Инсон баъзан дунё ташвишларидан узилиб, Роббига яқинлашишни истайди. Ана шундай яқинликни бахш этадиган улуғ ибодат – рўзадир. Рўза қадимдан давом этиб келаётган илоҳий амр бўлиб, мусулмонларга ҳам шу азалий ибодатнинг мукаммал шакли инъом қилинди.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги: “Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сураси, 183-оят), ояти ила фарз бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар.
Рамазон – оддий вақт эмас. У Қуръон нозил бўлган, раҳмат эшиклари очилган, қалблар уйғонадиган муборак ойдир. Саҳарликнинг сокин баракаси, ифторнинг шукронали қувончи, кечалардаги ибодатларнинг нури мўмин қалбига алоҳида ҳузур бахш этади. Тонгдан қуёш ботгунча давом этадиган рўза бандага ҳар лаҳзада: “Мен буни Аллоҳ учун қиляпман”, деган шарафни эслатади.
Маълумки, рўза аввалги умматларга ҳам фарз қилинган эди. Ривоятларда насронийларга ҳам Рамазон рўзаси буюрилгани, аммо у оғир туюлгач фаслини ўзгартириб, кунларини кўпайтириб юборганлари зикр қилинади. Ислом эса рўзанинг асл ҳукмини сақлаб қолди. Рамазон қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар, мўмин уни муҳаббат ва итоат билан кутиб олади. Чунки ибодатнинг қадри қулайликда эмас, садоқатдадир.
Рамазон кирганда рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши лозим. Рўза тутган киши иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Бу амаллар орқали руҳлар покланади, қалблар юмшайди. Бу ойда масжидлар обод бўлади, Қуръон тиловати кўпаяди, садақалар зиёда бўлади. Инсон ўз нафсидан устун келиб, ҳақиқий маънавий эркинликни ҳис қилади. Ҳар саҳарлик – умид, ҳар ифтор – шукр, ҳар ибодат – илоҳий яқинлик лаҳзасига айланади. Энг оддий неъматлар ҳам қадрли бўлиб қолади. Рўза инсонни сабрга, шукрга, меҳрга ўргатади. Тилни ёмон сўзлардан, қалбни гуноҳнинг ғуборларидан поклайди. Бир сўз билан айтганда, Рамазон бандага Роббига яқинлашиш учун берилган энг бебаҳо имкониятдир.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта, уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб динимизга зид ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак.
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни қабул қилсин, қалбларимизни тақво билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин ва бизни Рамазон баракасидан тўлиқ насибадор айласин!
Ўткир ҒУЗАРОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг Корея Республикасининг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган 48-сессиясида юртимиз учун хайрли ва қувончли янгилик эълон қилинди. Унда "Тошкент модернизм меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар" миллий номинацияси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига расман киритилди.
Шу тариқа, пойтахтимиз Тошкентнинг XX аср иккинчи ярмига оид 10 та ноёб ва муҳташам меъморий иншооти халкаро миқёсда эътироф этилди.
Сессияда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси делегацияси иштирок этди. Бу юксак натижа давлатимиз томонидан миллий, тарихий ва маданий меросимизни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ҳамда дунёга кенг тарғиб этишга қаратилаётган хайрли сиёсатнинг намунасидир.
Жаҳон мероси рўйхатидан ўрин олган ноёб бинолар:
- “Марварид” турар жой биноси;
- Ўзбекистон тарихи давлат музейи;
- “Халқлар дўстлиги” санъат саройи;
- Ўзбекистон давлат санъат музейи;
- Тошкент давлат цирки;
- Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали;
- Ўзбекистон кино саъат саройи;
- “Эски Жўва” (Чорсу) бозори;
- “Космонавтлар” метро бекати;
- “Қуёш” гелиокомплекси.
Ушбу меъморий ёдгорликлар замонавий муҳандислик ғоялари ҳамда Марказий Осиё ва шарқона миллий меъморчилик анъаналарининг юксак бадиий уйғунлигини ўзида мужассам этгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Уларнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши юртимиз меъморий меросининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, уларни асл ҳолича муҳофаза қилиш, тарихимиз ва қадриятларимизни келажак авлодларга бекаму кўст етказиш борасида улкан масъулият юклайди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раиси Гаянэ Умерованинг таъкидлашича, бу тарихий қарор мамлакатимизнинг замонавий меъморчилик хазинасини жаҳон саҳнасида муносиб ўринга қайтариш билан бирга, уларни энг юқори профессионал даражада асраш ва парваришлаш вазифасини ҳам тақозо этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати