишни режалаштирган.
Ушбу мусобақа йигит ва қиз талабалар учун Қуръон ёдлашда ўз иқтидорларини намоён қилиш ва қимматбаҳо мукофотларни қўлга киритиш учун бебаҳо имконият эканини таъкидлади.
“Ал-Азҳар” университети раҳбарияти мусобақада иштирокчилар учун шартлар белгилаб, Қуръони карим маънолари ва нозил бўлиш сабабларини билишни муҳим шартлардан бири сифатида таъкидлади. Шунингдек, талабаларни Қуръон ёдлашда юқори натижаларга эришишга рағбатлантириш ҳамда улар орасида диний ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш мусобақанинг асосий мақсадларидан бири экани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Саиджамол домла МАСАЙИТОВ – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Эй Абу Ҳурайра, Фароиз (мерос) илмини ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У энг биринчи унутиладиган илмдир. Умматим орасидан энг биринчи кўтариладиган илм ҳам шудир".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати