Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2025   |   11 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:27
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:12
Bismillah
03 Сентябр, 2025, 11 Рабиъул аввал, 1447

Ҳикмат тўла Байтуллоҳ

14.03.2024   387   4 min.
Ҳикмат тўла Байтуллоҳ

Аллоҳ таоло: «Эсланг, Байтни (Каъбани) одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик...» (Бақара сураси, 125-оят), деб марҳамат қилади.

Ояти каримадаги مَثَابَةً сўзини муфас­сир уламоларимиз ҳам ҳаж, ҳам умрани адо этиш учун “қайта-қайта бориб тўймайдиган жой” деб таърифлашган. Аллоҳ таоло Икки Ҳарами шариф – Масжидул Ҳаром ва Мас­жиди Набавийни муқаддас жой қилди. Бу масканларга бормаган одамнинг армо­ни – боргунча, борган одамнинг армони – вафот этгунча. Яъни, бир марта борган одам қайта-қайта Каъбаи муаззамани, Рав­заи шарифни кўришни орзу қилаверади. Ҳар борганда ўзгача таассурот, ўзгача иб­рат, насиба олиб, катта ҳикмат билан ўз ватанига қайтади.

Алҳамдулиллаҳ, бу сафарги умра зиёра­тимиз ҳам ҳикматларга бой бўлди. Мадина шаҳрида шерикларимиз билан таксига ўтирдик. Таксичидан: “Хизмат ҳақи қанча бўлади?” деб сўрасак, у: “١٥ риёл бўлади”, деди. Биз у билан савдолашиб: “Ўн риёл берсак бўладими? Чунки бизда суннатга мувофиқ меҳмонга алоҳида илтифот, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, эъзозланади”, дедик.

Шунда ҳайдовчи: “Ундай демангиз. Мадина ва Макка шаҳарлари барча мусул­монларникидир. Бошқа юртлардан келган кишилар бу шаҳарларда меҳмон бўлмайди. Бу ерда улар ўзларини ўз юртларидагидек ҳис этишлари керак”, деди.

Бу сўзни кўп мулоҳаза қилдим. Бу биз англамаган ҳикмат экан.

Ҳақиқатан, Маккаю Мадина – барча мусулмонларники.

Нега?

Чунки Мадинаи мунавварада Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифлари бор. Бу шаҳар Расулуллоҳ туфайли улуғ бўлди, мунаввар масканга айланди. Набий алайҳиссалом барча мўмин-мусулмонларнинг пайғамбаридирлар. Биз ҳам қиёмат куни бошқа мўмин-мусулмон, бошқа уммат қатори Расулуллоҳнинг шафоатларига муҳтож бўламиз. Пайғамба­римизнинг зиёратларига борсак, ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис қилишимиз керак.

Маккаи мукаррама ҳам ҳамма мусулмон­ларники. Чунки Каъбаи муаззама Ер юзидаги барча мусул­монларнинг қибласи­дир. Аллоҳ таолонинг ибодатга лойиқ яккаю ягона Зот эканини билган, Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг ҳақ пайғамбар экан­ликларига иймон келтирган киши борки, Байтуллоҳга қараб намоз ўқийди. Каъбаи муаззамадан бошқа томонга қараб ўқилган намоз дуруст бўлмайди.

Ҳар иккала шариф шаҳар ибратга тўла. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада бўлган одам дунёда яшаётган барча мусулмон халқлар­ни кўради, улардан намуна олади. Ҳарами шариф ташқарисида бир инсонга кўзим тушди. Унинг икки оёғи ҳам йўқ, қўлларига суянган ҳол­да думбаси билан Каъба томонга сил­жиб борарди. Бироздан сўнг ҳам­роҳим ёнимга келиб, ҳалиги одам Каъбани тавоф қилиб юрибди, деди.

Кўз олдингизга келтиринг-а, но­гирон одам ҳеч кимнинг кўмагисиз Каъбатуллоҳга ошиқяпти, тисари­либ-тисарилиб Аллоҳнинг байтини та­воф қилмоқда...

Бу ҳолатни кўриб чидай олмадик. Чунки Аллоҳ таоло бизнинг оёқла­римизни, кўзларимизни, бутун та­намизни соғлом қилиб қўйди. Жис­мимизда қанчадан-қанча неъматлар мужассам. Лекин шу неъматларнинг шукрини ҳам маънавий, ҳам амалий жиҳатдан адо эта оляпмизми?

Ушбу саволларга “Ҳа” деб жавоб берсак, бера олсак, биз чинакам мў­минмиз, чинакам саодатли ва бахт­лимиз. .

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз бай­тини такрор-такрор то Ўзи рози бўл­гунича зиёрат қилишни насиб этсин.

Салоҳиддин домла ШАРИПОВ,

Учтепа тумани “Ҳазрати Али” жоме

масжиди имом-хатиби


"Ҳидоят" журналининг 2024 йилги 2-сонидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)

03.09.2025   56   2 min.
 Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)

#Янги_ўқув_йили

 Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг барча курслари ва олий диний таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун янги 2025-2026 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
 

Мазкур маросимларда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий ҳокимлик масъуллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар, шунингдек, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

 
Тадбирлар Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.


 Сўзга чиққан мутасаддилар барчани мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, бунга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени ва бир гуруҳ уламолар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ёрқин далил экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ўтган йили магистратура босқичи очилиб, эндиликда доктарантурани ташкил этиш режалаштирилаётгани каби қатор янгиликлар айтиб ўтилди.


Шу билан бирга, диний таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга такомиллашаётгани, жумладан, ўқув дастурлари замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, кириш имтиҳонлари электрон тест шаклида ўтказилиб, энг муносиб талабалар саралаб олинаётгани, муддарис ва талабаларга ҳар жиҳатдан шароитлар ҳозирланаётгани, ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабалар астойдил ўқиб-ўрганиб, яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратилди. 


 Тадбирлар давомида диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган 1-босқич талабалари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.


 Маросимлар якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайрли ва манфаатли бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.


 Байрам тадбирларидан сўнг ўқув аудиторияларида “Мустақиллик дарслари” бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)  Диний таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (фотолавҳа)
Ўзбекистон янгиликлари