Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448
Янгиликлар

Хушхабар: Муфтий ҳазрат Подшоҳ Салмон номидаги ҳадис академиясига аъзо бўлдилар

08.01.2026   19530   2 min.
Хушхабар: Муфтий ҳазрат Подшоҳ Салмон номидаги ҳадис академиясига аъзо бўлдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари 2026 йил 5 январь куни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд номидаги Ҳадиси шариф академияси Илмий Кенгашига  аъзо бўлдилар.

Бу қувончли воқеа Янги Ўзбекистонда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро даражадаги юксак эътирофи бўлиб, Муфтий ҳазратларининг дин ривожи, уммат саодати ва халқлар ҳамжиҳатлиги йўлидаги хизматларига берилган юксак баҳодир.

Зеро, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби йирик ҳадис илми олимлари – буюк муҳаддислар заминидаги уламонинг Ислом оламидаги энг нуфузли муассаса ҳисобланган Ҳадиси шариф академияси аъзолигига қабул қилиниши ҳақли эътирофдир. Юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар натижасида, келгусида яна бухорийлар, термизийлар етишиб чиқади, инша Аллоҳ.

Ушбу халқаро академия Муфтий ҳазратлари аъзо бўлган олтинчи халқаро ташкилот бўлиб, бундан аввал  (https://www.forumforpeace.net/ar/home)Абу Даби тинчлик форуми (БАА, 2023 й.), Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (https://t.me/muslimuzportal/34021) (Қатар, 2023 й.), Мусулмон донишмандлар кенгаши (https://t.me/muslimuzportal/36463) (БАА, 2024 й.), Исломий фиқҳ академияси (https://t.me/muslimuzportal/37344) (Саудия Арабистони, 2024 й.) ва Ислом олами уюшмаси (https://t.me/muslimuzportal/37365) (Саудия Арабистони, 2024 й.) аъзолигига қабул қилинган эдилар.    

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, академия ҳадисларни жамлаш, таснифлаш, тадқиқ этиш, нашр қилиш ва мазкур йўналишларда ўқув дастурлари ва кадрлар тайёрлаш, анжуманлар, мусобақалар ўтказиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик қилишга эътибор қаратади. Шунингдек, ташкилот динда чуқур кетиш, мутаассиблик кабилардан қайтарaди ва мўътадилликка тарғиб этади.

Академия 2017 йилда Подшоҳ Салмон фармони билан ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Мадина шаҳрида жойлашган. Мазкур академия ва унинг ҳузуридаги Илмий Кенгашга Саудия Арабистони йирик Уламолар Ҳайъати аъзоси Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан Оли Шайх  раҳбарлик қилади.

Қайд этиш керакки, Муфтий ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги меҳнатлари самарасидир. Фаолиятларига оид батафсил маълумот билан қуйидаги ҳавола (https://muslim.uz/oz/e/post/44277-xalq-saodati-vatan-ravnaqi-va-din-rivoji-yo-lidagi-xizmatlar-mukofoti-2) орқали танишиш мумкин.

Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Ҳадиси шариф академиясидаги фаолиятларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   6757   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари