Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Гўзал назмий баён

29.01.2025   5995   10 min.
Гўзал назмий баён

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  62 لَقَدْ أَلْبَسْتُ لِلتَّوْحِيدِ نَظْمًا بَدِيعَ الشَّكْلِ كَالسِّحْرِ الْحَلاَلِ

Маънолар таржимаси: Дарҳақиқат, тавҳидга ҳалол сеҳр каби гўзал шаклли назмни кийгаздим.
 

Назмий баёни:

Кийгаздим тавҳидга назм нақшинкор,
Ҳалол сеҳр каби гўзал бетакрор.


Луғатлар изоҳи:

لَ – ибтидо ва таъкид ҳарфи.

قَدْ – таҳқиқия маъносида келган.

اَلْبَسْتُ – икки мафъулли феъл. Охиридаги муттасил замир фоили.

لِ – мутааддий (ўтимли) феъл билан унинг мафъули орасига таъкидлаш маъносида киритилган зоида жор ҳарфи.

التَّوْحِيدِ – жор мажрур اَلْبَسَ феълининг биринчи мафъули.

نَظْمًا – иккинчи мафъул.

بَدِيعَ – сифат бўлгани учун насб бўлиб турибди. بَدِيعَ калимаси махлуқотларга нисбатан ишлатилганда, унинг ўхшаши бўлмаган аввал қилинган нарса тушунилади. Бу сўздан ушбу манзумага айнан ўхшаши олдин ёзилмаган, деган маъно чиқади.

الشَّكْلِ – музофун илайҳ. Шакл деганда маълум бир миқдор билан иҳота қилиниши сабабли жисмда ҳосил бўладиган қиёфа тушунилади.

كَ – "ташбеҳ" маъносидаги жор ҳарфи.

السِّحْرِ – сеҳр деганда вужудга келиши аслидан бошқача хаёл қилинадиган сабаби махфий бўладиган ишлар тушунилади. Гоҳида ажойиб тарзда адо этилган ишларга нисбатан ҳам ишлатилади.

الْحَلاَلِ – сифат. Ҳалол луғатда “ рухсат берилган” маъносига тўғри келади. Истилоҳда “уни истемол қилиш туфайли катта ё кичик бирор жазога тортиш белгиланмаган нарсаларнинг умумий номи ҳалол деб аталади”. Сеҳргарлар қиладиган ҳаром ишларга хаёл кетиб қолмаслиги учун сеҳр ҳалоллик билан сифатлаб келтирилган.

 

Матн шарҳи:

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу қисқа ва лўнда, лекин олам-олам маъноларни қамраб олган сўзлар билан тавҳид масалалари баён этилганига ишора қилган. Ушбу назмий асар ҳалол сеҳр каби инсонларни ўзига жалб қилиб оладиган гўзал шаклда ёзилганини айтган.

Баъзи ўринларда сеҳр сўзи мақташ маъносида хос ҳолатда қўлланилади. Масалан, ҳадиси шарифда гўзал услубда айтилган сўзларда “сеҳр” борлиги хабар берилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَدِمَ رَجُلَانِ مِنْ الْمَشْرِقِ فَخَطَبَا فَعَجِبَ النَّاسُ لِبَيَانِهِمَا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ مِنْ الْبَيَانِ لَسِحْرًا أَوْ إِنَّ بَعْضَ الْبَيَانِ لَسِحْرٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Машриқдан икки киши келиб хутба қилишди, инсонлар уларнинг баёнларидан ажабланишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, баёнда сеҳр бор ёки (у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзи баёнда сеҳр бор”, –дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Яъни фасоҳат ва балоғат билан гўзал услубда айтилган сўзлар одамларни гуё сеҳрлагандек ўзига жалб қилиб олади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган байтлари ҳақиқатдан ҳам ўқиган инсонни ўзига жалб қилиб олиши билан ажралиб туради. Ушбу “Бадъул амолий” асарининг яна бир номи “Қасидатул ломия” бўлиб, бу асар мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун ҳам “Ломлик қасида” деб номланган. Аслини олганда, ақидавий масалаларни ёзиб баён қилиш қанча машаққатли бўлса, уларни шеърий тарзда баён қилиш ундан-да машаққатлироқдир. Шеърий тарзда баён қилиб ҳам ҳар бир мисрасини лом ҳарфи билан тугаллаб ёзиш эса юқоридаги машаққатлардан ташқари ёзувчида алоҳида иқтидор бўлишини ҳам тақозо этади. Ана шундай машаққатлар натижасида юзага келган асар эса Ўший раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек “ҳалол сеҳр каби гўзал ва бетакрор” асар бўлади.

 

ТАСКИН БЕРУВЧИ НАЗМ

  63 يُسَلِّي الْقَلْبَ كَالْبُشْرَى بِرَوْحٍ وَيُحْيِي الرُّوحَ كَالْمَاءِ الزُّلاَلِ

Маънолар таржимаси: Севинчли хушхабардек қалбга таскин беради ва зилол сув сингари руҳни жонлантиради.
 

Назмий баёни:

Қалбларга завқ берар мисли хушхабар,
Зилол сув етгандек ҳаёт жонланар.

 

Луғатлар изоҳи:

يُسَلِّي – “таскин бериш”, “кўнглини ёзиш” маъносидаги تَسْلِيةً масдаридан олинган музориъ феъли. Фоили яширин هُوَ замир бўлиб, олдинги байтдаги نَظْمًا га қайтади.

الْقَلْبَ – қалб чап кўксдаги сановбар[1] шаклли аъзо. Баъзи уламолар бу аъзо тез ўзгариб турганидан шундай номланган деганлар. Чунки قَلْبٌ нинг луғавий маъноси “ўзгартириш”дир.

الْبُشْرَى – жор мажрур يُسَلِّي феълига мутааллиқ. Хурсандлик ё хафалик билан юзнинг ўзгаришига сабаб бўладиган хабар араб тилида “бушро” дейилади. Кўпинча хурсандчилик хабарига нисбатан ишлатилади.

بِرَوْحٍ – жор мажрур الْبُشْرَى га мутааллиқ. Луғатда “шодлик”, “хурсандчилик” маъноларини англатади.

 يُحْيِي– музориъ феъли. Фоили яширин هُوَ бўлиб назмга қайтади. يُسَلِّي феълига атф.

الرُّوحَ – мафъул. Руҳ барча жонзотлардаги тириклик асосидир. Бу калима музаккар ва муаннас жинсда қўлланади.

كَالْمَاءِ– жор мажрур يُحْيِي феълига мутааллиқ.

الزُّلاَلِ – сифат. زَلَّ феъли сирпаниб кетишга нисбатан ишлатилади. Шу маънода зилол сув деганда ҳалқумдан тўхтовсиз тез сирпаниб ўтиб кетадиган мусаффо чучук сув тушунилади.

Матн шарҳи:

Ушбу ёзилган мисралар ўқувчига роҳатбахш хушхабардек тасалли беради ва ўта чанқоқ одамнинг зилол сув ичгандаги ҳолатидек инсон руҳиятини жонлантиради. Чунки бу мисраларда мусаффо эътиқод баён қилинган. Мусаффо эътиқод эса инсонга зилол сув чанқоқ одамга ҳузур бағишлаганидек роҳат бахш этади. Шу маънода ушбу баён қилинган ақидавий масалалар ҳам ўқиган кишининг қалбига тасалли бериб, унга роҳат бахш этади, руҳиятини озиқлантиради. Руҳ озиқланганда эса бутун тана роҳатланади. Бу шундай роҳатки, бошқа бирор лаззат бу роҳатга тенглаша олмайди. Чунки тана озуқалари орқали ҳосил бўладиган лаззатлар ортида машаққатлар туради. Бу роҳатнинг ортида эса англаган сайин хурсанд бўлиш ва кўнгил кўтарилиш бўлади.

Ҳа, киши қандай улуғ Зотга банда эканини англаса, бу дунёдаги қийинчилигу машаққатларнинг барчаси тезда ўтиб кетишини тушунса, қилаётган озгина ҳаракатларига қанчалар улуғ мукофотлар ваъда қилинганини ҳис этса, ўзининг нақадар фахру ифтихор қиладиган улуғ обрў-мартабада эканини англайди. Тасаввуф олимларидан бири Бишр раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги шеърни такрорлаб юришни яхши кўрар экан:

كَفَى بِى عِزًّا أَنِّى لَكَ عَبْدٌ وَكَفَى بِى فَخْرًا أَنَّكَ لِى رَبٌّ

“Сенинг қулинг эканим – азизликка кифоя,
Менинг Роббим эканинг – обрўларга ниҳоя”[2].

Олимлардан бири: Дунёдаги энг тотли нарсани татиб кўрмасдан ўтиб кетган кишилар дунё аҳлининг энг бечораҳоллари ҳисобланади”, дебди. Шунда унга: “Энг тотли нарса нима”, дейишибди. У: “Аллоҳ таолони таниш дунёдаги энг тотли нарсадир”, дея жавоб берган экан.

Матнда баён қилинган мисраларнинг руҳни жонлантириши баён қилинди. Фарро раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсоннинг тирик бўлишига сабаб бўладиган нарса руҳ деб аталади”,  деган.

Луғат олимларидан Абу Бакр Анборий раҳматуллоҳи алайҳ: “Нафс ва руҳ калималари битта маънони англатади”, деган.

Баъзи уламолар: “Тирикликка сабаб бўладиган нарса руҳдир, ақлга сабаб бўладиган нарса нафсдир”, деганлар.

Руҳ ҳақида Қуръони каримда бундай хабар берилган: Ва сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизларга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”[3].

Яъни руҳнинг нима экани фақатгина Аллоҳ таоло биладиган махфий нарсалардан ҳисобланади. Инсонларга бу тўғрисида оз илм берилган, шунга кўра, эшитдик, итоат қилдик, дейишдан ўзга чора йўқдир.

Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий[4] “Ҳужжатуллоҳил Болиға” асарида “Руҳнинг ҳақиқати” деган алоҳида боб ажратган ва ўша бобда қўйидагиларни ёзган: “Руҳ тўғрисида идрок этиладиган нарсаларининг энг биринчиси шуки, у тирик жонзотлардаги ҳаётнинг асосидир. Жонзотларга руҳ пуфланиши сабабли тирилиб, унинг ажралиши сабабли ўладилар”[5].
 

Кейинги мавзу:
Ақида билмаган шайтона элдир.

 


[1] Сановбар – ер куррасининг шимолий қисмидаги ўрмонларда ўсадиган дарахт меваси. Кўпинча бу ўсимликдан зийнатлаш учун фойдаланилади.
[2] Ҳофиз ибн Ражаб. Шарҳу ҳадис Лаббайкаллоҳумма лаббайк. “Мактабатуш шомила”. – Б. 67.
[3] Исро сураси, 85-оят.
[4] Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий номи билан машҳур бу зотнинг исми шарифи Аҳмад ибн абдур Раҳим ибн Важиҳиддин бўлган. Ҳижрий 1114 йилда Деҳли шаҳрида туғилган. Тафсир, ҳадис, ақоид,усулул фиқҳ, тасаввуф ва луғат илмларига оид кўплабасарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 1176 йилда 62 ёшида Деҳлида вафот этган.
[5] Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил болиға, биринчи жуз. – Қоҳира: “Дорул жийл”, 2005. – Б. 52.

Бошқа мақолалар

5-6 Савол: Турмуш қурган қизларга меросдан улуш бермаслик...

13.06.2025   1808   1 min.
5-6 Савол: Турмуш қурган қизларга меросдан улуш бермаслик...

Саиджамол домла МАСАЙИТОВ – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Эй Абу Ҳурайра, Фароиз (мерос) илмини ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У энг биринчи унутиладиган илмдир. Умматим орасидан энг биринчи кўтариладиган илм ҳам шудир".


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати