Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ўтган солиҳлардан: «Рамазон ойини қандай кутиб олардинглар?» деб сўралганида, улар: «Биз янги ойни бошқа мусулмонларга нисбатан заррача ҳам гина адоват, кек сақламаган ҳолда, қалбимизни поклаган тарзда қаршилар эдик», дея жавоб берган эканлар.
Рамазон ойларнинг султонидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар (Имом Табароний ривот қилган).
Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
Рамазон Қуръон ойидир. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).
«Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Аллоҳим, яқинлашиб келаётган Рамазон ойини бизларга муборак қил!
Юртбошимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтказилмоқда.
Зеро, бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунчадир. Юртимизда 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.
Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб, аждодлар шундай йўл тутган ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик”, дея марҳамат қилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ва Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарход ака Кушаковлар Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, кам таъминланган турли диний конфессия вакиллари ҳолидан хабар олишиб, улар муборак Рамазон ойи билан қутлашди ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари билан ҳамкорликда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишиб, синиқ кўнгилларга хурсандчилик улашишди.
Бу каби саховат тадбирлари муборак Рамазон ойи охирига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати