#xabar #samarqand #fatvo
Шу йилнинг 2–4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистондан келган фатво ҳайъати уламолари ва Туркий давлатлар ташкилоти Котибияти вакиллари иштирок этади.
Мазкур йиғилишда фатво ишлаб чиқиш ва диний масала сўрашда сунъий интеллект дастурларидан фойдаланиш масаласи, қабристонларга оид ҳукмлар, ижарага олинган ерларда етиштирилган маҳсулотлар ушрини ҳисоблаш ва бошқа турмуш ҳаётда юзага келган замонавий масалалар кўриб чиқилади.
Бугун, 2 февраль куни бошланган тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов очиб берди. Анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловатидан сўнг муваффақият тилаб хайрли дуо қилинди.
Меҳмонлар Самарқанднинг ислом цивилизацияси ва туркий дунё тарихида тутган ўрни, бу замин асрлар давомида уламоларни бирлаштириб келган маънавий марказ экани алоҳида эътироф этиб ўтишди.
Йиғилишда баъзи фиқҳий масалаларни замон ва макон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишга эҳтиёж борлиги таъкидланди. Жумладан, ер муносабатлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ушр ва закот ҳисоб-китоблари, шунингдек, янги технологиялар билан боғлиқ масалалар, айниқса, фатво олишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласи туркий давлатлар уламолари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Кўриб чиқилиб, қабул қилинадиган бундай қарорлар келгусида ушбу Фатво ҳайъати фаолиятини тизимли равишда давом эттириш, фиқҳий масалаларда яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деди.
Шунда у зот: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).