Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари 2026 йил 5 январь куни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд номидаги Ҳадиси шариф академияси Илмий Кенгашига аъзо бўлдилар.
Бу қувончли воқеа Янги Ўзбекистонда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро даражадаги юксак эътирофи бўлиб, Муфтий ҳазратларининг дин ривожи, уммат саодати ва халқлар ҳамжиҳатлиги йўлидаги хизматларига берилган юксак баҳодир.
Зеро, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби йирик ҳадис илми олимлари – буюк муҳаддислар заминидаги уламонинг Ислом оламидаги энг нуфузли муассаса ҳисобланган Ҳадиси шариф академияси аъзолигига қабул қилиниши ҳақли эътирофдир. Юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар натижасида, келгусида яна бухорийлар, термизийлар етишиб чиқади, инша Аллоҳ.
Ушбу халқаро академия Муфтий ҳазратлари аъзо бўлган олтинчи халқаро ташкилот бўлиб, бундан аввал (https://www.forumforpeace.net/ar/home)Абу Даби тинчлик форуми (БАА, 2023 й.), Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (https://t.me/muslimuzportal/34021) (Қатар, 2023 й.), Мусулмон донишмандлар кенгаши (https://t.me/muslimuzportal/36463) (БАА, 2024 й.), Исломий фиқҳ академияси (https://t.me/muslimuzportal/37344) (Саудия Арабистони, 2024 й.) ва Ислом олами уюшмаси (https://t.me/muslimuzportal/37365) (Саудия Арабистони, 2024 й.) аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, академия ҳадисларни жамлаш, таснифлаш, тадқиқ этиш, нашр қилиш ва мазкур йўналишларда ўқув дастурлари ва кадрлар тайёрлаш, анжуманлар, мусобақалар ўтказиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик қилишга эътибор қаратади. Шунингдек, ташкилот динда чуқур кетиш, мутаассиблик кабилардан қайтарaди ва мўътадилликка тарғиб этади.
Академия 2017 йилда Подшоҳ Салмон фармони билан ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Мадина шаҳрида жойлашган. Мазкур академия ва унинг ҳузуридаги Илмий Кенгашга Саудия Арабистони йирик Уламолар Ҳайъати аъзоси Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан Оли Шайх раҳбарлик қилади.
Қайд этиш керакки, Муфтий ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги меҳнатлари самарасидир. Фаолиятларига оид батафсил маълумот билан қуйидаги ҳавола (https://muslim.uz/oz/e/post/44277-xalq-saodati-vatan-ravnaqi-va-din-rivoji-yo-lidagi-xizmatlar-mukofoti-2) орқали танишиш мумкин.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Ҳадиси шариф академиясидаги фаолиятларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муборак ой муносабати билан Хоразм вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун ҳам “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи”, деган эзгу ғоя асосида ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда. Ҳозирга қадар умумий ҳисобда имомлар томонидан 11 та оилага кирилиб, уларга жами 27 миллион сўмлик озиқ-овқат жамланмалари туҳфа қилинди.
Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев Урганч шаҳридаги Абулғози Баҳодирхон кўчаси 159-уйда яшовчи Сўнажон Бозорбоева хонадонида файзли ифторлик уюштириб, хонадон аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, уларнинг қалблари қувончга тўлдирилди.
Бу йилги Рамазонда вилоят маҳаллаларидаги кам таъминланганлар учун бошланган бундай ифторликлар Рамазонни янада файзли, тароватли ўтказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати