Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2026   |   12 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:07
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2026, 12 Сафар, 1448
Мақолалар

Рамазон – илоҳий чақириқнинг нурли садоси

19.02.2026   15253   4 min.
Рамазон – илоҳий чақириқнинг нурли садоси

Инсон баъзан дунё ташвишларидан узилиб, Роббига яқинлашишни истайди. Ана шундай яқинликни бахш этадиган улуғ ибодат – рўзадир. Рўза қадимдан давом этиб келаётган илоҳий амр бўлиб, мусулмонларга ҳам шу азалий ибодатнинг мукаммал шакли инъом қилинди.


Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги: Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди (Бақара сураси, 183-оят), ояти ила фарз бўлган.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар.


Рамазон – оддий вақт эмас. У Қуръон нозил бўлган, раҳмат эшиклари очилган, қалблар уйғонадиган муборак ойдир. Саҳарликнинг сокин баракаси, ифторнинг шукронали қувончи, кечалардаги ибодатларнинг нури мўмин қалбига алоҳида ҳузур бахш этади. Тонгдан қуёш ботгунча давом этадиган рўза бандага ҳар лаҳзада: “Мен буни Аллоҳ учун қиляпман”, деган шарафни эслатади.


Маълумки, рўза аввалги умматларга ҳам фарз қилинган эди. Ривоятларда насронийларга ҳам Рамазон рўзаси буюрилгани, аммо у оғир туюлгач фаслини ўзгартириб, кунларини кўпайтириб юборганлари зикр қилинади. Ислом эса рўзанинг асл ҳукмини сақлаб қолди. Рамазон қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар, мўмин уни муҳаббат ва итоат билан кутиб олади. Чунки ибодатнинг қадри қулайликда эмас, садоқатдадир.


Рамазон кирганда рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши лозим. Рўза тутган киши иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Бу амаллар орқали руҳлар покланади, қалблар юмшайди. Бу ойда масжидлар обод бўлади, Қуръон тиловати кўпаяди, садақалар зиёда бўлади. Инсон ўз нафсидан устун келиб, ҳақиқий маънавий эркинликни ҳис қилади. Ҳар саҳарлик – умид, ҳар ифтор – шукр, ҳар ибодат – илоҳий яқинлик лаҳзасига айланади. Энг оддий неъматлар ҳам қадрли бўлиб қолади. Рўза инсонни сабрга, шукрга, меҳрга ўргатади. Тилни ёмон сўзлардан, қалбни гуноҳнинг ғуборларидан поклайди. Бир сўз билан айтганда, Рамазон бандага Роббига яқинлашиш учун берилган энг бебаҳо имкониятдир.


Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир.


Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта, уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб динимизга зид ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак.


Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни қабул қилсин, қалбларимизни тақво билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин ва бизни Рамазон баракасидан тўлиқ насибадор айласин!


Ўткир ҒУЗАРОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сафaранома сабоқлари

24.07.2026   25795   1 min.
Сафaранома сабоқлари

Шоир Шаҳриёр Шавкатнинг Афғонистон сафарини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бордим. Сафар ҳақида газетада эълон қилинган икки-уч мақоладан ҳам хабардорман. Яқинда Шаҳриёрдан Телеграм иловамга шундай хабар келди: “Ассалому алайкум. Яхшимисиз? Сизга бир китоб атагандим, қаерга олиб борай?” Хабарни ўқиб, “Жадид” газетаси 2025 йилдаги энг сара мақолалар тўпламини нашр қилган чоғи”, деб ўйладим. Бироқ кейинги ёзишмаларданм “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” номли китоб нашр этилгани ойдинлашди. Муаллифга муборак, элга
манфаатли бўлсин!

Сўнги вақтда электрон китобларни афзал кўриб қолдим. Юки енгил, смартфонингиз ёнингизда бўлса – бас, кун, тун, қор, ёмғир, аномал иссиқ ё совуқни баҳона қилмай, хоҳлаган жойда ўқиб кетаверасиз. Бунинг устига ўзингизга маъқул алифбога ҳам ўгириб олишингиз мумкин. “Босмасини кейинроқ оларман, электрон варианти бўлса, ўшани ташланг”, деб ёздим Шаҳриёрга. Ташлаб берди. Иккиуч кун, ишдан сўнг уйга борганда уйқу олдидан ўқидим. Ва китобдаги ўзимни таъсирлантирган воқеалар, бошқаларни ҳам таъсирлантириши керак бўлган ҳодисалар ҳақида ёзгим келди...

 

Абдулҳамид Мухторов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Зиё" медиа маркази директори


Манба: “Жадид” газетаси

Газетани юклаб олиш учун
 

Мақолалар