Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ مِنْ أَصْحَابِي يَمُوتُ بِأَرْضٍ إِلَّا بُعِثَ قَائِدًا وَنُورًا لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимдан ким бир ерда вафот қилса, албатта, у қиёмат куни ўша (ерлик)ларга имом ва нур бўлиб тирилтирилур», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда саҳобаи киромлар фазлларининг қирраси очиб берилмоқда. У зотларнинг вафотлари ҳам ҳаётлари каби фазлга эга экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромларидан қай бирлари қайси юртда вафот топсалар, қиёмат кунида ўша юрт аҳолисига, албатта, мўмин-мусулмон ва тақводор кишиларга имом, яъни йўлбошчи ва нур бўлиб қайта тирилар эканлар. Зотан, саҳобаи киромлар кофир ва бетавфиқларга имом бўлмасликлари турган гап.
Модомики саҳобаи киромлар мазкур фазлларга эга эканлар, биз уларни эҳтиром қилмоғимиз, уларнинг ҳаётларини яхшилаб ўрганмоғимиз ва улардан ўрнак олиб яшамоғимиз лозим бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي، اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي، لَا تَتَّخِذُوهُمْ غَرَضًا بَعْدِي، فَمَنْ أَحَبَّهُمْ فَبِحُبِّي أَحَبَّهُمْ، وَمَنْ أَبْغَضَهُمْ فَبِبُغْضِي أَبْغَضَهُمْ، وَمَنْ آذَاهُمْ فَقَدْ آذَانِي، وَمَنْ آذَانِي فَقَدْ آذَى اللهَ، وَمَنْ آذَى اللهَ فَيُوشِكُ أَنْ يَأْخُذَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан (қўрқинглар!) Аллоҳдан (қўрқинглар!) Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан (қўрқинглар!) Аллоҳдан (қўрқинглар!) Мендан кейин уларни мўлжал қилиб олманглар. Бас, ким уларни яхши кўрса, мени яхши кўрганлигидан яхши кўрган бўлур. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрганидан ёмон кўрган бўлур. Ким уларга озор берса, менга озор берган бўлади. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берган бўлади. Ким Аллоҳга озор берса, У Зот уни (катта ҳалокат билан) тутишига оз қолади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ривоятни шарҳ қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Унда саҳобаи киромларни сўкиш қанчалар оғир жиноят эканлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Саҳобаи киромларни сўкиш Аллоҳ таолони сўкиш билан тенглаштирилмоқда. Албатта, Аллоҳ таолони сўкиш дунёдаги энг катта жиноят эканлиги ҳаммага маълум.
Ким Аллоҳ таолога тақво қиладиган бўлса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазовор бўлишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёмон кўришларидан сақланишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Аллоҳ таолони сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди
2-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ. Ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда.
Маълумки, “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади.
Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий ривояти).
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Субулус салом” номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси