Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2025   |   19 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2025, 19 Зулҳижжа, 1446

Расулуллоҳ ﷺнинг дуоларини олган саҳоба

04.02.2025   4644   7 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг дуоларини олган саҳоба

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Муовия ибн Абу Суфён халифалиги
(ҳижрий 41–60; милодий 661–680)

Абдурраҳмон ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади (у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан эдилар):

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовия ҳақида: «Аллоҳим, уни ҳидоят қилувчилардан, ҳидоят топганлардан қилгин ва у ила ҳидоят қилгин», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф Муовия ибн Абу Суфён учун катта фазлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ижобат бўлишида шубҳа йўқ.


Муовия ибн Абу Суфённинг насаби

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. У кишининг кунялари Абу Абдурраҳмон бўлган.

Муовия ибн Абу Суфённинг оталари Абу Суфён ибн Ҳарб бўлган. Қурайш­нинг бошлиғи бўлишидан олдин Абу Суфён Исломнинг ашаддий душмани бўлгани маълум ва машҳур.

Муовия ибн Абу Суфённинг онаси Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъадир. Бу аёлнинг ҳам Макка фатҳидан сўнг Исломга келгани, ундан олдин Аллоҳнинг динининг энг ашаддий душманларидан бири бўлгани кўпчиликка маълум. Уҳуд уруши куни ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ўлимларига ва қиймаланишларига айнан Ҳинд бинт Утба бош бўлгани ҳам сир эмас.

Муовия ибн Абу Суфён мазкур ота ва онадан Маккаи мукаррамада ҳижратдан ўн беш йил олдин таваллуд топди.

У киши новча, оппоқ, келишган ва ҳайбатли одам бўлган.


Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёти

Ана шундай ота-онанинг тарбиясини олган, шундай оилада униб-ўсган фарзанднинг дарҳол мусулмон бўлиши қийин эди.

Муовия ибн Абу Суфён Хандақ ғазотида мушриклар сафида бўлган, қаттиқ шамолдан қўрқиб, улар билан бирга қочиб кетган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Ҳудайбия йили – ҳижрий 6 (милодий 627) йилда мусулмон бўлган, лекин буни махфий сақлаган. Фатҳ йили – ҳижрий 8 (милодий 629) йилда Қурайш қабиласи Исломга кирган пайтда мусулмонлигини эълон қилган. Ўшанда у кишининг ёши йигирма учда эди.

Кейинчалик Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида иштирок этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жуда кўп ўлжалар берганлар. Ўша куни қалби улфат қилинган шахслардан ҳисобланган ва исломи гўзал бўлган.

Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бўлган.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 163 та ҳадис ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлган ҳолларида вафот этганлар. Муовия розияллоҳу анҳу Ярмук жангида иштирок этган, шунингдек, Дамашқни фатҳ қилишда акаси Язиднинг аскарлари ичида бўлган, Қаёсира шаҳри ва Шомнинг денгиз бўйида жойлашган баъзи юртларини фатҳ қилишда қатнашган.

Амвосдаги вабода кўпгина саҳобаи киромлар, жумладан, Дамашқнинг амири Язид ибн Абу Суфён ҳам вафот этиб, унинг ўрнига укаси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу амирлик қила бошлади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам Муовия ибн Абу Суфённинг амирлигини тасдиқладилар.

Умар розияллоҳу анҳу у кишини барча Шом юртларига волий қилиб тайинладилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан Румга қарши денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраган, лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўнмаганлар, лекин кейинчалик у барибир Рум ерларига қарши ғазот қилган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифанинг амрига биноан арманлар юртини фатҳ қилиш мақсадида Шом томондан Ҳабиб ибн Маслама Фиҳрий бошчилигида лашкар юборди. Маълум муддат жанг бўлганидан сўнг арманлар сулҳ сўрадилар ва орада сулҳ тузилди.

Ҳижрий 25 йилда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонларидан Шомга бош волий этиб тайинланган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу у кишининг амрлари ила Румнинг Амурийя, Тартус ва Антокия деган жойларини фатҳ қилди.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраб қаттиқ туриб олган ва халифанинг рухсати билан у киши бошчилигидаги аскарлар Қибрис – Кипрга ғазот қилиб, ҳижрий 28 (милодий 648) йилда у ерни фатҳ этганлар.

Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу мусулмонлар иштирок этган энг катта денгиз жангида Рум аскари устидан ғалабага эришган. Ҳижрий 31 (милодий 651) йилда бўлиб ўтган бу жанг «Зотус-саворий» жанги деб аталади.

Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг изнлари ила мусулмонларнинг денгиз кучларини ташкил қилган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳар йили ёз фаслида денгиз фатҳларини ўтказиб турар, бу иш румликларнинг тинчини бузар эди. Ниҳоят, улар Ҳирақлнинг ўғли Константин бошчилигида катта куч тўплаб, ана шу мисли кўрилмаган катта куч билан мусулмонлар устига ғорат қилиш учун отланишди.

Улар ўзларининг беш юз нафар кемалари билан мусулмонларнинг ғарбий томонини ҳимоя қилиб турган Абдуллоҳ ибн Саъд ва унинг шериклари томон ёпирилиб боришди. Икки томон юзлашди, румликлар чўқиниб, дуоларини қилишди, мусулмонлар эса тиловат қилиб, намоз ўқидилар.

Тонг отганда, Абдуллоҳ ибн Саъд ўз аскарларининг кемаларини сафга тизди. Уларга Аллоҳни зикр этишни ва Қуръон тиловат қилишни буюрди. Ана шу ҳолни кўрган мусулмон аскарлардан бири шундай ҳикоя қилади:

«Улар биз томон мисли кўрилмаган кўп кемалар билан, уларнинг елканларини кўтарган ҳолда юриш бошлашди. Шамол уларнинг фойдасига, бизнинг зараримизга (тескари) эсар эди. Биз лангар ташладик. Шамол биз учун ўнғайсизлик туғдирмай қўйди. Улар қуруқликка чиқишдан бош тортишди. Биз уларга яқинлашиб бордик. Кемаларимизни уларнинг кемаларига боғлаб, улар билан қиличбозликни бошладик. Одамлар қилич ва ханжарлар билан ўзаро жанг қилишарди. Тўлқин кемаларни қирғоқ томон суриб чиқарди. Одамларнинг жонсиз таналарини ҳам соҳилга чиқариб ташлади. Жасадлар катта тоққа ўхшаб уюлиб кетган эди. Қон ранги сувни қизилга бўяди. Ўша куни мусулмонлар мисли кўрилмаган сабр-матонат кўрсатдилар. Улардан кўплари шаҳид бўлдилар. Румликлардан эса уларга қараганда бир неча баробар кўп одам ҳалок бўлди. Сўнг Аллоҳ мусулмонларга нусратни нозил қилди».

Бу жангнинг «Зотус-саворий» – «Елкан эгалари» ёки «Елканлар жанги» деб номланиши ҳам шундан.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар

Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

13.06.2025   7608   5 min.
Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.

Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.

Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».

Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: Мен ҳам қавмим тарафидаман, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.

У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.

Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар? дедилар. Улар яна: Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!, дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?-дедилар.

Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.

Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:

“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ