Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ўтган солиҳлардан: «Рамазон ойини қандай кутиб олардинглар?» деб сўралганида, улар: «Биз янги ойни бошқа мусулмонларга нисбатан заррача ҳам гина адоват, кек сақламаган ҳолда, қалбимизни поклаган тарзда қаршилар эдик», дея жавоб берган эканлар.
Рамазон ойларнинг султонидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар (Имом Табароний ривот қилган).
Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
Рамазон Қуръон ойидир. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).
«Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Аллоҳим, яқинлашиб келаётган Рамазон ойини бизларга муборак қил!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хиндистоннинг буюк уламоларидан Маҳмуд Девбандий ва у кишининг шогирди Ҳусайн Аҳмад Маданий ҳинд диёрини инглиз мустамлакачиларидан озод қилиб, яна мусулмонларга ўтказишга ҳаракат қилишганини сезган Англия ҳукумати бу икки забардаст олимни Ўрта Ер денгизидаги Малта оролига сургун қилиб, шу ерда ҳибс қилган.
Қамоқхонага кираётган пайтда Маҳмуд Девбандий йиғлаб юборган эканлар. Шунда шогирдлари Ҳусайн Аҳмад Маданий нега йиғлаётганларини сўраганида «Энди Рамазонда Қуръон хатмини қаерда эшитаман?» деган эканлар. Икковлари ҳам олим бўлишган эканлар-у, лекин мураттаб қори эмас эканлар. Рамазонга тўққиз ой қолган пайтда Ҳусайн Аҳмад Маданий бир Мусҳаф топтириб, 9 ой ичида Қуръонни ёд олиб, Рамазонда хатмга ўтиб берган эканлар. Шунда устозлари: «То қиёматга қадар авлодингдан қори узилмасин!» деб дуо қилган эканлар.
Ҳусайн Аҳмад Маданийдан учта ўғил қолган. Улар Асъад Маданий, Аршад Маданий, Асжад Маданий. Бир қизларининг уйида 40 та мураттаб қори бор экан. Аршад Маданийнинг 10 та фарзанди (7 ўғил, 3 қиз) бор, ҳаммаси мураттаб қори экан.
Буюк устозни зиёрат қилиш мақсадида одамлар Ҳиндистондан кемага чиқиб, Малтага боришар экан. Инглизлар эса уларни қамоқхонага қўймагач, ҳеч бўлмаса, шу ерда устоз бор-ку, бизга зиёрат савобини берар дея, қамоқхона атрофини айланиб, дуо қилиб кетишавераркан.
Шунда Ҳусайн Аҳмад Маданий устозларига: «Устоз, бизни зиёрат қилгани келаётган одамларнинг кети узилмайди, лекин уларни бизга кўрсатишмаяпти, шу ерни айланиб-айланиб қайтишаётган экан» деса, Маҳмуд Девбандий айтган эканлар: «Қараб тургин, буларнинг ихлоси сабаб Аллоҳ таоло уларнинг болаларини қори қилади!».
Девбанд қишлоғининг нарироғида Амроҳа деган кичкина қишлоқ бор. У ерда 5000 та мураттаб қори бор. Ундан ҳам нарида Кандеҳла деган қишлоқ бор. Унда эса биронта ҳам мураттаб қори бўлмаган аёл йўқ!
Устоз Ёрқинжон қори раҳимаҳуллоҳ