Мусулмон мамлакатда истиқомат қилаётган бошқа дин вакили ўша юртда яшаётган мусулмон аҳоли билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлади.
Мусулмон давлати энг аввало бошқа дин вакиллари мамлакат ичида ва ташқарисида тинч ҳаёт кечиришлари учун уларни ички ҳужум ва ташқи жабр-зулумдан муҳофаза этмоқлиги шарт.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Айбсиз) зиммийни ўлдирган киши жаннатнинг ҳидини ҳидламас. Жаннатнинг ҳиди эса қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради[1]”.
Ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳадиси шарифда “ғайридинни ўлдириш”нинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди.
Жаннатга кириш, ундаги хушбўй мушку анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин, жаннатнинг умумий ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундоқ жиноят қилган одам жаннатдан қирқ йиллик йўл юриш масофасидан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради.
Бас, шундоқ экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридиннинг ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур.
Ушбу ҳадисни Анвар Шоҳ Кашмирий ўзининг “Файз ал-Борий” китобида шарҳлаб, қуйидагиларни келтириб ўтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келтириб ўтилган ҳадисларининг энг асосий мазмуни шундан иборатки, мусулмонни ўлдириш – улкан гуноҳ, бу жирканч ишни содир этиш куфрга олиб боришлиги ва дўзаҳда абадий азоб бўлишлиги яхши маълум. Ҳудди шунингдек бошқа дин вакилини ўлдириш ҳам юқоридаги каби улкан азобларга сабаб бўлади”[2].
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятида ўтказилган имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар доирасида уламолар томонидан масжидларда намозхонлар билан мулоқот ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жоме масжидида пешин намозини адо қилдилар. Сўнг намозхонларга мазмунли ва манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Маъруза давомида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда диний соҳага қаратилаётган эътибор, хусусан, фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олдилар.
Муфтий ўринбосарлари, вақф фонди масъуллари, вилоят бош имом-хатиблари эса Андижон шаҳридаги кекса, ёлғиз ва ногиронлар истиқомат қилаётган Ижтимоий ҳимоя марказида бўлишди.
Ташрифлар давомида интернат уйи ҳамда ижтимоий ҳимоя марказига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан маиший техника жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиеник воситалар хайрия қилинди.
Илмий-амалий тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири халқ билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш бўлди. Вилоят бош имом-хатиблари ва туманлардаги диний соҳа вакиллари ўз ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлишди. Мулоқотлар давомида тинчлик ва соғликнинг аҳамияти, ҳар бир инсоннинг жамият олдидаги маънавий масъулияти ҳақида айтиб ўтилди.
Маънавий-маърифий тадбирларда имом-домлалар билан бир қаторда отинойилар, маҳалла фаоллари ва “Ҳаж-2025” зиёратчилари маҳаллаларнинг эҳтиёжманд, муаммоли хонадонларига киришди. 7 тоифага мансуб 80 та оилада яраштирув, тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати